Ободлик, покизалик бор жойда файзу барака бўлади. Кўчалар қанча обод ва кўркам бўлса, дов-дарахтлар яшнаб, гуллар чирой очиб, гуллаб турса, кишига ўзгача ҳузур ва кайфият бағишлайди.

Бугун ҳам одатдагидек орасталик посбонлари — ободонлаштириш ишчилари эрта тонгдан ҳудудларда тозалов ишлари олиб боришди, атроф-муҳитни поклаш, орасталик бизнинг қон-қонимизга сингиб келаётган қадриятлардан бири, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Косонсой туман ободонлаштириш бошқармасининг Ботирхон Бобохонов бошчилигидаги жамоаси ҳам ана шу эзгу ният йўлида тинмай меҳнат қилмоқда. Кўчаларни супураётган, гулларга сув қуяётган, чиқиндиларни тўплаб, йўлларни обод қилаётган бу соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар қанча қадрласак, уларни эъзозласак, шунча кам.