ПОЛИКЛИНИКА БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММО БЎЙИЧА ТУМАН ҲОКИМЛИГИНИНГ БАЁНОТИ

14.01.2020

Ижтимоий тармоқларда Косонсой туманидаги поликлиника билан боғлиқ “Поликлиниканинг бир шифокори иш жойида эмас, бошқаси қабул қилишдан бош тортди” сарлавҳали материалга

 

МУНОСАБАТ

 

Жорий йилнинг 9 январь куни Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Поликлиниканинг бир шифокори иш жойида эмас, бошқаси қабул қилишдан бош тортди” номли материалга Косонсой туман ҳокимлиги муносабат билдиради.

Ушбу материалда Наманган вилояти Косонсой тумани Навбаҳор МФЙда яшовчи Анваржон Мўйдинов исмли фуқаро 8 январь куни Косонсой тумани 6-сонли оилавий поликлиникага бетоблиги сабабли мурожаат қилганлиги, қабулхонадан тиббий картасини топиб беришолмагани кейин эса Навбаҳор ҳудудига бириктирилган врач қабулига кирмоқчи бўлганлиги лекин врач соат 11:00 да иш жойида бўлмагани, қўшни хонадаги врач эса бошқа ҳудуд беморини кўрмаслиги, бундай ҳолат биринчи марта бўлмаётгани айтилган.

Ушбу ҳолат 2020 йилнинг 10 январь куни Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси Наманган вилояти бўлими бош мутахассиси Б. Валиев, Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О. Қосимов ва бошқа мутасадди шахслар томонидан ўрганиб чиқилди.

Фуқаро Анваржон Мўйдинов 8 январь куни соғлиги ёмонлашгани учун 6-сонли оилавий поликлиникага мурожаат этиб ўз ҳудуди врачига учрашмоқчи бўлган. Ҳудуд потранаж ҳамшираси малака оширишда бўлган. Бемор картаси эса унинг хонасида бўлган.

Ҳудуд врачи Ж. Шамсиддинов айни шу вақтда ҳудуддаги бошқа бир беморни назорат қилиш учун борганлиги учун қабулда бўлмаган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритилмасдан мурожаат асоссиз равишда ижтимой тармоқларга юборилган.

Косонсой тумани ҳокимлиги ўз фаолиятида туманда халқ розилиги ҳамда қонун талаблари ижроси таъминланишини устувор вазифа деб билади ва бунга асосан иш олиб боради. Халқнинг мавжуд муаммоларини қонун доирасида ҳал этилишини изчил давом эттиради.

 

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

КОСОНСОЙ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

10.01.2020

6 январь 2020 йил                                              Косонсой тумани 6-сонли

 

Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг биринчи сессиясини чақириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан

 

ҚАРОР  ҚИЛАМАН:

 

1.Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг биринчи сессияси 2020 йил 14 январь куни  соат 10:00га чақирилсин.

2. Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилсин:

1) 2019 йил 22 декабрда ўтказилган Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича туман сайлов комиссияси раисининг ахбороти.

2) Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида.

3) Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш тўғрисида.

4) Халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш тўғрисида.

5) Ташкилий масала.

6). Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аьзолигига номзодни тавсия этиш ҳақида.

3. Сессияга халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, мутахассислари, ташкилот ва корхоналар, сиёсий партиялар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилсин.

 

 

Туман ҳокими:                                                       Б.Юсупов.

 

ЯНГИ ЙИЛДА ЁШЛАР БИЛАН ДАСТЛАБКИ УЧРАШУВ

06.01.2020

Ҳар қандай жамиятнинг иқболи ва истиқболи ёш авлодга бўлган эътиборга боғлиқлиги аён. Президентимиз фаолияти ва қарашларининг муҳим йўналиши ҳам шунга қаратилгани бежиз эмас. Келажагимиз бунёдкори, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи - ёшларга муносабат масаласи давлатнинг устувор сиёсатига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Норин туманида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг селектор тарзида ёшларга мурожаати ҳамда Косонсой туман ҳокимлигида “Янги Ўзбекистонни, ёшлар билан бирга қурамиз” шиори остида йилнинг дастлабки учрашуви ўтказилди.

Учрашувда фан ва олимпиада, спорт мусобақалари ғолиблари, ёшлар етакчилари, ёш тадбиркорлар ҳамда уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда туман ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқиб, муҳтарам юртбошимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб, ёшларни маънавий жиҳатдан баркамол, етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар, фидоий, ёт ғояларга қарши кураша оладиган ҳолда тарбиялаш бугунги куннинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлаб, иқтидорли ёшларга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги ҳамда истеъдодли ёшлар Ватанимиз эртаси учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам кўп жиҳатдан ёшлар салоҳиятига боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда навқирон авлод вакиллари ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Ёшлар томонидан билдирилган бир қатор масалалар бўйича ҳам фикрлар тингланиб, улар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар, шунингдек, 2020 йилда ёшлар ўртасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан келишиб олинди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

БОЛАЖОНЛАР УЧУН ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

30.12.2019

2020 йил кириб келишига оз фурсатлар қолди. Айни шу дамда қалбларимизни йил сарҳисобию, янги йил байрам шукуҳи қамраб олган. Бугун туман ҳокимлиги ташаббуси билан миллий маданият марказида болажонлар учун янги йил байрами тадбири ташкил этилди. Юз-кўзларида қувонч ва шодлик, ўзларига кўрсатилаётган чексиз эътибор ҳамда ғамхўрликдан мамнунлик ифодаси балқиган болажонлар иштирокида ўтган тадбирда туман ҳокими Б. Юсупов иштирок этиб, барчани байрам билан қизғин қутлади.

Ўтказилган тадбирда болажонлар учун қизиқарли томоша ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Болажонларнинг шўх-шодон куй-қўшиқлари байрам тадбирига ўзгача файз киритди. Барча ташриф буюрган жажжи болажонларга янги йил совғаси улашилди. Болалар турли эртак қаҳрамонлари билан бирга қўшиқлар куйлаб, рақсга тушдилар. Шунингдек тадбирда Хитой халқ республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан табриклаб ўтишди.

Бир сўз билан айтганда ўтказилган Янги йил байрам тадбири болажонлар қалбига қувонч бахш этиб, эсда қоларли кун бўлди десак, муболаға бўлмайди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

КОСОНСОЙДА ЗАМОНАВИЙ ХУСУСИЙ КЛИНИКА ИШ БОШЛАДИ

28.12.2019

Янги йил арафасида Косонсой туманида “Иброҳимжон ота” хусусий клиникаси иш бошлади. Ушбу тадбирда туман ҳокими Баҳодир Юсупов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида бозор иқтисодиёти муносабатларини татбиқ этиш асосида нодавлат даволаш муассасаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори мана шундай замонавий хусусий клиникалар сони ортишига хизмат қилмоқда.

Ушбу объект қурилишига тижорат банки томонидан ажратилган 1,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит ва лойиҳа ташаббускорининг 6,5 миллиард сўмлик маблағи сарфланди.

- Бундай замонавий тиббиёт муассасалари, айниқса, барча қулайликларга эга хусусий клиникаларнинг чекка қишлоқларимизда ҳам очилиши мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг ривожланиши ва аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим қадам ташланаётганининг белгисидир, - деди туман ҳокими Б.Юсупов. - Албатта, барчамиз “Иброҳимжон ота” хусусий клиникасига ўхшаган кўп тармоқли тиббий марказларнинг кўпайиши тарафдоримиз. Чунки, кўриб турганимиздек, бу ерда турли хасталикларни эрта аниқловчи замонавий ускуналар мавжуд. Бу дегани - аҳоли ортиқча вақт ва маблағ сарфламай, шундай шинам марказларда деярли тўлиқ тиббий кўрик ва ташхислардан ўтишлари, саломатликларини тиклашлари мумкин бўлади.

Шунингдек, тиббий марказда лаборатория, УЗИ, ЭКГ орқали турли касалликларни эрта аниқлаш ва ташхис қўйиш имкониятлари ҳам мавжуд. Клиника 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, физиотерапия, массаж, фитобар бўлимларида даволанувчилар учун барча қулайлик яратилган. Клиника иш бошлаши билан 30 нафар киши иш билан таъминланади.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

ОҚИЛХОН ТИЛЛАХОНОВ – ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЭЪТИРОФИДА!

28.12.2019

Ҳар йили янги йил байрами арафасида турли соҳа вакилларини мукофотлар билан тақдирлаш яхши анъанага айланган.

Хусусан, кеча Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкилланган маданият, спорт, журналистика ва ёшлар ҳаётида 2019 йил якунларига бағишланган Янги йил шоу-карнавали бўлиб ўтди.

Сўз эркинлигини ривожлантириш, аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, вилоятимиз ҳамда туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ютуқларини, янгиланиш жараёнларини кенг ёритиш борасидаги самарали меҳнати учун “Косонсойликлар” телеграм канали администратори Оқилхон Тиллахонов Наманган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг ташаккурномаси ҳамда совғаси (компьютер жамланмаси) билан тақдирланди.

- Тўғриси, бундай бўлишини кутмагандим. Вилоят ҳокими қўлидан мукофотни олар эканман, жуда ҳаяжонланиб кетдим. Бу йил менга ўзгача келди. Кўплаб муваффақият ва ютуқларга эришдим. Меҳнатинг эътироф этилса ҳам хурсанд бўласан, ҳаяжонланасан, киши. Тўғриси, ҳаяжонимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Оила аъзоларим, ҳамкасбларим, яқинларим ҳам мен билан баравар қувонди.

Ўйлайманки, ҳар бир инсон ўз ишидан, яшаётган жойидан фахрланиши, мамнун бўлиши керак. Айнан шу туйғулар одамни янгиликлар қилишга, яхшиликка ундайди, янги марралар сари куч беради. Айни пайтда ўзимда ана шундай шижоатни ҳис қиляпман – дейди Оқилхон биз билан суҳбатда.

Қалам аҳли учун маънавий рағбатдан, эътирофдан ортиқроқ мукофот йўқ. Кўз нури, қалб қўри ила ёзилган мақолалар халқ томонидан юқори баҳоланиши, эътироф этилиши ижодкор кўнглини осмон қадар юксалтириб юборади. Машаққатли меҳнати ва изланишларини юксак баҳоланиши, эътироф этилиши барча ижодкорга ғурур-ифтихор, янги куч-ғайрат, ижодий кўтаринкилик бахш этади.

Биз ҳам ҳамкасбимизни юксак мукофот билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, бардавом ижодий зафарлар тилаб қоламиз.

 

Рустамхон Темиров,

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

"КЎНГИЛ КЎЗИ" ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ "СОВҒАЛАР КАРВОНИ" - КОСОНСОЙДА

24.12.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида Янги йил байрами арафасида «Совғалар карвони» хайрия акцияси бошланди.

12 та машинадан иборат карвон юртимизнинг барча 12 та ҳудудидаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларига совғаларни етказади.

Ташаббус натижасида энди ҳар бир интернат замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари ва Брайл алифбосида чоп этилган кўплаб босма ҳамда аудио китобларга эга бўлади.
Агентликнинг ушбу акцияси кўришда нуқсони бўлган болалар қалбига илиқлик олиб киришга, уларга Янги йилнинг байрамона кайфиятини туҳфа этиш ва саломатликларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Ушбу хайрли ва савобга йўғрилган ташаббус болаларни кўзлаган мақсадларини амалга ошириш ва ҳаётий ғалабаларга эришишларига ёрдам беришдек эзгу ғоя билан уйғунлиги аҳамиятли.
"Кўнгил кўзи" лойиҳаси доирасидаги "Совғалар карвони" Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 45-сонли кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатига ҳам етиб келди.
Энг сара ва нодир адабиётлардан иборат Брайл алифбосидаги китоблар жамланмаси, оргтехника жиҳозлари, замонавий мусиқа ва спорт анжомлари, ширинликлардан иборат совғалар ўқувчиларга олам-олам қувонч бахш этиб, улар қалбини зиёга тўлдирди.
Илм маскани ёшларига "Совғалар карвони" туҳфаларини тақдим этишда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар, вилоят халқ таълими бошқармалари, турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, устоз-муаллимлар ва ота-оналар жам бўлишди. Илм масканида таҳсил олаётган ўқувчиларга яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан эзгу тилаклар изҳор этилди.
"Совғалар карвони" хайрия акцияси доирасидаги ташаббус мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб давом этмоқда.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати

 

ИЧИМЛИК СУВИ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАМОЛЛАРИ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДАМИ?

21.12.2019

Бундан икки ҳафталар олдин Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан "Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғи, Яккачинор кўчасида яшовчи 600 га яқин фуқаро маҳалладаги эски ҳовузнинг бўтана сувини ичишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги иддаолар юзасидан муносабат билдирилганди. Ушбу муносабатда туман ҳокимининг ўринбосари М.Исамиддинов, туман прокурори ўринбосари Д.Мирзаҳмедов, Косонсой туман “Қишлоқичимликсув” унитар корхонаси раҳбари А.Шариповлар ва маҳалла фуқаролари иштирокидаги ишчи гуруҳ томонидан 2019 йил 14 ноябрь куни ҳолат ўрганиб чиқилиб, 1 декабрь кунига қадар тармоқни тортиш ишлари бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинганди. Шундан сўнг кўрсатилган ҳудудда ишлар бошланиб ҳозиргача давом этаётганди. Бироқ, 20 декабрь куни ижтимоий тармоқларда “Ваъда бериб кетишганди, лекин ҳали ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти“ мазмунидаги хабарлар тарқалди. Ушбу иддаолар юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Бугунги кунда Косонсой тумани, “Навбаҳор-2” маҳалласи Якка чинор кўчасидаги 110 та аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, ҳақиқатда ҳам вилоят “Қишлоқичимликсув” МЧЖ томонидан 2 км. узунликдаги Д-76 мм ичимлик суви қувурлари етказиб берилган.

“Навбаҳор” маҳалласида жойлашган сув иншоотидан янги 2 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, мавжуд тармоққа улаб график асосида ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 1,7 км ичимлик суви тармоғи тортиш учун ер қазиш ишлари амалда бажарилган. Бугунги кунда ичимлик суви қувурлари тортилиб монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Бундай ишлар кўп вақт талаб этилишини инобатга олган ҳолда, яқин кунларда муаммолар тўла-тўкис бартараф этилиши таъминланади.

Косонсой тумани ҳокимлиги ўз фаолиятида туманда халқ розилиги ҳамда қонун талаблари ижроси таъминланишини устувор вазифа деб билади ва бунга асосан иш олиб боради. Халқнинг мавжуд муаммоларини қонун доирасида ҳал этилишини изчил давом эттиради.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

ТУМАН КЕНГАШИНИНГ 58-СЕССИЯСИ БӮЛИБ ӮТДИ

18.12.2019

17 декабрь куни Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва раҳбарлари иштирок этишди.

Сессия ишини бошқариб борган туман ҳокими Баҳодир Юсупов дастлаб, сессия муҳокамасига киритилган “туманнинг 2020 йилга мўлжалланган бюджети тўғрисида”ги қарори лойиҳаси хусусида тўхталди.

–Хабарларингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан 9 декабрь куни қабул қилинди, –деди туман ҳокими ўз сўзида. –Таъкидлаш керакки, Давлат бюджети, биринчи марта Қонун шаклида тақдим этилди. Қонун моҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашларига бир қатор ваколатлар берилди. Ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман Халқ депутатлари Кенгашлари 2020 йил бюджетини эркин ва мустақил равишда тасдиқлаб, йил давомида ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатади.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман молия бўлими мудири Элмурод Тошпўлатов ҳамда давлат солиқ инспексияси бошлиғи Акрамхон Нажмиддиновлар ахборот берди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косонсой туманидаги халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова 2019 йил давомида фуқаролардан келиб чиққан мурожаатлар ва уларнинг ҳал этилиши ҳақида маълумот берди ва бу борада ишларни 2020 йилда ҳам изчил давом эттирилишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4102-сонли қарорининг тумандаги ижроси юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Кейинги масала - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги 5199-сонли Фармонининг ижроси ҳамда туман Фермерлар Кенгашининг фаолияти ва кўп тармоқли фермер хўжаликларни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурининг 2019 йил якунлари бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси Каримхон Мамадалиев сўзга чиқди.

Сессиялар оралиғида қабул қилинган туман ҳокимининг айрим қарорларини тасдиқлаш депутатлар томонидан тасдиқланди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ САЙЛОВЛАР”

14.12.2019

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” миллий акцияси Косонсой туманида ҳам катта кўтаринкилик билан ўтди.

Миллий акцияда туман сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар раҳбарлари ва фаоллари, депутатликка номзодлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, туман аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилаётган акция сайловларда фуқаролар фаоллигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ушбу ғоя Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, маҳаллий ҳокимликлар, Халқаро матбуот маркази, сиёсий партиялар ва бошқа қатор жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” миллий акциясини ўтказишдан яна бир мақсад фуқароларнинг эътиборини муҳим сиёсий жараёнларга қаратиш, хабардорлигини ошириш, мамлакатдаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларни фаол фуқаролик позициясини намойиш этишга чорлаш ҳисобланади.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 
© 2014, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.