ИҚТИДОРГА МЕҲНАТНИ УЙҒУНЛАШТИРГАН ЖУРНАЛИСТ

24.05.2020

Халқимизда ҳар бир инсон пешонасига ёзилганини кўради, ундан оз ҳам, кўп ҳам насиб этмайди, деган гап бор. Бунга қўшилмасликнинг иложи йўқ, албатта. Бироқ шу ўринда одамнинг ўзига ҳам анча-мунча нарса боғлиқлигини унутмаслик керак. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом айтганидай, “Тақдирин ўз қўлин билан яратар одам, ғойибдан келувчи бахт бир афсона”.

Ҳар сафар истеъдодли ҳамкасбимиз, таниқли журналист, ўн икки йилдан бери “Косонсойнома” газетасига муҳаррирлик қилаётган Анорбой Олимов ҳақида гап кетганда, ана шулар ёдимга тушади. Чунки биринчидан, ижодкорлик қобилиятининг ўзи ҳаммага ҳам  насиб этавермайди. Лекин қўлидан ёзиш-чизиш қеладиган инсон ҳам билимини мунтазам ошириб бормаса, ўқимаса, изланмаса, устозлар ўгитларига қулоқ солмаса, бир жойда депсиниб тураверади, маҳорат чўққиларини эгаллай олмайди.

Бу фикрларни айтишдан мақсад шуки, Анорбойда ижодга рағбат туғилган қишлоғи Равотдаги мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ уйғонганди. Ўқитувчиларидан   Тошпўлат Ғаниев, Юсуфжон  Усмонов, Ольга Иванова, Фазлиддин Нажмиддинов, Абдумутал Шамсиддинов, Сотимбой Қосимов, Ёқубжон Бозоров  кабилар боланинг дунёқараши бошқа тенгдошлариникига нисбтан  кенглиги, шу туфайли   тафаккур даражаси баландлигини пайқаб, унга янада кўпроқ ўқишни маслаҳат беришарди. Шунинг учун у кўпроқ китоб, газета-журналлар мутолаа қилишга интиларди.   Баъзан шеър ёки мақолалар машқ қилиб турарди.

 – Ўнинчи синфда ўқиб юрган кезларим эди, - деб  эслайди Анорбой. – Туман газетасига бир нечта материал ёзиб жўнатдим. У пайтда таҳририятга юборилган ҳеч бир мактуб жавобсиз қолмасди. Аксариятига у ёки бу сабабга кўра фойдалана олмадик, деган хатлар келди. Аммо охиргисига жавоб олмадим. Қараб турсам, “Ташқарида қор, ичкарида баҳор” деган хабарим газетада чиқиб турибди-да. Мен мактабдаги иссиқхонада олиб борилаётган ишларни қаламга олгандим. Шу муносабат билан катта тадбир ўтказилиб, директоримиз барча ўқитувчилар ва ўқувчилар даврасида мен ёзган хабарни ўқиб эшиттирди. Шунда матбуот сўзининг кучини, аҳамиятини илк бор ҳис этдим. Журналист бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Ўрта мактабни битириб, етуклик аттестатини қўлга олгач, Анорбой пойтахтга жўнади. Аммо биринчи уринишда ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кира олмади. Қайтиб келиб, қўшни Чиндовул қишлоғидаги 20-мактабда ёўларга етакчилик қилди. Келгуси йили ёзда яна Тошкентга, университетга ҳужжат топширди. Бу сафар омад келди ва “журфак”нинг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинди.

Биринчи босқични битириши билан ҳарбий хизматга чақириб қолишди. Икки йил армияда йигитлик бурчини ўатаб қайтгач, туман газетаси таҳририятига учради. Ўшанда камтар ва одамохун инсон, истеъдодли ижодкор Ёқубжон Жабборов муҳаррир эди. Журналистлардан Каримжон Охунов, Иброҳим Усмонов, Муҳаммадали Эргашев унга устозлик вазифасини бажардилар. Ана шулардан “игна билан қудуқ қазиш”га тенглаштирилган касб сирларини ўрганди.

 – Ўша пайтда таҳририятга қалами ўткир, ҳар жиҳатдан етук, бағрикенг  ижодкорлар  тўпланганди, - деб эслайди А. Олимов. – Каримжон ака ўзига хос услубга эга, сўзга бой ва ҳозиржавоб эди. Иброҳим ака иқтисодиётни яхши тушунар, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги йўналишларини қойилмақом қилиб ёритарди. Истеъдодли шоир Муҳаммадали ака эса ижтимоий-маданий ҳаёт мавзуларини мунтазам равишда саҳифаларга олиб чиқарди. Бундан ташқари, таҳририят туман ижодкорлари тез-тез тўпланиб турадиган марказга айланганди. Ўзаро баҳсларда матбуот, бадиий адабиёт, санъат каби соҳаларга доир масалалар муҳокама қилинарди. Айниқса, Ёқубжон Дадажонов, Ҳабибулла Қирғизов, Муҳиддин Имомадиев, Аълохон Бобохоновларнинг фаоллиги ёдимда қолган. Мен ҳам қизиқарли мусоҳабаларни тинглаб, ўзимга кўп нарсаларни олардим.

Аста-секин Анорбойнинг қалами чархланиб борди, ёзганлари газетхонларнинг эътиборини қозонди. Бунда албатта, университетдаги ўқиш жараёнида олган назарий билимлари ҳам катта аҳамият касб этди. Айниқса, Очил Тоғаев, Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев, Мухтор Худойфулов, Ирисали Тошалиев, Бойбўта Дўстқораев каби забардаст муаллимларнинг ўгитлари ҳамон ёдида. Дарвоқе, уларни йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олганларнинг аксарияти яхши эслайди.

Одатда, ҳар бир муаллифнинг кўпчиликка маъқул тушган, қолаверса, ўзига ҳам ёққан материаллари бўлади. Бундан ўттиз-қирқ йил аввалги газета тахламларини варақласангиз, Анорбой Олимов имзоси қўйилган “Пайкалдаги заҳар”, “Олғир сотувчи”, “Мажруҳнинг товонини ким тўлайди?” каби материаллар шулар жумласидандир. Айни пайтда қадрдонимиз Анорбой яхшигина шоир ҳам. У битган шеърлар икки-учта тўпламга жо бўлиши мумкин. Ҳаётий мавзуларда ёзилган насрий ва назмий масалларидан эса Иван Крилов ва Гулханий асарларининг “ҳиди” келиб туради.

 Анорбой Олимов туман газетаси билангина ўралашиб қолмай, вилоят ва республика матбуотида ҳам тез-тез кўриниш бериб туришни одат қилганини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Унинг материаллари “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Наманган ҳақиқати” саҳифаларида ҳам кўп ёритилган. Бу албатта, қизиқарли ва долзарб  мавзулар танлай олгани, мақолалар ўзига хос услубда битилгани самарасидир.

 Туманда яшаб туриб, марказий матбуотда чиқишлар қилиш осон эмаслигини ҳар бир журналист яхши тушунади. Бунинг учун астойдил ўқиб-ўрганиш, билим даражасини мунтазам ошириб бориш, устозлар тажрибасини пухта ўзлаштириш талаб этилади. Анорбойга бундай хислатлар, таниқли адиб ва жамоат арбоби Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла, республикада хизмат кўрсаатган журналист Абдуфаттоҳ Ражабов каби таниқли ижодкорлардан “юққан”. Чунки дўстимиз уларнинг суҳбатларида кўп иштирок этган, маслаҳат ва насиҳатларига астойдил қулоқ тутган. Бундай бахт  ҳар бир кишига насиб этавермайди.

 – Юртимизда ижодий меҳнатнинг барча турлари азалдан қадрланиб келинган, - дейди А. Олимов. – Яқинда ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамасининг босма нашрларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори лойиҳаси эълон қилинди. У биз журналистлар учун қатор янгиликларни жорий этишни назарда тутади. Мен ҳам бошқалар қатори мазкур ҳужжатда бир қатор муҳим қоидалар олға сурилганлигини таъкидлаб, ўз фикрларимни баён этдим. Шу билан бирга нодавлат нашрларнинг фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш, ҳамма газета-журналларда қалам ҳақи беришни жорий этиш, таҳририят ходимларига касб маҳорати ва иш стажига қараб устама ҳақлар белгилаш каби таклифлар ҳам киритдим. Улар кўпчиликка маъқул тушади, деб ўйлайман.

Ҳа, Анорбой матбуотни жамият ҳаётининг кўзгуси деб билади. Шунинг учун ҳамиша журналистлар меҳнати қадрланиши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда доим чиқишлар ҳам қилиб туради. Чунки у газетачиликни ўзи учун муқаддас бир машғулот деб ҳисоблайди. Унда адолат, холислик, ҳалоллик бўй кўрсатит туриши ҳақида қайғуради. Шунинг учун ҳам барча таниган-билганларнинг ҳурмати ва эътирофига сазовор.

Мана, ушбу улуғ айём кунларда истеъдодли журналист Анорбой Олимов олтмиш ёшни қоралаб турибди. Қани энди, шу дамларда ёнида падари бузруквори раҳматли  Тўхтапўлат ота ҳам ёнида бўлса... Афсуски, бунинг иложи йўқ. Лекин ҳамиши дуогўй онаси Баҳриниса опа тўнғич ўғлининг камолини кўриб турганидан хурсанд. Укалари Тўхтамирза ва Бекмирза, сингиллари Ҳуринисо, Зебо ва Гулмира ҳам туғишганлар даврасини безаб турибдилар. Анорбойнинг турмуш ўртоғи – Сожидахон ҳамда тўрт нафар фарзанди, неваралари ҳам яхши тилакларга қўшилишган. Биз ҳам ҳамкасблар номидан Анорбой Олимовга бундан кейин ҳам сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, янгидан-янги ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар  ижодий уюшмаси аъзоси.

МАВСУМ ЯҚИН - ҲОЗИРЛИК ҚИЗҒИН!

23.05.2020

Тез кунларда, туманимиз экин майдонларида ғалла ўрим-йиғими бошланади. Шу боис ҳам бутун туман бўйлаб “Ғалла - 2020” мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин кетмоқда.

Ғалла мавсуми давомида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин ҳодисалари келиб чиқишининг олдини олиш борасида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими изчил амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Ҳалқимиз бойликларидан бири бўлган ғаллани, ёнғин хавфидан асраш, мавсумни беталофат ўтказишни ўз олдиларига қатъий мақсад қилиб қўйган.

Бўлим ходимлари томонидан мавсум олди ўрим комбайнларини тайёргарлигини ўз назоратларига олиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Ғалла майдонларига бориб, ғалла ҳосилини етиштириб, давлат хирмонларига нес-нобуд қилмай топширишга бел боғлаган фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда ишчи ходимларига қўшимча йўриқнома ва тавфсиялар бериб келишмоқда.

 

Косонсой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими

ҲОЛАТ АТРОФЛИЧА ЎРГАНИЛДИ

23.05.2020

“Sevimli” телеканалининг “Zamon” информацион дастурида намойиш қилинган “Одамлар товуқхона ҳидига чидай олмаяпти” номли лавҳа Косонсой туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими, туман СЕОМ ҳамда маҳалла фуқаролар раиси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

 

Мазкур танқидий материални ўрганиш юзасидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан аниқланишича, Косонсой туманидаги “Навбаҳор 2” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида  истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан шу ҳудудда фаолият олиб бораётган товуқхона биноси фаолияти давомида мутлақо санитария гигиена қоидаларига амал қилмаётганлиги ва ундан ҳосил бўлаётган турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойларга олиб чиқиб ташланаётгани, улардан атроф муҳитга ёқимсиз ҳид таратаётгани, пашшанинг кўпаётганлиги оқибатида шу ҳудудда яшовчи аҳоли хонадонларига зарар етказилаётганлиги юзасидан “Sevimli” телеканалининг “Замон” информацион дастурига  мурожаат қилинган.

Ушбу ҳолат туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ҳамда туман СЕОМ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, ташланган чиқиндилар тозаланди. Ишчи гуруҳ томонидан товуқхона раҳбарига аҳоли орасида юқумли касалликларни олдини олиш мақсадида доимий равишда товуқхонага қўйилган санитария қоидалари ва меъёрлари асосида ишлашни ҳамда атроф муҳитни тоза тутиш, ободонлаштириш ишларига  эътиборли бўлиш тўғрисида тавсиялар берилди ҳамда юқоридаги ҳолат такрорланса ваколатли орган томонидан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилиши огоҳлантирилди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ

23.05.2020

Жамиятимизни, ҳаммамизни қийнаётган масалалардан бири бу коррупция иллати бўлиб у жамиятни, иқтисодиётни барча соҳаларни ривожланишига салбий таъсир қилиб қайси соҳа бўлмасин охир оқибат таназулга юз тутқазади. Буюк итальян файласуфи Николо Маккивелли (1469-1527) 1500 йиллирдаёқ  “Коррупцияни ҳам йўталга ўхшаб олдиндан аниқлаш қийин, аммо даволаш осон. Лекин бу касални ўтқазиб юборсангиз, уни аниқлаш осон, аммо даволаш қийин бўлиб қолади”- деб айтган экан.

        Касални даволашдан кўра олдини олиш зарурлиги яхшилиги сабабли

Наманган вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри”  давлат корхонасида  Жорий йилнинг 1-чораги давомида  ўтқазилган деярли барча тезкор селектор йиғилишларида, мажлис ва тадбирларда корхона бошлиғи М.Мутавалиев шахар ва туман филиаллари рахбарларини ўта муҳим масала “Ергеодезкадастр” Давлат қўмитасининг 2018 йил 2-ноябрьдаги 641-сонли буйриғи билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш сиёсати талабларини қайта-қайта  эслатиб ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида унга сўзсиз амал қилиши ва ходимларни қаттий назоратга олиши, коррупцияга оид қонунбузарлик содир қилмасликлар учун аввалам бор ўзлари қолаверса ходимлар учун уларни келажаги учун маъсул эканликларини қайта қайта огоҳлантирмоқда.

        Наманган вилоят корхонасида  коррупцияга қарши кураш  ишларини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар доимий равишда  кенгайтирилган  йиғилишларда кўриб чиқилиб, бу ёмон иллат эканлиги ва уни таг-томири билан жамоамиздан, соҳамиздан йўқ қилиб ташлаш, унга йўл қўймаслик юзасидан берилган топшириқларга амал қилинмаслик натижасида ёмон ҳуқуқбузарлик ҳолатлар келиб чикишини  Косонсойдаги ҳолатда соҳа атрофида “ўралишиб” юрадиган нопок шахс туфайли кадастрни ёмон отлиққа чиқаришни корхона Матбуот хизмати томонида олди олинди ва ўз вақтида интернет орқали рад жавоб берилди.    Шунингдек Тўракўрғон туманларида ва бошқа Вилоятларда содир бўлган  воқеа  мисолида ходимларга бир неча бор тушинтирилди.

      Барча 455 нафар ходимлар тўлиқ Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати буйриғи билан таништирилди. Корхона  кадрлар бўлими бошлиғи Ў.Қаландарова томонидан меҳнат шарномасига қўшимча киритилиб барча раҳбари ва мутахасислар ёзма огоҳлантирилди.

 

         Давлат рахбаримиз томонларидан қабул қилинган бир қатор қарорларга асосан асосий кадастр  хизматлари Давлат хизматлари Марказлари орқали амалга оширилмоқда. Бу соҳада коррупцион ҳолатлар келиб чиқишини бир неча бор камайтирди ва ўзининг катта ижобий тасирини ўтқазди. Аммо инсон омили бор экан ҳали қилинадирган ташкилий, иқтисодий, ижтимоий ишларимиз жуда кўп.

        Айниқса соҳага зудлик билан замонавий Ахборот коммуникация технологияларини жорий қилишни бу ишлар самарадорлигини янада оширади.  

         Албатта қадимий ҳамма замонлардаги савол туғилади “Нима қилмоқ керак?”.

        Йиғилишлардан бирида сўзга чиққан корхонанинг тажрибали мутахасиси О.Усманов  шаҳар ва туманлар филиаллари  ходимларига коррупцияга қарши биргаликда бир тан бир жон бўлиб четта турмай, онгли, оқибатларини тушиниб курашишда ишловчиларни барчаси қатнашиши ҳамда  қонунчилик нормаларига мувофиқ пора олган ҳам пора берган  ҳам  қонун  олдида баробар жавоб  беради деб айтиб ўтди.

         Вилоят корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Қ. Гаппаров Ўзбекистон Республикасининг  “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни амалда бажаришни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

         Бу мухокамалардан асосий мақсад – соҳамизда ишлаётган меҳнаткаш, фидоий мутахасис ва ходимларимизни шаънига доғ тушуришни олдини олиш, вилоят нуфузини кўтариш, эришилган ютуқларни сақлаб қолиш, коррупцион иллатларни  илдизини қирқиб, келажак фарзандлар тақдирига таъсир кўрсатадиган қилмишларни содир этмасликни барча ходимларни онгига сингдиришдир.

        Ҳозирги коранавирус пандимияси карантини шароитида вазият янада кескинлашиши кутилмоқда.

         Асосий вазифамиз  ҳозирдан тайёргалик кўриб, карантин тугаши билан қилинадиган ишларни қайта режалаштириб, ишимиздаги камчиликларни бартараф этиш, тизимда рахбарларимиз, мутахасисларимиз ва барча ходимларимизни ҳамкорлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш, қонун устиворлигини кундалик ишимизга тадбиқ қилишдир.

 

Наманган вилояти “Ер тузиш ва кўчмас

мулк кадастри”  давлат корхонаси

Матбуот хизмати                             Ш.Тоштемиров

 

КОСОНСОЙДА УЗОҚ ВА ЯҚИН ЎТМИШИГА ДОИР МАТЕРИАЛЛАР ТЎПЛАНГАН БИР МУЗЕЙ БОР

20.05.2020

Наманганда Косонсой тарихи музейи бор. Бу ерда ҳудуднинг яқин ва узоқ ўтмишига доир жуда кўп қизиқарли материаллар тўпланган.

 

Мазкур маскан айни пайтда Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали ҳисобланади. Косон деб аталган ушбу кўҳна гўшада ҳали тўла ўрганилмаган хилма-хил археологик ёдгорликлар мавжуд. Муғтепа, Муғхона, Гўримирон, Дашттепа, Дукортепа, Навжартепа, Нағоратепа, Тагижар, Тергачи, Юмалоқшайхмозор каби манзилгоҳлардан ҳозир ҳам узоқ ўтмиш нафасини ўзида акс эттирган нодир ашёлар келтириб турилади.

 

Улардан бири – бежирим ишланган, уч оёқчали, бандли штрих чизиқлар билан зеб берилган кўзача.

 

Буни туман марказидаги Махдуми Аъзам номли маҳаллада яшовчи Адҳамжон Умаров тақдим этган. У бу қадимий буюмни яқин атрофдан оқиб ўтувчи сой ён бағридаги жарликдан топган. Ўша куниёқ музей илмий ходимлари Муҳаммад Акрамов ва Ҳабибулло Караев кўза топилган жойни кўздан кечирдилар. Ҳақиқатан жарликда дарахтлар билан иҳоталанган туйнуклар мавжуд бўлиб, уларнинг четлари пишиқ ғишт билан ярим айлана шаклида уриб чиқилган. Атрофда сополдан ясалган идиш синиқлари сочилиб ётарди.

 

– Маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимизда улар яқингача баландлиги 10-12 метрли жарликда ўнтача хумдон тешиклари бўлганини айтишди, аммо йиллар давомида жарлик нураб, емирилиб кетган. Ҳозир иккитагина хумдоннинг кириш қисми сақланиб турибди. Биз уларни музейда намойиш этиш мақсадида фотосуратга ва видеотасвирга олдик, – дейди музей илмий ходими М. Акрамов.

 

Орадан асрлар ўтганига қарамай ўзининг жилосини йўқотмаган ва яқинда экспозициялардан ўрин олган кулолчилик буюмларига эътиборни тортади. Улар туман марказидан унча узоқ бўлмаган Тергачи қишлоғидаги Тофтуқ ота қабристонидан топилган. Бу ерга ўтган йили уюштирилган археологик экспедицияда музей илмий ходимлари иштирок этиб, қатор топилмаларни қўлга киритди. Улар орасида нафис ишланган кўза, хум, коса каби жами элликтадан ортиқ сопол идиш бор ва аксарияти яхши сақланган.

 

Мутахассисларнинг фикрича, қадимги кулоллар ясаган буюмлар хумдонда пиширилган. Айримларига ўша пайтдаги ноёб бўёқларда пардоз берилган. Бунда айниқса, сарғиш ва қизғиш ранглардан кўпроқ фойдаланилган. Сопол буюмларнинг турли ҳажмдалиги, ташқи кўриниши ва тайёрлаш услуби ўша пайтларда кулолчилик бирмунча ривожланганлигидан далолат беради. Баъзи кўзачаларнинг ён деворлари ўта юпқа, яъни 3-4 миллиметр қилиб ишланганлиги эса ҳунармандларнинг маҳорат даражаси юксаклигидан далолат беради.

 

Яқинда эса музей яна бир қатор янги экспонатлар билан тўлдирилди. Яқин ўтмишдаги аждодларимиз ҳаёт тарзидан гувоҳлик берувчи буюмларни туманда кўпчилик яхши танийдиган санъаткорлар Қаюмжон Қориев ва Абдунаби Мамажонов туҳфа этишди. Бир вақтлар уларнинг бош-қошлигида “Хушнаво“ ашула ва рақс дастаси ташкил этилганди. Кейинчалик у халқ жамоаси номига ҳам сазовор бўлган ва мамлакатимиз вилоятларидан ташқари қатор хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ҳам уюштирган.

 

Бу икки санъаткор айни пайтда нафақадаликларига қарамай, санъатга ихлосманд ёшларга ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқдалар. Улар музейга ташриф буюриб бир туркум тарихий ашёларни тортиқ этишди. Юз йилдан зиёд тарихга эга қўлёзма китоблар, яқин ўтмишимиздан ҳикоя қилувчи фотосуратлар, грампластинкалар,мусиқа асбоблари, турли тарихий ҳужжатлар бор.

 

Айниқса, эски, аммо ҳануз ишлайдиган, қўлда айлантириладиган патефон кўпчиликнинг эътиборини тортмай қўймайди. Унинг ўзига яраша тарихи ҳам бор. Маълум бўлишича, патефонни биз юқорида тилга олган Қаюмжон ота Қориевнинг амакиси Юсуфжон Маҳкамов 1932 йили Термизда ҳарбий командирлар тайёрлаш курсида ўқиган чоғларида сотиб олган ва уйига олиб келган. Юсуфжон ота Иккинчи жаҳон урушида Польшани озод этиш учун олиб борилган жангларда ҳалок бўлган. Ўшандан бери жасур жангчидан ёдгорлик сифатида хонадонда сақланган патефон энди музей экспонатлари қаторидан жой олди.

 

Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин тугаши билан музей яна иш бошлайди. Ўлкамиз тарихи билан қизиқувчилар янги-янги экспозициялар билан танишишлари мумкин бўлади.

 

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ

ЎзА

КОСОНСОЙДА ҒАЛЛА ЎРИМИГА ТАЙЁРГАРЛИК

19.05.2020

Ризқ-рўзимиз манбаи ҳисобланган буғдой ҳосили пишиб етилмоқда. Уни нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш эса ниҳоятда муҳим.

Бу йил Косонсой тумани бўйича 8 минг 170 гектар ерда бошоқли дон етиштирилди ва давлат омборига 24 минг 300 тоннадан зиёд бўлиқ ҳосил топшириш кўзда тутилмоқда. Долзарб мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида 22 та отрядлар тузилиб, ҳар бир юмуш учун алоҳида масъуллар белгиланган.

Шунингдек, ғаллани ўриш ва донни ажратишга ихтисослашган 22 та комбайнлар, ҳосилни қабул пунктига етказиб бериш билан шуғулланувчи 150 дан ортиқ транспорт воситалари мавсумга жалб қилинмоқда. «Агросервис» МТПда ўтказилган тадбирда бу борадаги амалга оширилаётган тайёргарликлар обдон кўздан кечирилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Т. Рапиқов, туман ҳокими Б. Юсупов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилот, корхоналар вакиллари иштирокида кечган семинарда қизғин паллани уюшқоқлик билан ташкил этиш ва уни белгиланган талаблар асосида ўтказиш юзасидан атрофлича кенгашилди.

Дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш янада аҳамиятли касб этаётган айни дамларда ўрим-йиғим билан боғлиқ ҳар бир тадбир юксак масъулият билан амалга оширилиши зарурлиги қайта-қайта таъкидланди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

САҲОВАТПЕШАЛИК ҚАЛБЛАРНИ ЗИЙНАТЛАЙДИ

17.05.2020

Инсонларга қилинган ҳар бир яхшилик, хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби эзгу амаллар киши қалбини зийнатлайди. ДХХ Косонсой тумани бўлими, туман ИИБ, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ўзбекистон мусулмонлари идораси туман вакиллиги ҳамкорлигида бир неча ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Албатта, бу каби тадбирларни улуғ рамазони шариф ойи ҳамда ушбу синовли кунларда ташкил этилаётгани аҳамиятлидир.

Бундай тадбирлар давом этади.

ВИЛОЯТИМИЗДАГИ СУВ ОМБОРЛАРИ, УЛАРНИНГ ДАМБАЛАРИ МУСТАҲКАММИ?

16.05.2020

Наманган заминида етиштириладиган нозу неъматлар довруғи бежизга дунёга кетмаган. Бу муқаддас юртнинг олмаси-ю анорларига бағишлаб шеърлар, қўшиқлар айтилган. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан тизимга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли вилоятимиз боғбону соҳибкорлари томонидан етиштирилаётган мева-ю сабзавотлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми ошди, экспортига кенг йўл очилди.

Аммо буларнинг барчаси таг заминида об-ҳаёт турганини ҳам эътибордан қолдирмаслигимиз керак. Зеро, сув бор жойдагина яратиш, яшнатиш бўлади,  ундан тежаб-тергаб фойдаланилсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Мухбиримизнинг вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир УМАРОВ билан қилган суҳбати ҳам шу мавзуда бўлди.

 

Наманган географик жиҳатдан жойлашган ўрни бўйича ўзига хос хусусиятга эга – Норин-Сирдарё ҳавзасининг текисликлари, тоғлик, қир-адирликлардан иборат, – дейди Ж. Умаров. – Шундан келиб чиқиб, вилоятдаги суғориладиган ерларни суғоришда ўзи оқар сувлардан, насос-куч воситаларидан, шимолий худудлардаги қир-адирликларни сув билан таъминлашда эса тоғлардан оқиб тушувчи маҳаллий сойларнинг ўзанида қурилган сув сақлаш ҳавзалари – сунъий сув омборларидан кенг фойдаланилади. Бу юмушларнинг ўз вақтида уддаланишида эса 1985 йилда вилоят сув хўжалиги бошқармаси таркибида ташкил этилган ва республика Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йилдаги буйруғи билан мустақил ташкилот сифатида фаолият юритиб келаётган бошқармамиз ишчи-ходимларининг хизматлари салмоқли.

 

Бошқарма таркибида 9 та сув ва 8 та сел омборлари мавжуд бўлиб, уларнинг доимий равишда ишчи ҳолатида бўлиши, соз сақланиши учун жамоамизнинг 193 нафар ходими самарали фаолият юритиб келмоқда. Чуст туманидаги «Резаксой» (лойиҳавий сиғими – 300 млн.м3), Попдаги «Жийдалисой» (лойиҳавий сиғими – 44 млн.м3), шунингдек, Чортоқ туманидаги «Чортоқ» (лойиҳавий сиғими – 30 млн.м3) сув омборларини сиғими жиҳатидан вилоятимиздаги энг катта сув омборлари сирасидан деб айтсак, Косонсойдаги «Қорасув» (6,3 млн.м3) сув омборини вилоятимиздаги энг кичик сув омборларидан дейиш мумкин. Шунингдек, Чуст туманида яна «Варзик», «Кўксераксой», Янгиқўрғонда «Эскиер», «Заркент», Косонсойда «Ертикон» сув омборлари ҳам мавжуд бўлиб, юқорида айтиб ўтган сув омборлари вилоятимиздаги жами 83500 гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашга хизмат қилади, қиш ва эрта баҳорда кўп кузатиладиган ҳудудлардан оқиб ўтувчи маҳаллий сойлардаги сел сувларини ушлаб қолиб, уларни йиғиш учун ҳам мўлжалланган.

 

– Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар ва бунинг оқибатида сел келиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу эса бошқарма ходимларини янада огоҳроқ, ҳушёрроқ бўлишга чақириши табиий, албатта...

 

– Тўғри, Сирдарёдаги «Сардоба» сув омборида юз берган кўнгилсизлик, Сурхондарё ва Навоий вилоятларининг айрим туманларида содир бўлган нохуш воқеалар барчамизни янада ҳушёрликка чақиргани шубҳасиз. Бу жиҳатдан олиб қараганда, юртдошларимиз хотиржам бўлишлари мумкин. Яъни, айтмоқчиманки, вилоятимиз ҳудудидаги жами сув омборларининг сиғими 440.7 млн. м3 бўлса, 14 май ҳолатига 196.732 млн.м3 сув йиғилди.

 

Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги «Ғирвонсой», Янгиқўрғон туманидаги «Қандиён», «Қизсой» ва «Гаистон», Тўрақўрғондаги «Кенгкулсой», Чортоқдаги «Бештол» ва «Қорамурут», Уйчи туманидаги «Сассиқсой» сел омборлари ҳам энг биринчи навбатда айнан вилоятимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқлари  объектларини селдан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

– Олдинда эса ёзнинг жазирамали кунлари...

 

– Фикрингизни тушундим. Вилоятимизда сув танқислигининг олдини олиш мақсадида мавжуд сув омборларининг сиғимини ошириш бўйича қабул қилинган Дастурларга асосан 2017-2018 йилларда Косонсой туманидаги «Қорасув» сув омбори қурилишининг 2-навбатидаги қолган ишларни бажариш учун 2 млрд. 656 млн. сўм маблағ сарфланиб, сув сиғими 3,0 млн.м3 дан 6,3 млн.м3 га етказилди.

 

 «Ертикон» сув омбори сув сиғимини 3 млн. м3 дан 20 млн м3 га етказиш ишлари учун эса 2017-2019 йилларда 49 млрд. 593 млн. сўм маблағ ажратилиб, бугунга келиб мазкур объектда ҳам қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.

 

Президентимизнинг 2018 йилда вилоятимизга қилган ташрифлари давомида битта сув омборини реконструкция қилиш ва иккитасининг қурилиши Республика дастурига киритилган. Яъни, Янгиқўрғондаги «Заркент» сув омборини реконструкция қилиш, Косонсой туманида «Испарон» ва Поп туманидаги «Чоркесар» сув омборларини қуриш кўзда тутилган. Мазкур ишлар амалга оширилгач, вилоятимизнинг Поп, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидаги жами 10 минг гектар экин майдонининг сув таъминоти яхшиланади.

 

Ҳозирда сув омборларининг, улардаги гидроиншоотларнинг техник ҳолати мунтазам равишда малакали мутахассислар томонидан доимий  назорат қилиб борилмоқда, дамбалар ва қирғоқлар ҳолати бўйича мунтазам кузатув йўлга қўйилган. Шунингдек, гидроиншоотлардаги мавжуд механизмлар ўз вақтида техник қаровдан ўтказилиб, созлиги таъминланяпти.

 

Бундан ташқари, баҳор ойларида кузатиладиган сел ва тошқинларни беталофат ўтказиш мақсадида ҳар бир сув ва сел омборларида навбатчилик ташкил этилган. Техноген ва фавқулодда вазиятлар содир бўлганда хабардор қилиш тизими ишлаб чиқилиб, аҳолини огоҳлантирувчи сиреналар, алоқа воситалари ва қўшимча электр таъминоти воситалари билан таъминланган.

 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

 

УСТОЗ САНЪАТКОР, МЕҲНАТ ФАХРИЙЛАРИНИНГ МУЗЕЙГА ТУҲФАСИ

15.05.2020

Устоз санъаткорлар Қаюмжон ака Қориев ва Абдунаби ака Мамажонов туманимизда маданият соҳаси равнақига муносиб ҳисса қўшишган. Бевосита уларнинг бош-қошлигида "Хушнаво" ашула ва рақс ансамбли ташкил этилган. Ансаблнинг Халқ ансамбли номини олишида уларнинг хизматлари салмоқли бўлган.

Бу икки санъаткор айни пайтда нафақада, шунга қарамай, санъат, маданият аҳли бўлган  ёшларга ўз тажрибаларини ўргатиш, панд-насиҳат қилишдан чарчашмаяпти. Яқинда  фахрий санъаткорлар Косонсой тарих музейига ташриф буюриб бир туркум тарихий  ашёларни тортиқ этишди. Улар орасида юз йилликдан зиёд тарихга эга қўлёзма китоблар, яқин ўтмишимиздан ҳикоя қилувчи фотосуратлар, 1980 йилларга тааллуқли "Шашмақом чолғу йўллари Наво ва Дугоҳ мақомлари", "Ўзбек халқларининг анъанавий мусиқаси" битилган грампластинкалар, шунингдек, Абдунаби Мамажоновнинг қўшиқлари ёзилган грампластинка, мусиқа асбоблари, турли тарихий  ҳужжатлар бор. Айниқса, эски, аммо ҳануз ишлайдиган, қўлда ишлатиладиган "Патифон" ўз тарихига эга экан. Мазкур грампластинка қўядиган асбобни Қаюмжон ака Қориевнинг амакиси Юсуфжон Маҳкамов 1932 йили Термизда ҳарбий командирлар тайёрлаш  курсида ўқиган  чоғларида уйларига олиб келган эканлар. Юсуфжон ота Иккинчи жаҳон урушида Польшанинг озод этиш жангларида шаҳид бўлган. Ушбу экспонат жасур жангчидан ёдгорлик сифатида музей  экспонатлари қаторидан жой олди.

 

Ҳабибулло Қараев,

Косонсой тарих музейи

 

ЗАФАР МУБОРАК ПИЛЛАКОРЛАР!

14.05.2020

Қишлоқ аҳолисини уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири – пиллачилик соҳаси Косонсой туманида ҳам жадаллик билан давом этмоқда.

Косонсой туманидаги “Шодиёна диёра ҳосили” фермер хўжалиги пиллачилари 662 кг. зиёд пилла тайёрлаб, (шартномада 520 кг.) йиллик шартнома режасини ортиғи билан (123 %) бажаришди.

Бу муваффақиятда пиллачиларимизнинг азму шижоати ва фидокорона меҳнати алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Косонсой туманида 2654 қути ипак қурти парваришланиб 146 тонна кумуш тола етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда касаначилар ва фермер хўжаликлари ана шу қизғин меҳнат жараёнида фаол иштирок этмоқдалар.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.