Сиз бозор деганда нимани кўз олдингизга келтирасиз? Нархни туширолмай жони ҳалак харидор-у, молини икки танга қимматроққа сотиш илинжидаги савдогарними? Ҳамма нарса чиройли териб қўйилган замонавий супермаркетни хаёл қилсангиз ҳам ажабланмаймиз.
Айрим савдогарларнинг эса хаёлида бундай эмас. Пала-партиш раста ва ёймалар, пиёдалар ва автомашиналар ҳаракатига халақит берадиган савдо шахобчалари - буларнинг барчаси Косонсой деҳқон бозори билан туташ А.Жомий номли маҳалланинг “Қалъа” кўчасида мужассамлиги аччиқ ҳақиқат.
Ўзбошимчалик билан жойлаштириб олинган савдо расталари, тартибсиз ёймалар нафақат харидорларнинг, балки, Худо кўрсатмасин ёнғин содир бўлганда ўт ўчириш машинасининг ёки тез ёрдам хизматининг ҳаракатини имконсиз қилиб қўяди.
Ушбу хунук ҳолатни олдини олиш мақсадида Косонсой тумани ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор масъуллар Косонсой деҳқон бозорида бўлиб, “Қалъа” кўчаси ҳудуддаги ҳолатни кўздан кечиришди.
Бугун бозордаги ноқонуний савдо-сотиқ ҳамда ўзбошимчалик билан тиклаб олинган қурилмалар тартибга келтирилиб, бозор ҳудуди ободонлаштирилмоқда.Шунингдек, масъул ташкилотлар томонидан санитария ва тозалик, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш талабларига мувофиқ шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда.






