НАМАНГАН ВИЛОЯТ СЭОМ: СЎНГГИ ҲАФТА ДАВОМИДА ВИЛОЯТНИНГ АЙРИМ ТУМАНЛАРИДА КОРОНАВИРУСГА ЧАЛИНИШ ҲОЛАТИ ҚАЙД ЭТИЛГАНЛИГИ БИЛАН БОҒЛИҚ РАСМИЙ БАЁНОТ

08.06.2020

Наманган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вилоятнинг Тўрақўрғон, Поп, Косонсой, Уйчи туманларида коронавирусга чалиниш ҳолати янгидан қайд этилганлиги билан боғлиқ ҳолат юзасидан қуйидагиларни расман маълум қилади:

Вилоятимиз ҳудудида жойлашган “Наманган халқаро аэропорти”, Поп туманидаги “Поп-Ашт” ҳамда Косонсой туманидаги “Косонсой-Олабуқа” чегара постларида фаолият юритаётган санитария-карантин пунктларида Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (СЭОМ), ИИБ ҳамда тиббиёт бирлашмалари мутахассислари билан биргаликда кучайтирилган назорат ишлари олиб бормоқда.

Вилоятимизга кириб келаётган ҳар бир фуқаролар қатъий назоратга олинган. Хусусан: бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ фуқаролар карантин муассасаларда карантин назоратига олинган бўлиб тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган ҳолда 14 кунлик тиббий кузатувлар олиб борилмоқда.

Республикамиз ҳудудига юк ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларининг четдан кириб келишида касаллик аниқланмаган бўлсада 5-10 кун ўтгандан кейин олинган намуналарда уларниг айримларида касаллик борлиги аниқланяпти. Шунинг учун уларни карантин талабларига мувофиқ карантин зонада ушлаб, тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, ундан кейингина аҳоли орасига, уйига оила аъзолари даврасига қайтишига рухсат бериляпти.

Вилоятимиз ҳудудига четдан келаётган ёки бошқа ҳудудларга бориб келаётган ҳар бир фуқаро йўл-йўлакай касалликка чалинганлар билан рўбарў келган, учрашган бўлиши ёки битта жойда бир муддат бўлган бўлиши мумкин, шу сабабли биз четдан кириб келаётган фуқароларнинг ҳаммасига потенциал коронавирус инфекцияси манбаси сифатида қарашимиз керак бўлади.

Шу ҳафта давомида вилоятнинг Тўрақўрғон, Поп, Чуст туманларида коронавирусга чалиниш ҳолати янгидан қайд этилганлиги сабабли, беморлар билан мулоқотда бўлган, касалликка гумон қилинган, ҳудудларга кириб келган барча фуқаролардан вирусологик текширувлар учун ҳар куни 1500-1800 тадан намуналар олинмоқда

2020 йил 8 июн кунига кадар вилоят буйича 81375 та коронавирусни аниқлаш буйича таҳлиллар ўтказилган.

Ҳозирда касаллик кайд этилган юқоридаги туманларга четдан кириб келаётган ҳар бир фуқаро лаборатория текширувидан утказилмокда.

Хусусан, 2020 йил 7 июнь куни вилоят ЮКШда коронавирус инфекцияси билан даволанаётган фукаро Т.С билан бевосита алоқада булган К.И. ва К.А., шунингдек Тошкент шаҳридан сабабсиз Поп туманига ташриф буюрган У.Е. ва А.С. исмли 2 нафар фуқаролардан ҳам коронавирус инфекциясига текшириш учун намуналар олинди. Ҳозирда карантин коидалари тўғрисида ҳар куни тушунтиришлар олиб борилишига карамай ушбу фуқаролар коронавирус инфекциясига текширилишдан бош тортиб тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатишган. Ушбу фуқароларга коронавирус инфекцияси ва пандемия даврида белгиланган тартиб-қоидалар тўғрисида қайта тушунтириш ўтказилди ва Тошкентдаги ўзларининг яшаш манзилларига махсус автотранспорт ёрдамида 14 кунлик карантинга олиш учун юборилди ва ҳозирда лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.

 

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА МУҚАДДАС - САМАРАХОН КАРИМОВ!

06.06.2020

Шароф Рашидовнинг ишонган шогирди

 

Косонсойда туғилиб ўсган, ўзининг кўп йиллик ҳалол меҳнати туфайли оддий ўқитувчилиқдан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосари, Чуст ва Косонсой туманларида юқори раҳбарлик лавозимларида ишлаган Самарахон Каримов юрт равнақига улкан ҳисса қўшган давлат арбоби! 

Самарахон Каримовнинг иш фаолияти Иккинчи жаҳон урушидан кейинги суронли йилларга тўғри келди. Жўшқин меҳнат  фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Самарахон Каримов педагогика институтини муваффақиятли тамомлагач, мактаб директори лавозимига тайинланди. Кейинчалик у туман ёшлар ташкилоти раҳбари бўлиб ишлаган кезларида фаол  ташкилотчилигини намойиш қила олди.

Косонсой тумани ёшлари орасида жисмоний тарбия ва спорт майдончаларида мусобақа ва байрамларни мунтазам ўтказиб бориш одат тусига айланди. Бир неча йиллар давомида Абдулҳакимхон Муродов, Бахриддинхон Маҳмудов қишлоқ волейболчиларининг Бутуниттифоқ мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муваффақиятли қатнашишди. 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган VI Жаҳон демократик ёшлари фестивалида уч нафар косонсойлик ёшлар иштирок этди.

Меҳнат ва қийинчиликлар жараёнида чиниққан кишилар ҳар қандай ишни бажаришга ҳозиру нозир бўлар экан. Самарахон ака 1959 йилда Косонсой район партия комитетининг тарғибот ва ташвиқот бўлимига мудир бўлиб тасдиқланди. Сўнгра Косонсой билан бирлашиб, катта туманга айланган Чуст туман ижроқўми раисининг ўринбосари, туман партия комитетининг иккинчи котиби вазифаларида фидойилик кўрсатиб хизмат қилди. Ана шу йилларда у Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушди. Шароф Рашидов то умрининг охирига шогирдини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Бунинг натижасида Наманганда йирик объектлар унинг раҳбарлигида барпо этилди.

Самарахон Каримов барча топшириқ ва вазифаларга катта масъулият билан қараб келган. Буни бошқалардан худди шундай талаб қилиб ишлаган. Сўз билан иш - амал бирга юрса, қарор ва йўл-йўриқлар, берилган ваъдалар амалда тасдиғини топса, раҳбар эл билан яшаб, у билан ҳамдард бўлса, иш бароридан келиб, баракали, натижалари салмоқли, кўзга кўринарли бўлади. Ўз даврида Самарахон ака бу омил, тамойилдан яхши фойдаланиб, иш юритиб келган, халқ ишончи ва ҳурматига эришган.

У киши янгиликлар билан яшаган, янгилик ахтарган, топган, уни амалга татбиқ этган. Берган ваъдасини, у кишидан сўралган илтимосни вақтида бажариш иш услуби занжирида олтин халқа бўлиб турган. Шундан бўлса керак, бу одам қатнашган мажлислар гавжум, мароқли ва натижали ўтган. Ўзи яхшигина нотиқ, сўзлари аниқ, равон, ишонтирувчи, илҳомлантирувчи кучга эга эди.

Самарахон Каримов Чуст ва Косонсой районларига бошчилик қилган йиллари бутун куч-ғайратини, тўплаган бой тажрибаларини шу туманлар ривожи ва равнақига сарфлади. Район, қишлоқларда ихтисослашган хўжаликлар барпо этилди, кўп маданий, маиший тармоқлар ишга туширилди. Бош маҳсулот - пахта етиштиришни кўпайтириш учун катта имкониятлар вужудга келтирилди. Буни Косонсой мисолида кўриш мумкин.

1978 йилдан бошлаб шойи-газлама, пойабзал фабрикалари, пахта тозалаш заводи, йирик автобаза, қурилиш материаллари - асфальт, бетон, ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилиб, маҳсулот бера бошлади.

Раҳбарнинг ишда, айниқса, бирон бир ютуққа эришишида шахсан иштироки, масъул ва сабабчи эканлигига оид бир неча мисоллар келтирамиз. Туман марказида 1930 йилларда қурилган, 100 кишини аранг сиғдирадиган клуб бор эди. Унда куз ва қишда кинофильмлар намойиш этилар, конференция, йиғилишлар ўтказилиб туриларди. Мабодо туманга театр ёки концерт қўйишга санъаткорлар келиб қолса, клубнинг цемент қопланган полига яқин чойхоналардан шолчалар келтирилиб, одамлар шу шолчада ўтириб, томоша кўрар эдилар. Бу аҳвол ўтган асрнинг саксонинчи йилларигача 500 нафар томошабин сиғадиган Садриддин Айний  номли тўқимачилар маданият саройи қурилиб, ишга тушгунича давом этди.

ДЕПУТАТ - АҲОЛИ ОРАСИДА

06.06.2020

Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари шу кунларда ўз сайлов округлари ҳудудида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда аҳоли вакилари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Ўзаро мулоқотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, коронавирус пандемияси таъсирини камайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги бошқа янгиликлар ҳақида фикр алмашилмоқда.

Масалан, туман кенгаши депутати Исроил Жўраев куни кеча "Навбаҳор 2" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлди. Унга МФЙ раиси Абдуғаффор Исомиддинов, 32-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Илҳомжон Усмоналиев, “Қўқимбой” жоме масжиди имом-хатиби Хайрулло Абдуллаев ҳамроҳлик қилдилар. Хусусан, шу маҳаллада яшовчи Низомжон Тожиев хонадонидаги суҳбат юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, унинг марказида халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби ҳолатлар турганлиги қайд этилди.

Шу ўринда  Н. Тожиев яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг муборак Рамазон ҳайити муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан   ўз оиласига бағрига қайтган юртдошларимиздан бириэканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. У бунинг учун давлатимиз раҳбаридан бениҳоя хурсандлигини, бундан кейин ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида астойдил меҳнат қилишга аҳд этганлигини изҳор этди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

КОСОНСОЙДА ПОЛЬША БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ВИЛОЯТДА ИЛК ҚЎШМА КОРХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

06.06.2020

Наманган вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси кўмагида Kasansay Dry Fruits МЧЖ ва Польшанинг Rolbank компанияси ўртасида видеоучрашув ўтказилди.

 

Музокаралар натижасида Косонсойда қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Янги иш бошлайдиган қўшма корхона Наманган вилоятидаги Польша инвестицияси иштирокидаги илк корхона бўлади.

 

Қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик борасида Европада нуфузли ўринга эга бўлган Польша давлати бутун қитъани олма билан таъминлайди. Бу мамлакат соҳибкорлари гектаридан 80-100 тоннагача олма етиштирадилар. Полякларнинг айнан шу тажрибасини Наманган жорий этилиши боғдорчилик ривожида янги йўналишни очиб беради.

КАРАНТИН ҚОИДАСИНИ БУЗГАН ВА ҚИМОР ЎЙНАГАН ШОВВОЗЛАР СУД ТОМОНИДАН ЖАЗОЛАНДИ

04.06.2020

Карантин қоидасини бузган ва қимор ўйнаган шоввозлар суд томонидан жазоланди

Косонсой туман маъмурий суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, туман судининг раиси Б.Абдуллаевнинг раислигида карантин қоидасини бўзиб қимор ўйини ташкил этган шахсларга оид маъмурий иш кўрилди.

 

Воқеа қуйидагича содир бўлган. Ҳуқуқбузарлар Т.У., А.Э., Ю.К. лар Махсус Комиссия томонидан белгиланган Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиб, 2020 йилнинг 4 май куни соат 14:00 ларда яшаш уйини заруратсиз тарк этиб, бир гуруҳ бўлиб, Косонсой тумани, Ширинбулоқ маҳалласида жойлашган Т.Унинг яшаш хонадонида ўйин картасида пул тикиб, қимор ўйинида қонунга хилоф равишда иштирок этганлар.

 

Тезкор тадбир давомида 175 000 сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиниб, вақтинча сақлаш учун “Халқ банки” Косонсой туман филиалига топширилган.

 

Суд Т.У, А.Э., Ю.К. нинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) дан ушбу модданинг1-қисмига қайта квалификация қилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини бир гуруҳ бўлиб содир этганликларини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, қонун санкцияси жарима жазосини тайинлади.

 

Баҳодир Абдуллаев,

Косонсой туман маъмурий суди раиси

 

МУАММО БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

01.06.2020

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Косонсой тумани Баҳористон МФЙ аҳолиси сувсизликдан қийналаётгани тўғрисидаги мурожаат асосида соҳага дахлдор ишчи гуруҳ томонидан ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди.

 

Косонсой тумани “Баҳористон” МФЙ ҳудудида ҳақиқатдан ҳам кўп йилдан ичимлик суви тармоғи тортилмаганлиги ҳисобига аҳоли хонадонлар тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентинннг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ПФ-5386-сон Фармонига асосан 2020 йил “Баҳористон” МФЙ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Мазкур дастур асосида ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли хонадонларни кафолатланган тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, “Обод сув тўплаш ва тозалаш иншооти”дан “Олмазор” МФЙ худудигача олиб келинган магистрал сув тармоғидан “Баҳористон” МФЙ худудигача бўлган 5 км узунликдаги Д-200 мм.ли магистрал ҳамда 10 км. узунликда Д-100 мм.ли, Д-76 мм.ли ички тоза ичимлик суви тармоқлари тортилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари “Баҳористон” МФЙ худудидаги Наманган вилояти насос станциялари энерегегика ва алоқа бошқармаси туман бўлими ҳисобида бўлган “Тошқўрғон насос” сув узатиш станциясида жами 2 та (6-НДВ ва 200- Д90) сув насоси мавжуд бўлиб, бугунги кунга қадар белгиланган график асосида аҳолининг томорқаларини суғориш мақсадида сув етказиб берилган. Бироқ маҳаллий фуқаролар томонидан сувдан тартибсиз равишда фойдаланилганлиги ҳисобига, ижтимоий тармоқларга мурожаат этган фуқаронинг кўчасига бир неча кун сув етиб бормаган. Бугунги кунда юқоридаги ҳолатлар бартараф этилиб, ушбу ҳудудда яшовчи фуқароларга берилган тушунтириш ишлари натижасида мазкур муаммолар босқичма-босқич ҳал этиб келинмоқда.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

ЗАФАР ҚУЧАЁТГАН ПИЛЛАКОРЛАР

30.05.2020

Туманимиз кумуш тола ижодкорлари мавсумни муносиб тўёналар билан якунлашмоқда. Долзарб палла давомида сидқидилдан қилинган меҳнат ўз самарасини бермоқда. Аграр тармоқнинг дастлабки ҳосили ҳисобланмиш пилладан мўл ҳосил етиштириб, зафар маррасига етиб келганлар сони кундан-кун ортмоқда.

 

Куни кеча Худойбердиев ММТП ҳудудидаги пиллакорларнинг ҳам юзлари ёруғ бўлди. Азаматлар мавсум аввалида 275 қути қуртдан 12 тонна-ю 800 килограмм ҳосил тўплашни режа қилгандилар, натижа кўзланганидан зиёда бўлди. Яъни 12.983 килограмм сифатли саноат хом ашёси қабул пуктларига топширилди. Ғалабага эришилишида "Мухтор, Файз, Мирзо", "Шодиёна диёра ҳосили", "Намкосхудсупер элитаси", "Камронбек ҳосили", "Миртоҳирбек", "Икромжон оқ олтини", "Азим Музаффар осмони" сингари фермер хўжаликлари аъзоларининг эришилган ютуқда ҳиссалари катта бўлди. Айниқса, Ашуржон Ҳайитов, Ғофуржон Ғаниев, Инобат Ваҳобова, Хадича Парпиева, Неъматжон Ибрагимов, Ўғилой Нуриддинова, Раҳбарой Тожибоева, Бахтиёр Овчиев, Ўғилой Исоқова, Роҳатой Қаҳҳорова, Нигора Умарова, Розия Асқарова, Карима Солиевалар юқори ҳосилдорликка эришиб, ҳамкасбларига ҳар жиҳатдан ўрнак кўрсатдилар.

 

Бугун-эрта зафар маррасини қучиш шарафига муяссар бўлиш арафасида турган Испарон, Қўқимбой ММТП ҳудудларидаги фермерлар ҳам астойдил меҳнат қилмоқдалар.  Испарон ММТП ҳудудидан "Семурғ", "Самандар ойдин йўллари", "Шукрона ер ҳосили", "Янги шаҳар пахтакорлари", "Испарон касаначи" каби фермер хўжаликларининг Зайниддин Абдувалиев, Умиджон Тожимирзаев, Раҳима Отабоева, Гулсанам Йўлдошбоева, Ғанишер Жўраев, Акромжон Абдуллаев, Дилноза Сулаймонова сингари заршунослари алоҳида намуна кўрсатмоқдалар. Қўқимбойликлар ҳам бу борада кеча-ю кундуз тиним билмаяптилар. Жумладан, "Қўқимбой мададкори", "Мусо ариқ тонги", "Қўқумбой ҳосили", "Сепча булоқ дурдонаси", "Савр сада гавҳари", "Қўқимбой хосияти", "Қўқимбой дурдонаси", "Тошлоқсой олтин толаси" каби фермер хўжаликлари таркибида ипак қурти парваришлаган Файзулла Убайдуллаев, Илёс Жабборов, Маърифат Аббосова, Саломат Мамадиева, Насиба Тожимуродова, Мафтуна Абдуқодирова, Маҳмуда Умарова, Зебо Сайдидинова, Аниса Мамадалиева, Алижон Аҳмедов, Гулбаҳор Мелиева, Мансуржон Нишонов, Азиза Нишонова, Ҳабиба Аҳмадхонова, Зафаржон Юсуповларнинг ҳиссасини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

"Деҳқонобод", "Намуна", "Тергачи" ММТПларда пилла териш мавсумига эндиликда киришилди. Ҳозирнинг ўзидаёқ Одилжон Турсунбоев, Мунира Усмонова, Абдуғаффор Розиқов, Фарҳод Мамажонов, Юсуфжон Ҳошимов сингари пиллакорлар зафар нашидасини сурмоқдалар.

ЮРТБОШИМИЗНИНГ АМРЛАРИ БИЛАН ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ОИЛАМИЗ БАҒРИГА ҚАЙТДИ ДЕЙДИ ҚАНОАТЖОН

29.05.2020

Мухторжон Нажмиддиновнинг ёши 60 га етай деб қолди. У бир пайтлар ҳаётининг энг гуллаган чоғларини оиласидан йироқда, панжара ортида ўтказишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Аммо ўйламай босган қадами оқибатида яқинларининг меҳрига зор, эркидан мосуво қилинган ҳолатда кун кечиришга мажбур бўлди...

Ўзингизни тўрт девор ичида, алоҳида тартиб-қоидаларга бўйсунган тарзда бир кунгина яшашингизни тасаввур этиб кўринг-чи? Қийин, тўғрими? Шунинг учун ҳам, яъни инсоннинг қайсидир қилмиши учун жазо сифатида унинг озодликдан маҳрум этилиши тартиби белгиланган. Бу бир жиҳатдан тарбиявий аҳамиятга ҳам молик қоида. Зеро, одам ёлғизликда, дўсту қадрдонларидан узоқда жазони ўтар экан, кўрган-кечирганларини тош-тарозига солади. Қаерда яхши амал қилгани-ю, қаерда гуноҳга йўл қўйганлигини тушуниб етади. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон ейди. Агар имконият берилса, бутунлай бошқача - одамларга, жамиятга зарарим эмас, манфаатим тегадиган даражада ҳаёт кечирардим, ҳалол меҳнат қилардим, дейди. Энг муҳими ҳам шунда, яъни қилган хатони англаб етишда. М. Нажмиддинов ҳам айни шундай кечинмаларни бошидан ўтказгач, чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини билдирди. 

 Биз Республика Маънавият маърифат маркази туман бўлими раҳбари Дилшоджон Исоқов билан ҳамроҳликда яқиндагина ўзгача қувонч кирган "Навбаҳор" МФЙнинг Якка чинор маҳалласидаги хонадонга бордик.

Мухторжон тиббий кўрикдан ўтиш учун кетган экан, оила бекаси - Қаноатжон ва келинлари Сайёрахонлар бизни илиқ қарши олдилар.

- Билсангиз, қувончимизнинг чеки йўқ, - дейди Қаноатжон кўзларида тўла севинч ёшлари билан. - Ахир ўзингиз тушунасиз, оилада эркак кишининг ўрни  бошқача бўлади. Болаларни боқиш, уларни тарбиялаш ёлғиз аёл учун ниҳоятда қийин кечаркан, аммо шукурки, ниятларимиз ижобат бўлди. Юртбошимизнинг амрлари билан хўжайинимиз оиламизга қайтдилар. Бундан ниҳоятда хурсандмиз ва Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтамиз!

- Ўрни келганда айтиб ўтишим керак, аямиз исмиларига мос равишда - қаноат билан, ҳамма қийинчиликларга чидаб яшадилар, - дейди Сайёрахон. - Бир зум бўлса-да, умидсизликка тушмадилар. Яхши кунлар келишига ишониб, дадажонимиз яна давраларимизни тўлдириб ўтиришларига бизни ҳам ишонтириб юрдилар. Ҳалол меҳнат қилиб, рўзғоримиз камини биргалашиб тўлдирдик. Аҳил-иноқликни, бирдамликни йўқотмадик. Эҳтимол, айни шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло биздан марҳаматини ая-мади.

Мухторжоннинг айтишича, у йўл қўйган қилмиши учун, қишлоқдошлари, қўни-қўшнилари олдида юзи ерга қараб қолишидан чўчиган, қолаверса, улар мени кечирармикан деган ўй-хаёлда бўлган экан. Уйига қайтгач, улар ҳол-аҳвол сўраб келганларидан кейин нотўғри ўйлаганлигини англаб етибди.

- Маҳалладошларимнинг яхшиликларини кўриб, уларга нисбатан меҳрим товланиб кетди. Энди бутунлай бошқача ҳаёт кечираман. Ҳалол ишлаб, пешона тери билан оилам, юртим, ватандошларим, энг аввало, Юртбошимиз ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан, - дейди Мухторжон тўлқинланиб.

Энг муҳими, Мухторжон фарзандлари ва набираларини эл корига ярайдиган, она Ватанига садоқатли инсонлар сифатида тарбиялашга аҳд қилган.

- Менинг хатоим, нафақат бош-қалар, балки, энг аввало, яқинларим учун катта сабоқ бўлишини хоҳлайман, - дейди у. - Президентимизга эса яна ва яна беҳисоб раҳматлар айтаман!

Афв туфайли шоду-хуррамликда яшашни бошлаган оиладан қайтар эканмиз, куни кеча жала-ю, селлар туфайли аянчли ҳолатга келган масканлар, дов-дарахтлар бугун бобо қуёш ҳароратидан баҳра олаётганлигини, гилосу олвалилар, эртаги олмалар ғарқ пишишга туша бошлаганлигини кўриб туриб, бизнинг ҳам дилларимиз яйради. Инсон ҳаёти ҳам худди она табиат сингари турли синовлардан иборат эканлиги, муҳими, ноқулай об-ҳавода ўзни йўқотиб қўймаслик ва қулай шароитлардан ортиқча ҳаволаниб кетмаслик зарурлиги яна бир бор ёдимизга келди...

 

Анорбой ОЛИМОВ,

Косонсойнома газетаси муҳаррири

 

ҚОНУН ҲАЁТ БИЛАН ҲАМНАФАС БЎЛИШИ КЕРАК

28.05.2020

Мамлакатда маданият ўсиши, санъатга қизиқиш ошиши кўплаб омилларга боғлиқ. Уларни чуқур таҳлил қилмасдан, шунга қараб таъсирчан чоралар белгиламасдан, ўзгариш, ўсиш бўлиши қийин. Парламент қуйи палатасида айни кунларда қизғин муҳокама этилаётган “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини шу нуқтаи назардан чиғириқдан ўтказишимиз керак, деб ўйлайман.

Албатта, қонун лойиҳасида соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим масалалар қамраб олинаяпти. Ишчи гуруҳ, депутатлар лойиҳа устида қаттиқ ишлаяпти. Уларнинг меҳнатини ҳурмат қиламан.

Шу билан бирга, ўйлайманки, ҳар бир қонун ҳаётдаги муаммоли ҳолатларга ечим топиб бериши, тегишли қонун тааллуқли соҳасига сингиб кетиши керак. Қонун бир томонда ҳаёт бошқа томонда қолиб кетаверса, биз парламентда ўтириб реалликдан узоқлаша борамиз, деб қўрқаман.

Маданият, санъат соҳасида билимдон эмасман. Аммо тадбиркор сифатида ходимлар меҳнати, малакаси, мутахассислик масъулияти қанчалик аҳамиятга эга эканидан озми-кўпми хабардорман. Айнан маданият соҳасида кадрлар масаласи яхши эмаслиги жойларда муаммоли ҳолатларга сабаб бўляпти. Қонун лойиҳасида эса бу масала эътибордан четда қолаётгандек.

Мен таклиф бераяпманки, Маданият вазирлигининг ваколатларига кўшимча равишда маданият соҳасида катта тажрибага эга, лекин маълумоти ўрта ёки педагогика коллежларини битирган номутахасис кадрларга юқори малака даражасини бера олиш имкониятини назарда тутиш керак. Вазирликка бу ваколат берилмаса, жойлардаги кадрлар билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш жуда қийин бўлади, деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда оддий бир туманда маданият соҳасида 30 нафардан кўпроқ ходим бўлса, уларнинг бор-йўғи 2 ёки 3 нафари олий маълумотли мутахассис холос. Шаҳар жойларда вазият яхшироқ бўлиши мумкин, лекин мамлакат миқёсидаги умумий ҳолат ҳаминқадар.

Ўрта ёки ўрта махсус маълумот билан йиллар давомида ишлаб, тажриба орттирган ходимлар нега энди юқори малакали мутахассис бўла олмаслиги керак? Биз инсонни қўлидаги ҳужжатига қараб эмас, ишга меҳри, масъулияти, касбга садоқатига қараб ҳам қадрлашимиз зарур. Акс ҳолда, қонунлар ҳам, ҳужжатлар ҳам расмиятчилик ботқоғига қоришиб кетади.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

ЁШ ИЖОДКОРДАН ЯНГИ КИТОБ

26.05.2020

Салимжон Жўрабоев муҳтарам Президентимиз назари тушган Косонсой ёшларидан бири. У ўтган йили Фарғона шаҳридаги ҳарбий-техника йўналишидаги академик лицейида ўқиётган пайтида Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифлари доирасида мазкур лицейда бўлиб, ёшлар, шу жумладан, Салимжон билан дилдан суҳбатлашиб, унга омад тилаган эдилар. Учрашувда Салимжон Юртбошимизга "Наманган" нашриётида чоп этилган, "География" деб номланган китобини тортиғ этган эди. Ўшанда Шавкат Миромонович Салимжонга илмий изланишларини давом эттириб, янги-янги китоблар ёзишига тилак билдирган, ўз навбатида бу истеъдодли йигит юксак ишончга муносиб бўлишга ваъда берган эди.

Куни кеча "Наманган" нашриётида Салимжоннинг навбатдаги “Косонсой тарихи ва географияси" деб номланган китоби нашрдан чиқди.

Китоб Косонсой тарих музейи билан ҳамкорликда, музей директори Муҳаммадхон   Акрамов муҳаррирлигида чоп этилди.

Салимжон Жўрабоев 2000йилда Косонсой туманида туғилган. Тумандаги 5-мактаб, Фарғонадаги ҳарбий академик лицейини битирган. Ҳозирда Тошкент Давлат юридик университети талабаси.

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.