Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, малакали таълим-тарбия олишлари учун муносиб шароитларни яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ ёшлар кўплаб ютуқларни қўлга киритиб, юқори натижаларга эришишмоқда. Албатта, бу борада нодавлат таълим муассасаларининг ўрнини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бугун Косонсой туманида Ёшлар ойлиги доирасида С.Шеърозий маҳалласида "Беруний" нодавлат таълим марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.Унда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этиб, мамлакатимизнинг келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялашда таълим марказларининг ҳам ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун, “Беруний” ўқув марказида Президент мактабларига ҳам махсус тайёрлов курслари йўлга қўйилган.

7 мингга яқин педагог-кадрни янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга ишга қабул қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда АОКАда Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, агентлик тизимида янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга ўқитувчилар 3 босқичли саралаш асосида (ҳужжатлар қабули, тест ва суҳбат) ишга қабул қилинади.

Маълум қилинишича, 20 апрелдан 20 майга қадар job.piima.uz сайти орқали онлайн равишда 32 476 та ҳужжат қабул қилинди.

Тест имтиҳонлари 11 июндан бошланади. Унда ҳар бир номзодга ўзи танлаган фан доирасида тест саволлари берилади. Иккинчи босқичга ўтган ўқитувчиларнинг телефон рақамига ва электрон почта манзилига имтиҳон ўтадиган сана, манзил ва вақти ҳақида маълумотлар юборилади.

Имтиҳонлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг test.tdi.uz сайти орқали онлайн бўлиб ўтади.

Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сонли “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Косонсой туман Халқ таълими бўлимига қарашли 52-ДИУМ негизида ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш белгиланган.

Вилоят ҳокимлигининг тегишли тадбирлар режасига асосан, "Ishonch Building" қурилиш корхонаси томонидан таъмирлаш ва замонваий кўринишга келтириш ишларига старт берилди.

Бу йил Косонсой туманида 165 та фермер хўжалиги томонидан 6170 гектар майдонда ҳудуд иқлимга мос буғдой навлари парваришланди. Пишиб етилган мўл ҳосилни талофатсиз, тез ва сифатли ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига топшириш мақсадида юқори унумли комбайнлар ва бошқа зарурий воситалар тахт қилиниб, мавсум учун зарур шароитлар яратилди.

Бугун "Қуқумбой" ММТП ҳудудидаги "Себча булоқ" фермер хўжалигида ғалла ўримига киришилди. Шу муносабат билан эрта тонгда эҳсон дастурхони ёзилди. Косонсой тумани ҳокими, сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар, соҳа масъуллари, нуронийлар иштирокида дуои фотиҳа қилиниб, хирмонга барака тиланди. Ўрим олди тадбирида Президентимиз томонидан соҳадаги янгиланишлар ва халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ислоҳотларнинг янги босқичи бошлангани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, "Тошлоқсой олтин толаси", "Ертикан ёғдуси", "Мард ўғлон чашмаси", "Наманган пахта текс" фермер хўжаликларида ҳам ғалла ўримига старт берилди.

Юртимизда сўнгги кунларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласи долзарблик касб этмоқда.

Бугун, 8 июнь куни Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор ишчи гуруҳ вакиллари марказий деҳқон бозорида бўлиб, савдо расталарида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда нон маҳсулотлари нархларини ўргандилар.

Хусусан, туман марказидаги Деҳқон бозорида ярмарка ташкил этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган нархда сотилаётганлигини кўздан кечиришди.

Шунингдек, аҳолини кунлик истеъмолидаги ун, нон, ўсимлик ёғи, гўшт, гурунч, картошка каби маҳсулотларнинг нархи ошиб кетмаслиги бўйича сотувчиларга тушунтиришлар берилди.