Сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ёшлар билан ишлаш – ҳаёт-мамот масаласи эканлиги алоҳида таъкидланиб, уларни қўллаб-қувватлаш борасида инқилобий ташаббусларни илгари суриш устувор вазифа эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, давлатнинг алоҳида кўмаги ва эътиборига муҳтож ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш юзасидан муаммоларини ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир сектор раҳбарига шаҳар-туманларда яшаётган ушбу тоифадаги ёшлар бириктирилган.

Хусусан, Косонсой туманининг 3-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 55 нафар ёшлар ҳам Ички ишлар органи маъсул раҳбарларига бириктирилган бўлиб, улар билан бир қатор манзилли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бугун полковник Ш.Алиев Косонсой тумани «Қўқимбой» маҳалласида жойлашган маданият марказида туман ИИБ масъул ходими ҳамда ёшлар етакчилари иштирокида ёшлар билан учрашув ўтказиб, улар билан яқиндан суҳбатлашди. Суҳбат давомида уларнинг қизиқишлари, таклиф ва мулоҳазалари ҳамда муаммолари тингланиб, келажакдаги режалари юзасидан тавсиялар берилди.

Учрашув сўнггида, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ берилди ва келгусида ёшларни бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.