Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Косонсой туманида амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш ишлари ва тегишли ҳужжатлар ижроси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Президентнинг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон ва ПҚ-111-сон қарорлари ҳамда мазкур қарорлар асосида ишлаб чиқилган “йўл хариталари” ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабат муҳитини шакллантириш, бу борада самарали профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш давомида “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддилар иштирокида йўл харитасида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди. Хотин-қизлар, ишсизлар ва муқаддам судланган шахслар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Муҳокама якунида масъул идоралар раҳбарларига белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ кўрсатма ва вазифалар юклатилди. Уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Ўрганиш ва таҳлил ишлари белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.