Маълумки, бир неча йиллик чекловлардан сўнг, 2022 йил Ҳаж зиёратига йўл очилди.Очилганда ҳам, пандемиядан аввалгига қараганда квоталар қарийб 4 минг нафар, яъни 52 фоизга кўпайди. Албатта, бу давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон аҳолисига берилган имкониятларининг самараси бўлди.
Бу йил Ҳаж сафарига Наманган вилоятидан 1301 нафар фуқаро борса, уларнинг 81 нафарини косонсойлик ҳожилар ташкил этади.
Қайд этиш жоизки, бўлғуси ҳожиларга Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитларга эга меҳмонхоналар хизмат кўрсатиб, тажрибали ишчи гуруҳ ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қиладилар.
Ҳаж сари қадам қўяётган ҳамюртларимизнинг кўзларида қувонч, тилларида шукроналик. Барча муборак сафар тараддудида, муқаддас заминга ошиқмоқда.
Ҳаяжонли, орзулар ушалган дамларда Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган ҳамюртларимиз эсон-омон муборак қадамжоларни зиёрат қилиб келишни Аллоҳдан сўраб, хайрли дуолар қилишаётган бўлса, кузатишга чиққан яқинлари Каъбатуллоҳга бориш уларга ҳам насиб этишини ният қилмоқдалар.
Косонсой тумани бош имом-хатиби Қодирхон Азизов раҳбарлигида 61 нафар фуқароларимизни муқаддас Ҳаж зиёратига жўнатиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров, сектор раҳбарлари, имом-хатиблар иштирок этиб, бўлажак ҳожиларимизга эсон-омон муборак қадамжони зиёрат қилиб келишларини тилаб дуога қўл очдилар.






