“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га ҳамоҳанг Наманган вилояти халқ қабулхонаси ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан Косонсой туманида “Бир кўча бир хонадон” тамойили асосида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Косонсой туманида марказдан олис, шароити оғир ҳудудлар танлаб олинмоқда.

Хусусан, “Ободон” маҳалласи қўшни Қирғизистон Республикасининг билан чегарадош. Мавжуд 611та хонадонда яшовчи 3 минг 460 нафардан зиёд аҳоли деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан машғул. Маҳалланинг “Диёр” кўчаси ёзда чанг, қишда лой, умуман талабга жавоб бермайди. Вилоят ва туман мутасаддилари ҳамда тегишли тузилмалар ҳамкорлигида кўчани шағаллаш, шу ҳудуддан оқиб ўтувчи “Чуст канали” қирғоқларини эса ободонлаштириш ишларига киришилди. 30 дан ортиқ техникалар, 100 нафарга яқин йўлсозлар ва турли соҳа вакиллари аҳоли билан бир жону бир тан ҳашарга отландилар. Қисқа вақт ичида дарахтларга шакл бериш, оқлаш, ободонлаштириш натижасида мазкур кўча янгича қиёфага кирди.