Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг фидойи хизматлари сабаб инсонлар ҳаловат топадилар, мушкуллари осон, оғирлари енгил бўлади.

Одатда бундай инсонларнинг ана шундай хизматларини оддийдек қабул қиламиз. Аммо қайсидир дамларда улардан бироз ўзимизни олис ҳис қилсак, уларнинг ҳаётимизда, жамиятимизда улкан ва муносиб ўрни борлигини сезамиз.

Косонсой тумани ИИБ бошлиғи сифатида фаолият юритган Бобуржон Шукуров ҳам ана шундай фидойи, олийжаноб ва камтарин раҳбарлардан бири. У фаолияти давомида туманда ҳуқуқ-тартиботни, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда фидойиларча меҳнат қилди.

Шунингдек, Ватан хавфсизлиги, эл осойишталиги, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам сектор раҳбари сифатида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳам жонбозлик кўрсатди. Косонсой туман ҳокимлигида ўтказилган фаоллар йиғилишида ушбу ҳақиқат яна бир карра ўз исботини топди.

Бобуржон Шукуров Давлатобод туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтганлиги муносабати билан туман ҳокими Дилмурод Қодиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва соҳа вакиллари унинг тумандаги хизмат фаолиятига юксак баҳо бериб, барчанинг номидан миннатдорчилик билдирди ва кейинги ишларида муваффақиятлар тилади.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати