Мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, хусусан, ногирон, ёлғиз яшовчи кексалар, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда ногирон болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга асосан, Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
2023 йил 15 октябрдан бошлаб дастлаб 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ижтимоий хизматлар, ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими яратилди.
Жорий йилдан бошлаб мазкур тизим бутун мамлакатимиз бўйлаб ишлай бошлади.
Ўтган йил 15 октябрдан бошланган экспериментда Косонсой тумани ҳам алоҳида танланиб, “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази вилоятда биринчи бўлиб ташкил этилди. Марказда катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш, ногиронлар билан ишлаш, маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий тўловлар шуъбалари фаолият кўрсатади.
Айтиш жоизки, ўтган қисқа вақт давомида Косонсой туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази самарали фаолият юритиб, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган хизмат ва ёрдамларни бир нуқтада кўрсатишда чинакам кўприк вазифасини бажармоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига 60 дан зиёд хизматларни маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар билан биргаликда, маҳалла даражасида мақсадли ва манзилли ташкил этиш ишларини олиб борилмоқда.
Йил бошидан ижтимоий ходимлар томонидан ҳар бир хонадон аҳволи ўрганилди.
Ҳар бир масалага профессонал ёндашиш асосида қисқа муддат давомида маҳаллалардаги 24 нафар ижтимоий ходимлар томонидан 953 та кейслар очилиб, комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 596 нафар мухтож шахслар учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратиш бўйича аризалар киритилиб, маблағлар тўлаб берилди.
Шунингдек, марказ операторлари ва ижтимоий ходимлар томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича жами 8 минг 273 та аризалар киритилиб, тегишли хизматлар кўрсатилган.
Йил бошидан 151 нафар муҳтож шахслар реабилитация техник воситалари, 61 нафар шахслар протез-ортопедия маҳсулотлари билар таъминландилар.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишлар ташкил этилиб келинмоқда. Жумладан, тумандаги 53 нафар ногиронлиги бўлган шахслар параспортга жалб этилган бўлса, 56 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини тарғиб этиш натижасида, икки минг нафар фуқаролар солиқ, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишидаги имтиёзлардан фойдаланиб келмоқдалар.
Марказда 2024 йил бошидан жами 350 нафар якка-ёлғизлар ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган бўлиб, уларга марказ томонидан сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Агентлик тизимидага санаторийларга йўлланмалар беришнинг янгича тизими орқали мингга яқин шахслар навбатга қўйилган бўлса, 447 нафар имтиёзли тоифадаги шахсларга йўлланмалар шаклланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 ноябрдаги 596-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, туманимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бундай ишлар жадаллик билан давом этмоқда. Энг муҳими Давлат раҳбари томонидан яратиб берилган халқчил тизим орқали фуқароларимизнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлмоқда.
А.Шералиев,
Косонсой тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари






