Қўчқорова Ирода Содиқовна вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У 1967 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. Наманган давлат педагогика институти (ҳозирги Наманган давлат университети) ва Наманган муҳандислик қурилиш институтини тамомлаган. Мутахассислиги рус тили ўқитувчиси ва менежмент. Иш фаолиятини Поп туманидаги 23-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик вилоят ва Мингбулоқ туман ёшлар қўмитаси, Халқ демократик партияси туман кенгаши, туман ва вилоят ҳокимлигида турли масъулиятли вазифаларда меҳнат қилган. У тайинловга қадар вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.