Янгиликлар
2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 19 сентябр куни Косонсой туманида «Янги нафас» лойиҳаси асосида «Save Aral», яъни «Оролни қутқарамиз» шиори остида оммавий югуриш тадбирлари ўтказилди.Унда Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Юсупов, вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуритдинов, Паралимпия ўйинлари кумуш ва бронза медали соҳиби Нурхон Қурбоновалар иштирок этишди. Тадбирда 7 ёшдан 70 ёшгача беш минг нафарга яқин иштирокчилар фаол қатнашиб, 3 км. масофани босиб ўтишди. Оммавий югуриш марафони байрамона руҳда ўтиб, унинг якунига кўра, ғолиб ва совриндорлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида бўлиб ўтадиган Республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар турли номинациялар бўйича совғалар билан тақдирланишди.
Туманимизда бу йил 3955 гектар майдонда пахта етиштирилди. Гектаридан 28 центнердан 11028 тонна ҳосил топшириш режалаштирилган.
Ва ниҳоят орзиқиб кутилган кун келди: бугун теримга расман старт берилди. Нуронийлар, фермерлар хирмонга барака тилаб, дуои фотиҳа қилишди.
Пахта ортилган карвонлар туман бўйлаб карнай-сурнай садолари остида йўлга чиқиб, “Наманган пахта текс” МЧЖга қарашли пахта тозалаш заводига етиб келди. Бу ерда қурбонлик сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.
“Калбува ҳосили”, “Қуқумбой ғаллачилиги”, “Зафар Муҳаммаджон чорваси, “Дўстлик олмазор пахтаси”, “Чорбоғ оқ олтини” фермер хўжаликлари туманда биринчилардан бўлиб “Наманган пахта текс” МЧЖ ихтиёрига дастлабки ҳосилни топширдилар. Бу илғорларга туман ҳокими Баҳодир Юсупов ҳамда кластер раҳбари Лутфулло Эгамбердиевлар эсдалик совғаларини топширишди.
Бугун, Косонсой тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича Косонсой туман инспекцияси, Ободонлантириш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК, Ички ишлар бўлими, шунингдек, кенг жамоатчилик иштирокида Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан экологик акция ўтказилмоқда.Тадбир жараёнлари эрта тонг соат 8:00 да Косонсой туманидаги селхона олдида сафланиш билан бошланди. Шу ерда акция иштирокчиларига махсус футболкалар ва қўлқоплар тарқатилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари экологик акция ўтказиш жойига (“Боғишамол” ҳамда “Ўрикзор” йўлидаги селхона ичи ҳамда атрофларида тозалов ишларини олиб боришмоқда. Барча тадбир иштирокчилари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда қўлларда санитар қўлқоплар ёрдамида атрофни чиқиндилардан тозалаш, тўплаш, қопларга жойлаштириш ва махсус техникаларга юклаш ишларини бажаришмоқда. Шунингдек, сув пуркагич автомошинасида йўл бўйидаги манзарали дарахтлар чанг ва ғуборлардан тозаланмоқда.
Бугун Косонсой туманида узумчиликни янада ривожлантириш мақсадида вилоят семинари ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, Косонсой туман ҳокими Баҳодир Юсупов, сектор раҳбарлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этишди.
2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сонли қарорга асосан фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, узумчилик кластерлари томонидан янги узумзор барпо этиш лойиҳаси доирасида қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган вилоятида узумчиликка ихтисослаштирилган Косонсой, Чуст, Янгиқўрғон, Чортоқ, Поп туманларида 3000 гектардан ер майдонида томчилатиб суғориш технологиялари асосида узумзорлар барпо этилади.
Тадбирда саноатбоп токзорлар учун ажратиладиган субсидиялар, узумчилик тармоғининг такомиллашуви ва истиқболи хусусида фикрлар алмашилди. Ушбу лойиҳа бир қатор истиқболли режаларга асосланган бўлиб, энг асосийси, янги иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилиб, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Бирлашган Aраб Aмирликларининг «Dubai Future Foundation» фонди томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини истиқбол сари ташланган муҳим стратегик қадам, деб бемалол айтиш мумкин. Ўтган муддат ичида «Наманганда вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган IT-Park оператив бошқарувидаги 13 та IT-school фаолият кўрсатмоқда. Тўққиз ойлик таҳлил натижаларига назар ташласак, Наманган ёшларининг салоҳияти ва вилоятдан етишиб чиққан дастурчи-устозлар тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда катта натижаларга эришмоқда. Туманлардаги IT соҳасига ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд умумтаълим даргоҳлари учун таянч нуқта вазифасини бажармоқда. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенг тарғиб қилиш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 15-21 сентябрь кунлари туманларда семинарлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири бугун Косонсой туманида ўтказилди.
Ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги АКТ ривожлантириш маркази раҳбари Бахтиёр Ахунбабаев, Косонсой туман ҳокими ўринбосари Алишер Шералиев ҳамда “IT-Park” вилоят филиали раҳбари Муҳаммадали Убайдуллаевлар иштирок этишди.











