Илгари турли соҳа вакилларини айниқса педагогларни, тиббий хизмат ходимларини ва хатто ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, яъни кўча супуриш, ободонлаштириш ва пахта терими ишларига мажбуран жалб қилиш ҳолатлари кузатилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, ходимларни ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқларида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганлигини, бундай ҳолатларга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига асосан мамлакатимизда суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнатни тақиқланиши белгиланиши айни муддао бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 мартдаги Ўрқ 826-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилди.
Жумладан, Жиноят кодексининг 1482-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди ва унга кўра:
«Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди».
Шунингдек, асосий қонунимизда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Ушбу Қонунлар мамлакатимизда ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига барҳам беришга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади деб ҳисоблайман.






