Ассалому алайкум, қадрли ота-оналар!

Сиз ота-оналар ва биз ўқитувчиларнинг мақсадларимиз бир, фарзанд тарбияси, соғлом  бўлиши, унинг дунёқараши ва билим олишига барчамиз маъсулдирмиз. Афсуски ҳозирги кунда болаларимизни эркалатиб, айтганини қилиб, қўлига телефон бериб, чўнтагига  ортиқча пул солиб, компьютер хоналарда ва турли кўнгилочар жойларда, боғларда ва ўзи хоҳлаган жойларда юришига йўл қўйиб беряпмиз.

 

Оилада бир дастурхон атрофида ўтириб фарзандларимизга чиройли насиҳатлар қилиб, уларни меҳнатга эгишимиз, каттага ҳурматда бўлиш, жамоат жойларида ўзини тутиши, келажакдаги масъулияти ҳақида гапириб, яқиндан, юракдан суҳбатлашиш кераклигини айтиб ўтмоқчимиз. Бола оиласини, ота-онасини яхши кўрса, яқинларига, дўстларига, маҳалласи, ўзи яшаётган муҳитини, билим олаётган даргоҳини, устозларини ва ватанини яхши кўради. Инсон билимли бўлса-ю ватанпарвар бўлмаса, ундай одам жамиятимиз учун  хавфли ҳисобланади. Ҳар бир фарзандларимизни оиласини, ота-онасини, яқинларини, дўстларини, маҳалласи ва ватанини севишга, уларни ардоқлашга ва ҳимоя қилишга  ўргатиш сиз ва бизнинг асосий вазифамиздир. Бунда биз ўзимиз ўрнак бўлайлик, нима яхши-ю нима ёмон, қайси йўлдан борса, келажаги тўғри, чиройли бўлишини тушунтириб, ўзимизни мисол қилиб кўрсатайлик. Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!

 

Бизни таълим муассасамизни томомлаб ҳозирга ўрнак қилиб, кўрсатса бўладиган кўплаб собиқ битирувчиларимизни мисол қилиб, айтишимиз мумкин. Булардан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги хорижий лойиҳалар ишлар бўйича масъул Шавкат Жабборов, Ўзбекстон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими, Косонсой туман ҳокимининг ўринбосари Алишер Шералиев, Косонсой туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Жобирхон Мамадалиев, Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Рустамхон Темиров, Вилоят ИИБ ходими полковник  Бобир Акрамовларни мисол қилиб, кўрсатишимиз мумкин.

 

Фарзандларимизни билимли ва маънавиятли қилиб, маърифатга етаклаб, жаҳолат йўлини тўсайлик. Президентимиз ёшларга бераётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, билимли, юксак маънавиятли, ватанпарвар қилиб тарбиялашга эътибор қаратайлик. Сиз ота-оналардан қуйидаги масалаларда ёрдам беришингизни сўраб мурожаат қилмоқдамиз:

 

  • Фарзандингизнинг тартиб-интизомига алоҳида эътибор беринг, улар билан кўпроқ вақт ўтказиб, келажакдаги орзу-мақсадлари ҳақида суҳбатлашинг.
  • Болаларингизнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда турли фан ва спорт тўгаракларига жалб қилинг. Вақтни турли зарарли одатлар, компьютерхоналарида ўтказишига йўл қўйманг.
  • Таълим муассасасига ўз вақтида, кийиниш маданиятига, озодаликка риоя қилган ҳолда келишини назорат қилинг.
  • Ўқувчиларни мактабга ўқув қуроллари билан, ҳар бир фан мавзуларини тўла ўзлаштиришлариб, уй ишларини тўлиқ ҳолда бажариб келишларига эътибор беринг.
  • Фарзандингизнинг дарсларда олган баҳоларини, e.maktab.uz платформаси орқали мунтазам кузатиб боринг.
  • Таълим муассасасига автомобил, скутер ёки велосипедда келишини тақиқлаш, йўл ҳаракати қоидаларини доимий тушунтириб бориш ҳамда телефон олиб келмаслик, гаджетлардан тўғри фойдаланишларини назоратга олинг.
  • Таълим муассасасига келиб, фарзандингизнинг ўқиши, тартиб интизоми, дарсларда иштирок этиши ҳақида устозлари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашинг.
  • Синф ва мактаб ота-оналар йиғилишларида фаол иштирок этинг.
  • Фарзандларимиз таълим тарбияси ва келажагига эътиборсиз бўлмайлик, акс ҳолда кеч бўлиши мумкин.

 

“Кишининг ватанпарварлиги вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

 

Сизларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан,

Косонсой туманидаги 9-сонли ДИМИ жамоаси