Косонсойнинг тоғлик ҳудуди, Қирғистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Обод” маҳалласида жойлашган “Косонсой” санаториясида мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Унда маҳаллада яшовчи нуроний отахонлар, онахонлар, устоз мураббийлар ва ижодкорлар, санъаткорлар, давлат мукофоти совриндорлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда фаол етакчи ёшлар иштирок этишди.

Сектор раҳбарлари, Президентнинг Халқ қабулхонаси мутасаддилари ва бошқа меҳмонлар турли миллат вакилларининг анъаналари акс этган кўргазмалар билан танишдилар.

Умумтаълим мактабларида иқтидорли ўқувчилар жуда кўплиги тадбир давомида янада ойдинлашди. Уларнинг китобхонлиги, санъатсеварлиги, ҳунармандчиликка меҳр қўйганлари яратган асарларида, маҳсулотларида мужассам бўлди.

Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Юсупов сўз олиб, Президентимиз ташаббуси билан ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, меҳнат фахрийларини эъзозлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳар қандай давра куй-қўшиқлар билан файзли бўлганидек, тадбир давомида туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият бахш этди.

Албатта, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни маънан етук бўлиб улғайишига, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқур сингдиришга, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишишга хизмат қилади.