Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 18 октябрда қабул қилинган “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-977-сонли Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонуннинг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари:
Фуқаролик ишлари бўйича судларга,
тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан;
болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги, уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болаларни ота-оналаридан уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этмасдан олиб қўйиш ҳақидаги, шунингдек, агар ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ота-оналарнинг ўз болалари билан биргаликда яшаши мумкин эмас деб белгиланса, уларни бошқа турар жой бермасдан кўчириб юбориш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Маъмурий судларга,
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган аризалар ва шикоятлар юзасидан судга мурожаат қилинганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Мазкур Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
Равшан Ражабов,
Косонсой тумани "Инсон" ижтимоий
хизматлар маркази ҳуқуқий масалаларда
эксперт маслаҳатчиси






