Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил – маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин. Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.

Маъмурий суднинг қарорига асосан туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 139-моддаси биринчи қисмига кўра, туҳмат у учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жиноий қилмиш дея баҳоланади. Бунинг учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жазо қўлланилиши мумкин.

Агар туҳмат қилиш нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган бўлса, бу қилмишни ва унинг учун жавобгарликни янада оғирлаштиради. Бундай ҳолатда  бир йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан қўлланилиши мумкин.

Шунингдек Саволингизда ҳақорат қилиш учун ҳам жавобгарликни сўрагансиз.

 МЖтКнинг 41-моддасида  Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодекси  140-моддаси биринчи қисмида  Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса -  базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.. Мазкур модданинг  иккинчи қисмида  Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.. 

Наманган вилояти Адлия бошқармаси Косонсой туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи

                                               Ф. А.Ғофуров