Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган Косонсой туманидаги «Нурли маскан» мактаб-интернати болажонлари учун Янги йил байрами ўзгача қувонч билан нишонланди.
Наманган вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосарлари ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирокида ташкил этилган байрам тадбирида «Нурли маскан» ўқувчилари, тарбиячи-ўқитувчилари ва болажонларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар болажонларни кириб келаётган янги 2025 йил билан самимий қутлашди.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари ҳамда туман сектор раҳбарлари томонидан ҳар бир болажонга байрам совғалари тақдим этилди. Байрамона куй-қўшиқлар, бадиий чиқишлар, жозибали рақслар даврага янада кўтаринкилик бағишлаб, дунёни қалб кўзи билан кўраётган кўплаб болажонларнинг қалбига шодлик улашди. Бундан ташқари эстрадамиз ёрқин юлдузи Нурзида Исаева ҳамда таниқли актёр Дилшодбек Каттабековларнинг ташрифи болажонларга олам-олам қувонч улашди.
Тадбир сўнггида таълим масканида таҳсил олаётган 243 нафар болажонларга Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси, Косонсой туман ҳокимлиги ҳамда туман ички ишлар бўлими ҳомийлигида Янги йил байрам совғалари улашилди. Бундан ташқари, Косонсой туманидаги NIS (Namangan International School) жамоаси томонидан ҳам байрам совғалари топширилди.
Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.






