Савол: Мен, отам ва онам 4 хонали уйда 20 йилдан ортиқ турамиз.  Пропискада фақат отам бор. Уй бувамнинг (вафот этган) номида. Нотариус уйни ¾ (тўртдан уч) отамга ¼ (тўртдан бир) амакимга улуш қилиб чиқариб берган. Амаким вафот этди.? Энди амакимнинг улуши унинг болаларига (3та боласи бор) ўтадими? Ўтса 1/4 бўлибми ёки майдаланиб? Бу уйда мен ва онамнинг ҳаққи борми? Яъни, пропискамиз бўлмаса ҳам улушимиз борми?  Мавзусида, Юридик марказ ҳодимларига  саволлар келмоқда.

Мазкур Саволда сўралган масалалар Фуқаролик Кодексининг  “Ворислик ҳуқуқида” белгиланган қоидалар асосида тартибга солинади.

Жавоб: Фуқаролик ҳуқуқида “Мерос трансмиссияси” деган тушунча мавжуд. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 11401-моддасида берилган бўлиб, унга кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик хуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради. Ушбу вазиятда, саволингиздан тушунилишича, амакингиз ўз улушини ўз номига ўтказмасдан вафот этган. Демак бу ҳолатда, амакингизнинг меросдан оладиган ¼  улуши унинг фарзандларига ўтади. Амакингизнинг 3 нафар фарзанди ¼ қисмгагина эга чиқадилар. Яъни улар ¼  улушни 3 га бўлиб оладилар. Уларнинг ҳар бирида меросдан воз кечиш ҳуқуқи бор.

Тушуниш осонроқ бўлиши учун мисолдан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Масалан, Мерос қолдирувчи ҳаётлигида ўғли ва қизи бор эди, улар мерос очилишига қадар вафот этган. Ўғлидан 2 набира, қизидан қиз набира қолди. Уларнинг ҳаммаси тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланишади. Мантиққа кўра мерос биринчи навбатдаги меросхўрлар ўртасида тенг улушларда, яъни 1/3 улушдан тақсимланиши керак деб фараз қилиш мумкин. Бироқ, Фуқаролик Кодексининг 1140-моддасига кўра, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бинобарин, мерос қуйидагича тақсимланади: қиз набира мерос қолдирувчининг қизи ортидан унинг улушига ворислик қилади, ушбу улуш мероснинг ½ қисмига тенг, ўғилдан бўлган набиралар эса ўз оталарининг улушини ўзаро бўлиб оладилар, яъни ҳар бири 1/4 қисмига ворис бўлади.

 Сизнинг ва онангизнинг улушингиз фақат отангизнинг улуши доирасидадир. Яъни, сизлар отангизнинг 3/4 қисми учун улушдорсиз. Сиз ва онангиздаги ворислик ҳуқуқи отангиз вафот этгач юзага келади. Айни вақтда отангиз ва амакингизнинг фарзандлари ўртасида улушнинг қандай бўлиниши суд томонидан ҳал қилинади. Суд улушни бўлишда қуйидагича йўл тутади. Агарда хонадонда мустақил кириб чиқиш имконияти бўлса, ер-мулкни бўлиб бериши мумкин. Аммо квартира нуқтайи назаридан қаралганда бу имконсиз. Шу боис, суд уйни баҳолаб, тарафларга сотувдан келиб чиқадиган суммани тақсимлаб беради. Шуни унутмаслик керакки, тарафлардан бири бошқаларнинг улушини сотиб олиш бўйича бирламчи ҳуқуққа эга.

Яна қуйидагиларни эътиборга олишингиз лозим:

а) Мерос асосида ўтадиган мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки сифатида қаралмайди. (Оила Кодекси 23-модда). Эр-хотиннинг умумий мулки деганда, Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Мерос асосида ўтадиган мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки эмаслигини таъкидлашнинг муҳим жиҳати шундаки, дейлик, ота-онангиз ажрашса, отангизга мерос асосида ўтган мол-мулк эр-хотин ўртасида тақсимланмайди. Ажрашишда, умумий қоидага кўра, эр-хотининг умумий мулки тенг тақсимланади.

 б) Ота-она ҳаётлигида болалар уларнинг мол-мулкига нисбатан мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Демак, айни вақтда сиз отангизга тегишли мерос улушидан даъво қила олмайсиз. Мазкур ҳуқуқ отангиз вафот этгач юзага келади. (Оила Кодекси 90-модда)

Наманган вилояти Адлия бошқармаси Косонсой туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошюрисконсулти

                                          Ж.К. Акрамов