Косонсой нафақат бетакрор табиати, балки бир неча минг йиллик тарихи, қадимий ўтроқ деҳқончилик маданиятига хос хусусиятларни ҳамда турли миллат вакилларининг кўп асрлик бой миллий қадриятларини ўзида мужассам этган юрт сифатида ном қозонган. Ўзининг буюк алломалари билан башарият тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган.

 

Давлат раҳбарининг 2024 йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Косонсой туманининг 3 минг йиллик юбилейини ўтказиш масаласини атрофлича ўрганиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси белгилаб берилди.

Мазкур топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида Косонсой туманининг 3 минг йиллик тарихини  ўрганиш ва асослаш мақсадида, таниқли олимлар, профессорлар, тарихчилар иштирокида ноаънанавий тарзда ишчи гуруҳнинг илк маслаҳатлашув  йиғилиши ўтказилди.

 

Ўрганишлар жараёнида Косонсойнинг фахрлари ҳисобланадиган йирик олимлар  Махдуми Аъзам Косоний ўз замонасининг муҳтарам зотларидан бири бўлганлиги, У зотни Мирзо Бобур ва бошқа шоҳ ва шаҳзодалар ўзига пир тутганлиги, Махдуми Аъзам ҳазратларидан “Танбеҳ ус-салотин” ва бошқа кўплаб асарлар мерос бўлиб қолганлиги маълум бўлди. 

 

Шунингдек, “Малик ул-уламо” унвони соҳиби бўлган Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний Моварауннаҳр фиқҳ мактаби вакилларидан бири ҳисобланганлиги, У зотнинг “Бадоеъ-ус саное” асари маърифат аҳли учун мерос бўлиб қолганлиги маълум бўлди. Ўрганишлар давом этмоқда. Албатта, ишчи гуруҳ томонидан Косонсойдан етишиб чиққан, дунё тамаддунига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган алломаларнинг илмий мерослари кенг ўрганилади ва тадқиқ қилинади.

 

Дилмурод Қодиров,

Косонсой тумани ҳокими