Савол: Машина қандай ҳолларда жарима майдончасига жойлаштирилади? Уни жарима майдонидан кечаси олиб кетиш мумкинми? У ерда автомобилга зарар етса ким қоплайди? Автомобилни олиб чиқиш учун ЙПХдан рухсатнома олиб бориш керакми?Юридик марказ ҳодими қуйида жарима майдони билан боғлиқ муҳим саволларга батафсил жавоб беради.

  • Транспорт қандай ҳолларда жарима майдончасига жойлаштирилади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспортни ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгиланган.

Унга кўра, транспорт воситаси бир қатор давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ушлаб турилиши, яъни жарима майдонига жойлаштирилиши мумкин.

Транспортни жарима майдонига жойлаштиришга асос бўладиган бир қатор ҳуқуқбузарликлар мавжуд.

Хусусан қуйидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилганида ЙПХ ходимлари транспортни жарима майдонига жойлаштириши мумкин:

– карантинли ва инсон учун хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган мажбурий қоидалар бузилганда;

– рухсатномасиз оғир вазнли юк ташилганида;

– рухсатномасиз “тонировка” қилинган транспот бошқарилганида;

– транспортга рухсатномасиз товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатилганида ёки транспорт рақами кўринмайдиган ҳолатга келтириб қўйилганида;

– тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилиб, ҳайдовчи бўлмаса ва қоидабузарлик йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса;

– транспорт маст ҳолда бошқарилганида;

– транспорт ҳужжатларсиз бошқарилганида;

– ҳайдовчилар мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганида;

– йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолинганида;

– ички ишлар органи ходимининг транспортни тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талаби бажарилмаганида.

Бундан ташқари, экология ва ўрмонларга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганида Экология вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги агентлиги ходимлари; божхона қоидалари бузилганида Божхона қўмитаси; савдо, тадбиркорликка оид айрим ҳуқуқбузарликларда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорлари ҳам транспортни ушлаб туриши мумкин.

  • Ҳайдовчи жаримани тўламаса ҳам транспорт жарима майдонига жойлаштириладими?

Ҳа, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима 60 кунда тўланмаса транспорт жарима тўлангунгача жарима майдонига жойлаштирилади.

  • Жарима майдонидан автомобилни олиб чиқиш учун ЙПХдан рухсатнома олиб бориш керакми?

Йўқ, ҳуқуқбузарлик бартараф қилинганидан сўнг ҳайдовчи ҳеч қандай рухсатномани кўтариб юриши шарт эмас.

Транспортни жарима майдонидан олиб чиқишга рухсат бериш тўғрисидаги хабар жарима майдони эгасига “Жарима майдончаси” тизими орқали юборилади.

Шунингдек, бу хабар ҳайдовчининг телефонига SMS тарзида ҳам юборилади.

  • Транспортни жарима майдонидан кечаси олиб кетиш мумкинми?

Ҳа, транспортни жарима майдонларидан бериш куну-тун амалга оширилади. Шунингдек, жарима майдонида сақлаш вақти соатларда ҳисобланади.

  • Машинага зарар етказилса ким тўлайди?

Транспорт жарима майдонига жойлаштирилгандан кейин унинг сақланиши учун жарима майдони эгаси жавоб беради.

Ҳайдовчи машинасининг жарима майдонига жойлаштирилганлиги устидан судга, прокурорга ёки ички ишлар органларининг юқори органига шикоят қилиши мумкин.

Наманган вилояти Адлия бошқармаси Косонсой туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошюрисконсулти

                                  А.Зокиржонов