🔹 Бугун Президентимиз раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий масаладан ташқари, ёшлар сиёсати билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.
Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Ушбу ёрдамчилар «ёшлар дафтари» ва ёшлар дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини таъминлаш, маҳалладаги ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ёшларнинг бўш вақтини, айниқса, Бешта муҳим ташаббус доирасида мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш масалалари билан шуғулланади.
«Жорий йилда ёшлар билан ўтказилган учрашувларида ёшлар сиёсати бўйича устувор йўналишлар ва жуда катта марраларни белгиладик. Ёшлар бўйича маҳаллагача тушадиган вертикал тизим яратамиз», деди давлатимиз раҳбари.






