ВАЗИЯТ БАРҚАРОР

09.04.2020

Вилоятимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси  бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировнинг маълум қилишича, вилоятга четдан кириб келганлар ва коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида 35 жойдаги карантин тадбирларига сафарбар этилган.

Бу муассасаларда ва уйларда 35 минг нафардан ортиқ одам саломатлиги устидан тиббий назорат ўрнатилган эди. Карантин кузатуви муддатини тамомлаган фуқарорлар бирин-кетин яшаш жойларига қайтарилмоқда. Жумладан, хориждан олиб келинган ва Тўрақўрғон юқумли касалликлар шифохонаси, “Косонсой” ҳамда “Чортоқ” сиҳотгоҳларига жойлаштирилган ҳамюртларимиз ўз юртларига  кузатиб қўйилди. Ўтган куни яна 29 нафар киши касаллик аниқланмаганлиги учун Поп тумани собиқ юқумли касалликлар шифохонасини тарк этди.

Бугунги кунда 2,5 минг нафардан зиёд фуқаро тегишли муассасалардаги  карантин тадбирларига жалб қилинган. Уларнинг яшашлари, овқатланишлари учун зарур шароитлар яратилган. 568 нафар  тиббиёт ходими туну кун кузатувдаги кишилар саломатлигини назорат қилиб бормоқда. Жумладан, 102 нафар врач, 210 нафар ҳамшира ва 256 нафар кичик тиббий ходимлар карантиндагиларга хизмат кўрсатмоқда.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳозирги вақтда 54 нафар коронавирусга чалинганлар даволанишмоқда. Беморларнинг ҳолати яхши. Яқин кунларда бир неча нафар кишининг бутунлай соғайиб кетиши кутилмоқда. Уларни соғломлаштириш ишларига энг малакали мутахассислар  жалб қилинган. Дори дармон таъминотида ҳеч қандай муаммо йўқ.

 

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот  хизмати

АЗИЗ ҲАМЮРТЛАР!

08.04.2020

Бугунги синовли даврда эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз ва улардан кўмагимизни аямаслигимиз лозим. Шу мақсадда туманда ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.

Сиз ҳам бу эзгу ишда фаол қатнашиб, Косонсой туманидаги “Ҳомийлик жамғармаси”нинг қуйидаги ҳисоб рақамларига жисмоний ёки юридик шахс сифатида маблағ ўтказиш йўли билан ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин.

Қўли очиқ бўлиш, меҳр-мурувват кўрсатиш инсонлар дилларига қувонч бағишлаш катта савобли ишдир.

Ушбу хайрли ишга бефарқ бўлмайсизлар, деган умиддамиз.

“Ҳомийлик жамғармаси”нинг ҳисоб рақамлари:

 

Ҳ/р: 2021 2000 6005 3302 1001

ИНН: 202 038 317

МФО: 01049

Банк: Микрокредитбанк АТБ Косонсой бўлими

Олувчи: Махдуми Аъзам жамғармаси;

Тўлов мақсади: Эҳтиёжманд оилалар учун ҳомийлик маблағи

 

Пластика карта орқали маблағ ўтказиш:

8600 0529 2421 0394 (Мақсудов Раимжон) 

 

КОСОНСОЙ ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИ РАҲБАРИ: УЙДА ҚОЛИНГ!

07.04.2020

Ҳурматли туманимиз аҳолиси!

 Ҳозирги вақтда коронавирус тарқалишига қарши энг самарали чора – карантин қоидаларига амал қилишдир. Сизни матонатли бўлишга, сабр ва мулоҳаза қилишга чақирамиз.

Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклаши ва умуман олганда жамиятда одамлар орасида масофа сақлаши зарур.

Бундай фожиа ҳар биримизнинг бошимизга тушиши мумкин. Токи, карантин қоидаларига қатъий амал қилмас эканмиз, бир-биримиз билан кўришишда давом этар эканмиз, ҳуда-беҳудага кўчага чиқишга ошиқаверар эканмиз, коронавирус пандемиясига барҳам бера олмаймиз.

Ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ва бошқа инсонларнинг ҳаётига хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Шу муносабат билан яна бир марта барчани алоҳида огоҳлантирамиз ҳамда ўз ҳаракатингиз билан нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз ва халқимизга зиён етказишингиз мумкинлигини доимо эсда тутишингизни сўраймиз.

Ҳурматли фуқаролар, барча қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаби қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган бу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Барчангизни шунга чақирамиз.

Ҳеч кимнинг бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ.

Уйда ўтиринглар, ака-ука, қариндош-уруғ, ошна-оғайни - барча иложи борича ҳеч ким бир-бири билан кўришмасин.

Фақат телефон орқали онлайн мулоқотда бўлайлик.

Бугунги кунда ҳаттоки, ота-онани кўриш учун бориш ҳам ниҳоятда хавфли. Жуда хавфли.

Агар уларни яхши кўрсангиз, эҳтиёт қилай, ҳаётини, соғлигини хатарга қўймай десангиз, ҳеч ким билан кўришманг, уйда қолинг!

Ҳар бир ҳаракатимиз ортида бизнинг, яқинларимизнинг тақдири турибди.

Илтимос, мана шу сўзларимизни телефон орқали жамики таниш-билишларингизга, яқинларингизга етказинг.

Коронавирус аталаётган балонинг оқибатини кўпчилик тушуниб етмаяпти.

Касаллик билан ҳазиллашманг, унинг хавфини тасаввур қилинг ва бу занжирни узишга сидқидилдан ёрдам беринг!

 

Олимжон Қосимов,

Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари

 

ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ ТУМАНИМИЗГА ТАШРИФ БУЮРДИ

06.04.2020

Жорий йилнинг 5 апрель куни Косонсой туманига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов ташриф буюриб, янги ташкил этилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимида туманимизда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, ҳозирги кунда юртимизга таҳдид солаётган коронавирус касаллигини олдини олиш бўйича олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари билан танишиб, эҳтиёжманд оилаларга туманимиз маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган ҳомийликни мувофиқлаштирилиш марказининг фаолияти билан танишди.

Шунингдек, Азизбек Икрамов туман ҳудудидаги 4 та секторда ҳар бир маҳалла ҳудуда аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши бўйича кўрилаётган ишлар билан ҳам танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ БЎЙЛАБ БОЗОР ЁКИ САВДО НУҚТАЛАРИДАН УЗОҚ ҲУДУДЛАРДА МУҚИМ ВА КЎЧМА САВДО ШАХОБЧАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

04.04.2020

Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 3 апрелдаги 124-ф-сонли фармойиши билан коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларининг амал қилиш даврида вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш ҳамда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди.

 

Фармойишга асосан ҳудудий ташкилий гуруҳлар томонидан икки кун муддатда маҳаллалар кесимида савдо шаҳобчаларини ташкил этиш зарурияти ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозор ёки савдо нуқталаридан узоқ ҳудудда жойлашган маҳалла ёки бошқа аҳоли пунктлари ажратиб олиниб, рўйхати тузилади ва мазкур рўйхат асосида тегишли ҳудудда (олис қишлоқларда, кўп қаватли уйлар олдида) савдо шахобчаларини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилади.

 

Бунда асосий эътибор ушбу ҳудудда жойлашган бозорлар филиаллари, дўконлар ҳамда савдо расталарига қаратилади. Агарда бундай имконият мавжуд бўлса, муқим савдо шахобчаси, мавжуд бўлмаган тақдирда кўчма савдо шаҳобчаси ташкил этилади.

 

Ушбу савдо нуқталарида ун, макарон, ўсимлик ёғи, гуруч, мош, шакар, туз, чой, картошка, пиёз, сабзи, тухум, карам, кўкат, томат ва консерва маҳсулотлари доимий бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

 

Санитария ва гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда қўшимча равишда тез бузилувчан маҳсулотлар (сут, гўшт, балиқ ва бошқалар) ҳамда хўжалик моллари савдоси ҳам ташкил этилиши мумкин.

 

Ҳудудларда ташкилий гуруҳларга туман (шаҳар) ҳокими раҳбарлик қилади, унинг таркибига секторлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария бўлимлари, Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари хўжаликлари Кенгаши, деҳқон бозори маъмурияти раҳбарлари киритилади.

 

Албатта ушбу тадбирларнинг барчаси карантин, санитария ва эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилган холда ижтимоий оралик масофа (2 метр) сақлаган ҳолда амалга оширилиши шартлиги белгиланмоқда.

ҲУРМАТЛИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИ!

04.04.2020

Барчамизга маълумки, айни кунларда Сovid-19 вируси туфайли бутун дунёда, жумладан юртимизда карантин эълон қилинган ва кўпчилигимиз уйда оила даврасидамиз. Зарурат бўлганда кўчага чиқмоқдамиз. Косонсой туман электр таъминоти корхонаси ходимлари ҳам «Сиз уйда қолинг, биз сиз учун ишдамиз» шиори остида халқимиз учун сифатли электр энергиясини етказиб бериш учун харакат қилишмоқда. Фойдаланган электр энергиясидан бўлган қарздорлик ёки ҳақдорликка аниқлик киритиш учун истеъмолчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида тизимли тарзда мулоқотни йулга қўйилмоқда.

Ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 8:00дан 17:00гача 69-65-23-762 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Сиз истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни уйдан чиқмасдан Click, PayME, ҳамда барча банкларнинг мобил иловалари орқали тўлашингиз мумкин.

Туман электр тармоқлари корхонасига мурожаатлар қоғоз шаклида ҳужжатлар қабул қилиш тўхтатилганлиги сабабли, мурожаатларни электрон тарзда телеграм тармоғи орқали қуйидаги +998999106550 рақамига жўнатишингиз мумкинлиги ҳамда натижаси бўйича ушбу рақамлар орқали маьлумот олишингиз мумкин.

Электр энергияси тармоқларида узилиш ва авария ҳолати кузатилганда “'Тезкор бригада хизмати”га ёки  69-65-21-811, 69-65-23-268 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

“Сиз уйда қолинг биз сизга сифатли электр энергия етказиб берамиз”.

 

Косонсой туман ТЭТК

КОСОНСОЙ ҲАМДА ТЎРАҚЎРҒОНДАГИ КАРАНТИНДАГИЛАР ЮРТЛАРИГА ҚАЙТИБ КЕТИШДИ

31.03.2020

Аввал хабар қилганимиздек, янги турдаги коронавирус инфекцияси - COVID-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида бир гуруҳ ватандошларимиз хориждан қайтарилган эди. Жумладан, Эрондан олиб келинган 37 нафар  ва Латвия давлатидан қайтган 175 нафар киши Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда “Косонсой” сиҳатгоҳида карантин кузатувига олинган эдилар. Бугун улар карантин муддатини тамомладилар ва ўз юртларига мамнуният билан жўнаб кетишди.

Шу давр мобайнида сиҳатгоҳ ва шифохонада меҳмонларга барча шароитлар яратиб берилди. Саломатликлари эса шифокорларнинг қатъий назоратида бўлди.

Жанубий Корея давлатидан Ўзбекистонга олиб келинганлар ҳудди шу тартибда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чотқол” сиҳатгоҳида карантинда бўлишди. Улар орасида 29 нафар вилоятимиз вакиллари ҳам бор эди. Бугун улар ҳам Наманганга қайтиб келишди. Энди ҳамюртларимиз уй карантини шароитида шифокорлар кузатувида бўлишади.

           

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

“МЎЪТАБАР АЁЛ” КЎКРАК НИШОНИ МУБОРАК БЎЛСИН!

30.03.2020

Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова томонидан жамият ҳамда давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши, фаровонлиги, мустаҳкамланиши, шунингдек, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилган эди. Мукофотланганлар орасида Косонсой туман Халқ қабулхонаси раҳбари Тоҳирахон Муйдинова ҳам бор эди.

Шу муносабат билан Косонсой туман ҳокимлиги фаоллар залида Тоҳирахон Муйдиновага Косонсой туман ҳокими Баҳодир Юсупов томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Косонсой туман ҳокими Б.Юсупов ушбу юксак эътироф билан табриклар экан, келгусида бундан-да, юксак мукофотларни қўлга киритишда куч-ғайрат ва соғлик саломатлик тилади.

Барчамизга маълум, Тоҳирахон Муйдинова қатор йиллардан буён вилоятимиз ҳамда туманимизда самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Кўкрак нишони билан мукофотланганларга энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида пул мукофоти ҳам берилади.

Маълумот ўрнида, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

РАСМИЙ: НАМАНГАН ШАҲРИДА ҲАРАКАТЛАНИШ УЧУН БЕРИЛАДИГАН МАХСУС РУХСАТНОМА ОЛИШ ТАРТИБИ

29.03.2020

Ҳурматли Наманган вилояти фуқаролари!

2020 йил 30 март соат 06:00дан 20 апрель соат 00:01га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида, шу жумладан Наманган шаҳрида Давлат хизматлари маркази томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Мазкур рухсатномалар Наманган шаҳрида қуйидаги фаолиятларни амалга ошириш учун бириктирилган автотранспорт воситаларига тақдим этилади:

Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;

Санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари;

Бунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчи ходимлари марказлашган тартибда автобус (микроавтобус) орқали Наманган шаҳрига киритилиши белгилаб қўйилмоқда.

Махсус рухсатнома (стикер) Наманган шаҳридаги Давлат хизматлари маркази томонидан берилади.

Махсус рухсатнома бериш тизими жорий йилнинг 29 март соат 09:00дан амалиётга жорий этилди.

Махсус рухсатнома Марказга ташриф буюришдан олдин, марказга олдиндан (69) 227-00-32, (69) 227-00-31 рақамлари орқали телефон қилиб, маълумотлар оператор томонидан тўлдирилганидан сўнг қабул қилинади.

Аввалдан рўйхатдан ўтмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари кўриб чиқилмайди.

Биринчи навбатда озиқ-овқат ва дори-дармон ташувчи юридик шахсларнинг, кейин эса жисмоний шахсларнинг аризалари қабул қилинади.

Махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган бошқа автотранспорт воситалари фақатгина ушбу муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади. Шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатьиян ман этилади ва тартиб бузилган ҳолатларда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади

Фозилжон Жўрабоев,
Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари

 

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИДАН УЙДА ҚОЛИБ ФОЙДАЛАНИНГ!

28.03.2020

Ҳурматли фуқаролар, қадрли наманганликлар!

Хабарингиз бор, бугунги кунда коронавирус инфекцияси вилоятимиз худудидатарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

 

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси учун ҳам, фуқароларга давлат хизмати кўрсатишда давлат хизматидан фойдаланувчиларни ушбу вирусдан ҳимоя қилиш биринчи галдаги долзарб вазифасидир.

 

Айни кунларда мамлакатимизда карантин эълон қилинганлиги сабабли Давлат хизматлари марказида масофадан туриб мижозлар билан ишлаш тартиби жорий этилди.

 

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини тасдиқлашда электрон рақамли имзоингиз бўлса кифоя.

 

Бунда сиз марказ ходимига телефон орқали мурожаат қилиб, унинг кўмаги асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (http://my.gov.uz) ёрдамида барча хизмат турларидан фойдаланишингиз мумкин.

 

Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази - 69-227-00-32, 69-227-00-31.

Мингбулоқ туман Давлат хизматлари маркази - 69-452-17-13.

Косонсой туман Давлат хизматлари маркази -69-652-52-06.

Наманган туман Давлат хизматлари маркази - 69-472-08-53, 69-472-12-38.

Норин туман Давлат хизматлари маркази - 69-612-31-43.

Поп туман Давлат хизматлари маркази - 69-438-11-06.

Тўрақўрғон туман Давлат хизматлари маркази - 69-442-19-39.

Уйчи туман Давлат хизматлари маркази - 69-482-24-98.

Учқўрғон туман Давлат хизматлари маркази - 69-462-23-40.

Чортоқ туман Давлат хизматлари маркази - 69-412-43-60.

Чуст туман Давлат хизматлари маркази - 69-423-32-05.

Янгиқўрғон туман Давлат хизматлари маркази - 69-632-38-20, 69-632-28-04.

 

Шунингдек, мурожаатлар учун махсус ташкил этилган телеграмдаги (https://t.me/davxizmat), (https://t.me/dxanamviloyat) ва (https://t.me/agunam) ҳамда фейсбукдаги https://www.facebook.com/pg/namangandavxizmat саҳифасига ўзингизни қийнаётган масалалар бўйича ёзишингиз мумкин!

 

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.