Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Косонсой туманида ҳам Янги йил байрами кўтаринки кайфиятда нишонланяпти.

Хусусан, бугун Косонсой туманида 51 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, Ватанимиз тинчлиги йўлида мардларча ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун Президент совғалари туҳфа қилинди.

Тумандаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган тадбирда Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова болаларни Янги йил билан табриклаб, уларга эзгу тилаклар билдиришди.

Шундан сўнг, туман сектор раҳбарлари томонидан барча таклиф этилган болажонларга “Президент совғаси” топширилди.

Шунингдек, бир қатор болажонларга “Президент совғаси” туман сектор раҳбарлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси шўъба мудири Б.Алимов ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан манзилларга бориб тақдим этилди.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати