Бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш учун авваламбор, ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш зарур ҳисобланади. Жумладан, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам корхоналар сонини кўпайтириш учун тизимда мавжуд муаммоларга барҳам бериш талаб этилади. Бу саъй-ҳаракат ўз навбатида, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу жиҳатдан Косонсой туманида "NAMANGAN PAXTA TEKS" МЧЖ фаолият бошлагани муҳим аҳамиятга эга.

Қайд этиш жоизки, жамият томонидан жорий йилги ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 30 млрд. сўм маблағ эвазига ёғ-мой ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш режалаштирилган эди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллик байрами арафасида ушбу йирик лойиҳа ўз фаолиятини бошлади. Бунинг натижасида 110 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди.

— Лойиҳамиз ишга туширилиши натижасида йилига 18 минг тонна чигитни қайта ишлаб, 3500 минг тонна сифатли ёғ, 9,5 минг тонна шрот, 5,5 минг тонна шелуха ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади, — дейди "NAMANGAN PAXTA TEKS" МЧЖ раҳбари Лутфулло Эгамбердиев.

Корхонанинг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбир катта тантанага айланди. Тадбирда туман сектор раҳбарлари, жамият ишчи-ходимлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар мазкур завод аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш, бозорларни рақобатбардош, сифатли халқ истеъмол моллари билан тўлдиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб, йиғилганларни ушбу корхонанинг ишга туширилиши муносабати билан қутлашди.

Йиғилганлар корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш имкониятлари, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.