Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси ва ишончли ҳамкоридир. Икки халқнинг тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бугунги кунда ҳам қардошлик муносабатлари, самимий дўстлик ва яхши қўшничиликка мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, бугун қўшни Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Ола-буқа ҳамда Ахси туманлари ҳокимлари Руслан Айтбаев ва Замирбек Сыдыковлар бошчилигидаги делегация Янги Наманган туманида бўлиб ўтган 2-халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалари кўргазмасида иштирок этишди. Тадбирдан сўнг меҳмонлар Косонсой туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигида Косонсой туманига ташриф буюришди. Мақсад Ола-буқа ҳамда Ахси туманлари билан Косонсой тумани ўртасида қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ўзаро ижтимоий-иқтисодий, туризм, қишлоқ хўжалиги, спорт, маданий, сармоявий, илмий-техникавий алоқаларини ўрнатиш каби масалар бўлди.

Ўз навбатида икки туман ҳокимлари Наманган вилояти, хусусан Косонсой тумани ҳақида илиқ фикрларни билдириб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишди. Самимий ва дўстона тарзда ўтган суҳбат чоғида ҳар икки томон ҳудудлараро алоқаларни янада мутаҳкамлаш учун кўп имкониятлар борлигини эътироф этдилар.

Мартабали меҳмонларга миллий урф-одатларимизга биноан чопон кийдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.