Хабар берганимиздек, вилоятимиздаги марказий ҳамда маҳаллий ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлардан бир гуруҳи дам олиш кунларида пахтазорга чиқиб, вилоят хирмонига ҳисса қўшиш ташаббусини илгари сурган эдилар.
Бугун Наманган медиа соҳаси вакилларидан иборат 50 нафарга яқин ҳашарчилар Мингбулоқ туманидаги "Файзимуҳаммад ота Ч" фермер хўжалиги далаларида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиштириб олишга кўмаклашмоқдалар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳашарчиларни йўқлади.
Дала шийпонида медиа соҳаси вакиллари билан самимий мулоқот ўтказилди. ОАВ ходимлари мавсум давомида терим жараёнларини кенг ёритиш орқали вилоятнинг улкан хирмонига муносиб улуш қўшиш режалари билан ўртоқлашдилар.
Тушликдаги дам олиш вақтида ўтказилган маданий тадбир, хусусан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳё Мўминовнинг дилрабо қўшиқлари ҳашарчилар кайфиятини янада кўтарди.






