Косонсой тумани “Гулобод” маҳалласида жойлашган 1-сонли касб-ҳунар мактабида “Янги Ўзбекистон ёшлари – порлоқ келажак асосчилари” шиори остида битирув маросими бўлиб ўтди. Унда битирувчи ёшлар катта ҳаётнинг янги манзиллари томон кўтаринкилик ила кузатиб қўйилди.

Битирувчи ёшлар, ўқитувчилар, фахрий устозлар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда битирувчиларга келгуси фаолиятларида муваффақият тиланиб, касб-ҳунар дипломлари топширилди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ёшларнинг баркамол, етук билим ва салоҳиятга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, битирувчиларга омадлар тилашди.

Маълумот учун, 1-сон касб-ҳунар мактабини 302 нафар ўқувчилар 7 та йўналишда битирди. Шулардан тенгдошларига ўрнак бўлиб, намунали хулқи ва аъло баҳоларга тамомлаган 63 нафар ўқувчилар имтиёзли дипломга эга бўлишди.