Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ташаббуси билан жорий йилнинг 16 август санасида Косонсой туман ҳокимлиги биносида тумандаги барча давлат органлари ва ташкилотларида фаолият олиб борадиган раҳбар ҳамда масъул ходимлар учун тарғибот семинари ташкил этилди.

 

Семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали масъул ходимлари Ж.Эргашев ҳамда И.Абдуллажоновлар 4 август санасида Президент ҳузурида бўлиб ўтган “Давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорликни таъминлаш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди. Шунинг билан бирга, 8 августда юртбошимиз томонидан имзоланган, узоқ кутилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги, мазкур қонун билан давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ-мажбуриятлари, вазифалари ҳамда уларнинг мақоми аниқ белгилаб берилганлиги таъкидланди.

 

Семинар давомида иштирокчиларга тарғибот гуруҳи томонидан қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг кенг тарғиб этишга қаратилган тақдимот орқали тушунчалар берилди.

 

Тарғибот семинари иккинчи қисмида филиали маъсул ходими Ж.Эргашев томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимлари учун ўтказилаётган очиқ мустақил танлов жараёни суҳбат босқичини самарали ташкил этиш ҳамда бу жараёнда ҳар бир ташкилотдаги суҳбат комиссия аъзолари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлили, очиқ мустақил танловларни адолатли ҳамда шаффоф ўтказишда суҳбат босқичини тўғри ташкил этишнинг муҳимлиги юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.

 

Семинар иштирокчилар билан очиқ мулоқот, савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахассислардан керакли жавоблар олишга муваффақ бўлишди. Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан ҳар бир семинар иштирокчисига давлат хизматчиси сифатида қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида ҳам кенг тарғиб қилиш борасида керакли услубий материаллар ҳамда тавсиялар берилди.