Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг даромадли соҳаларидан бири ҳисобланади. Оз муддат ичида натижа кўрсатувчи юмуш бўлган ипак тола етиштиришга бугунги кунда мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Косонсой туманида жорий йилда 3247 қути ипак қурти парваришлаб, 192 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
Косонсой туманидаги Миллий маданият марказида соҳа масъуллари, хотин-қизлар фаоллари, лидер аёллар иштирокида ўтказилган семинарда мавсум муваффақияти ҳозирдан кўрилган чора-тадбирларга боғлиқ экани таъкидланди.
Семинар тарзида ўтказилган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Нодира Ахмедова, вилоят "Агропилла" бош агрономи Алишер Мақсудов ҳамда мутахассиси Акмалжон Ибрагимов, "Косонсой агропилла" МЧЖ раҳбари Илҳомжон Султоновлар пиллачилик соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, бунда Вьетнам давлатининг илғор тажрибаларини маҳаллийлаштириш тўғрисидаги тажрибаларни айтиб ўтишди. Янги мавсумни бошлашда асқотадиган йўл-йўриқлар, фойдаланиш мумкин бўлган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берилди. Пиллачиликни ривожлантириш, касаначилик фаолияти орқали оилалар фаровонлигини ошириш ҳақида мулоҳазалар юритилди.






