Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 33 йиллиги Косонсойда ҳам кенг нишонланди
▫️Мустақил давлатчилигимиз рамзларидан бири бўлган байроғимиз ўзида Ватанимиз ўтмиши ва бугунининг муҳим қирраларини акс эттиради. Юрт байроғига нисбатан ҳурмат туйғусини юксалтириш, унинг улуғворлик касб этувчи моҳият мундарижасини англаш барчамиз учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Косонсой туманида ҳам миллий юксалишни ўзида мужассам этган, улуғвор Ватан тимсоли, мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 33 йиллиги "Миллат байроғи!" шиори остида кенг нишонланди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Миллий гвардия иштирокидаги автокарвон ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари давлат байроғи билан марказий кўча бўйлаб, тантанали юриб ўтдилар.
Шунингдек, туман марказида ўрнатилган улкан байроқ олдида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллиги билан барчани табрикладилар.
Таъкидланганидек, муқаддас туғимиз энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, жаҳон ареналарида, нуфузли спорт мусобақаларида баланд кўтарилиб, Янги Ўзбекистоннинг чинакам бўй-бастини намоён этаётгани барчада ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Ёш ижодкорлар томонидан куйланган ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.






