КОСОНСОЙ – МЕВА-САБЗАВОТГА КОН

15.02.2021

 

Косонсой деганда кўпчиликнинг кўз олдида  баланд-паст қир-адирлар бағрида ястаниб ётган, табиатан гўзал шаҳар ва қишлоқлар, бепоён пахтазор, ғаллазору боғлар, яйловлар  гавдаланади. Бу маконда яшаб, меҳнат қилиб тўкинчилик яратаётган фермер ва деҳқонлар тасарруфида 19 минг 866 гектар қишлоқ хўжалиги фойдаланишида бўлган ер майдонлари

бор. Улар дунё халқлари учун оғир кечган пандемия даврида ҳам фидокорона меҳнат қилди.

Якунланган 2020 йилда 3955 гектарда пахта, 8170 гектарда ғалла парвариши йўлга қўйилди ва режа уддаланди. 4428 гектар майдондаги боғ, узумзор, сабзавот ва полиз майдонларидан 56,1 минг тонна  экспортбоп ҳосил етиштирилди. Ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулот ўтган йилга нисбатан 104 фоизни ташкил этди. 101 гектар ерда замонавий интенсив боғ ташкил қилинди.

 

Юқорида таъкидланганидек, туманда мавжуд ер майдонларининг бир қисмини қир-адирлик, шартли суғориладиган ерлар ташкил этади. Бундай шароитда деҳқончилик қилиш, кўзланган ҳосилни олиш учун паст текисликдагидан бир неча баробар кўп маблағ сарф қилиш, реза-реза тер тўкишга тўғри келади. Сув ресурслари таъминотидаги етишмовчилик ва муаммолар ҳисобига ўз-ўзидан кўзда тутилган ҳосил етиштирилмасдан, фермер хўжаликлари кўп миқдорда иқтисодий зарар кўради. Мисол учун ғалла экин еридан қисқартирилган 3000 гектар майдонга ғалла учун қилинган харажатлар ҳамда олинган даромад ҳисоб китоб қилинганида, 1 гектар ерга 8 миллион 715 минг сўм харажат қилингани, ўртача ҳосилдорлик 25 центнерни ташкил этгани маълум бўлди. Ёки ҳар гектаридан 2 миллион 465 минг сўм зарар кўрилди. Жами 3 минг гектардан кўрилган зарар миқдори туман бўйича 7 миллиард 395 миллион сўмни ташкил этди.

Президентимиз ўтган йилнинг 26-27 июнь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида

Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эдилар. Бу борада қисқа фурсат ичида истиқболли режалар тузилди, таклифлар берилди. Яқинда Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Бу албатта, фидойи ва захматкаш косонсойликларга жуда катта имконият эшиклари очиб берилганидан далолатдир. Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига харажатларни камайтириб, даромадни ошириш юзасидан 2021-2022 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бунда ҳудудларни ихтисослаштириш тартибига қатъий риоя этган ҳолда лойиҳа ташаббускорлари билан талаб этиладиган маблағлар, уларни қоплаш манбалари, моддий ресурслар таъминоти, ишга тушириладиган янги қувватлар ҳамда яратиладиган иш ўринлари аниқ ҳисоб-китоб қилинди. Жумладан, 2021 йилда ғалладан 2413 гектар майдон қисқартирилади. Унинг ўрнида 463 гектар интенсив боғ, 250 гектар токзор барпо этилади. 550 гектарга сабзавот, 250 гектарга картошка, 550 гектарга дуккакли ва 350 гектарга мойли экинлар жойлаштирилади. Талаб этиладиган моддий ресурслар, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми ва ишлатилиши  манзилли дастурларга асосан амалга оширилади. 2021 йилда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига мазкур майдонларда

9 минг 200 тонна мева, 2 минг 500 тонна узум, 13 минг 700 тонна сабзавот, 4 минг 500 тонна картошка, 1 минг 100 тонна дуккакли маҳсулотлар, 700 тонна мойли маҳсулотлар етиштириш имконияти яратилади. Етиштирилган маҳсулотларнинг 10 минг 700 тоннаси экспортга йўналтирилади. Лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 700 та янги иш ўрни яратилади.

Янги ташкил этиладиган лойиҳалардан  бири  бўлган “Кosonsoy dry fruits” қўшма корхонасида Польша билан ҳамкорликда 300 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилади.

Умумий қиймати 44 млрд. сўмни ташкил этган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш, қуритиш, иссиқхона ва музлатгичларни ишга тушириш лойиҳалари амалга оширилади, инвестиция маблағлари жалб этилади. Айни кунларда мазкур лойиҳа доирасида Бельгия, Хитой, Россия, Словакия, Италия каби ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб  келаётган Люблин университетининг туманда филиалини очиш, малакали кадрлар ўқитилишини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, “Isparon Livestok and Greenhaus”, “Косонсой инновацион ғоялари” фермер хўжаликлари ва “Уйчи Дрипп” МЧЖ томонидан 480 гектар майдонда тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси асосида интенсив боғлар барпо қилинади. Айни дамларда ташаббускорлар томонидан зарур технологиялар келтирилиб, улаш, мужассамлаштириш ишлари амалга оширилаётир.

Худди шунингдек, қисқартирилган майдонларнинг 1700 гектари “Kosonsoy agro group

klaster” МЧЖ тасарруфига берилиши эвазига косонсойлик минглаб ёшларга алоҳида ер майдонлари бириктириб берилади. Уларга янги иш ўринлари, эркин меҳнат қилиш, мўмай даромад олиш, янада фаровон ҳаёт кечириш имкониятлари яратилади.  Кластер томонидан уруғ ва моддий ресурслар таъминоти тўлиқ йўлга қўйилади.

Косонсой мамлакатимиздаги энг сув таъминоти оғир бўлган туманлар сирасига киради. Шу давргача асосий ҳудудларга минг бир машаққатлар эвазига насослар ёрдамида сув чиқариб берилди. Биргина ғалла етиштириш учун гектарига 3,5-4 минг метр куб сув сарфланиб, ортиқча харажат қилинишига тўғри келаётганди. Мамлакатимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлари сабаб туманимиз қишлоқ хўжалигида ҳам туб бурилиш ясаш имкониятлари яратилди. Наманган вилоятида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир ҳудудда сабзавот, картошка, дуккакли ва мойли экинларни яхлит майдонларга жойлаштириш ҳамда плантация усулида интенсив ва мевали боғ ҳамда токзорлар барпо этиш орқали маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини оширишдек улуғ мақсадни кўзлаб қабул қилинган Президентимизнинг қарори косонсойликларга янгидан-янги умидбахш орзу ва режаларини амалга ошириш йўлларини очиб берди. Агар қарор ижроси ўз муддатида, ҳамжиҳатликда амалга оширилса, туманда 40-50 фоиз миқдоридаги обиҳаёт тежалади.

 

Баҳодир  ЮСУПОВ,

Косонсой тумани ҳокими

“ЖАР” ОБОД МАҲАЛЛАГА АЙЛАНАДИ

14.02.2021

Бугун Косонсой туманининг Жар маҳалласида “Обод маҳалла” бўйича ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ ҳашари бўлиб ўтди. Аҳоли хонадонларида ва кўчаларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан ерларни баҳорги экиш ишларига тайёрлаш, кўчат ва дарахтларни буташ, ариқларни қазиш ишлари шулар жумласидандир. Ахир айтишадику тоза-озода жойда барака бўлади деб. Ҳавонинг бундай илиқ кунларидан унумли фойдаланиб, барча тумандошларимизни ҳашар ишларида фаол қатнашишга чорлаймиз.

Ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида ташкиллаган тадбирда кўплаб маҳалла фуқаролари иштирок этди.

БОЛАЛАРНИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЖАЛБ ҚИЛГАНЛАР ТЎҒРИДАН ТЎҒРИ ЖИНОИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИГАН БЎЛДИ

13.02.2021

 

Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун (ЎРҚ–673-сон, 12.02.2021 й.) президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахснинг 18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлгани ҳолда уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу жиноятни содир этган шахсга 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ушбу жиноятни содир этган шахсга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Илгари бундай қонунбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг такрор содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

БЛОГЕРЛАРНИНГ САҲИФАЛАРИГА ЭЛЕКТРОН ПОЧТА МАНЗИЛИ ҲАМДА ФАМИЛИЯНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАЛАБИ ҚЎЙИЛИШИ МУМКИН

13.02.2021

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун блогерларга ўз веб-сайти (саҳифаси)га, шу жумладан, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги саҳифаларига электрон почта манзилини, ўз исм-шарифининг бош ҳарфлари ва фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириш мажбурийлигини белгилаш назарда тутилмоқда.

 

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига таклиф этилаётган тўлдиришга кўра, веб-сайтнинг ва  веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:

 

оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;

жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;

жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;

порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;

вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиш;

референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик;

фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз жойлаштириш;

ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифаларининг, шу жумладан, тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириш каби ҳаракатлар тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, саҳифа эгаси:

 

ўзига хабар юборилиши учун ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига, шу жумладан, тезкор хабарлар алмашиш тизимларига электрон почта манзилини, қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун ўз исм-шарифининг бош ҳарфлари ва фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириши;

тарқатилиши тақиқланган ахборот аниқланган тақдирда, ушбу маълумотлардан фойдаланишни чеклаш чораларини дарҳол кўриши;

ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-саҳифасида интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимида изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши шартлигини белгилаш таклиф этилмоқда.

КОСОНСОЙЛИК ЯНА 174 НАФАР ЁШГА ЕР АЖРАТИЛДИ

12.02.2021

Тумандаги 1,2,3-секторлар ҳудудида жойлашган фермер хўжаликларида жами 25,6 гектар ер майдонидан 256 нафар ишсиз ёшга ер ажратиб берилди ва махсус сертификат топширилди. 

1-сектор ҳудудидаги “Ёшлар дафтарига” киритилган “Ҳуррият 2” маҳалласида яшовчи 28 нафар ёшларга Косонсой ММТП ҳудудидаги “Косонсой ширин булоғи” фермер хўжалигидан ҳар бирига 20 сотихдан жами 28 нафар ёшларга 5,6 гектар ер майдони ажратиб берилди.

2-сектор ҳудудидаги “Чак” МФЙдаги 25 нафар, “Булоқбоши” МФЙдаги 41 нафар ёшларга “Тергачи” ММТП ҳудудидаги “Коинот юлдузлари” фермер хўжалигидан ҳар бирига 15 сотихдан жами 66 нафар ёшларга 10 гектар майдон бириктирилди.

3-сектор ҳудудидаги “Ёшлик”, “Гўрмирон”,  “Тагижар",  “Боғишамол 2” маҳаллаларидаги 20 нафардан ўғил-қизларга “Дўстлик” ММТПдаги “Косонсой барака саховати” фермер хўжалигидан ҳар бири учун 15 сотихдан жами 80 нафар ёшларга 12 гектар ер майдони ажратиб берилди.

БАРЧА ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИДА ИЖРОНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ФАҚАТ “IJRO.GOV.UZ” ТИЗИМИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

12.02.2021

Адлия вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

 

2021 йил 1 апрелдан республика даражасидаги барча давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Президент Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шўъбаси билан келишилади.

 

2021 йил 1 майдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади, бунда бошқа ҳар қандай назорат дастурлари, ҳисоботлари ва базаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

 

Қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича йиллик манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастури Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифлари асосида ишлаб чиқилади ва Президент Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади.

КОСОНСОЙ ТУМАНИДА ТЎРТТА СЕКТОРДА 455 НАФАР ИШСИЗ ЁШЛАРГА 20 СОТИХДАН ЕР АЖРАТИБ БЕРИЛДИ

12.02.2021

Косонсой туманида қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 

Тумандаги Испарон, Косонсой, А.Навоий, Деҳқонобод, Ш.Рашидов, Қуқумбой, Намуна ҳудудларида жойлашган фермер хўжаликларидаги 91 гектар ер майдонидан 455 нафар ишсиз ёшга йигирма сотихдан ер ажратиб берилди ва махсус сертификат топширилди.

Улар полиз ва сабзавот экинлари экиб, оилалари даромадига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Энг муҳими, ёш деҳқонлар узоқда эмас, шу атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладилар. Бу ортиқча харажатларсиз, вақтдан унумли фойдаланиб, унумли меҳнат меҳнат қилиш имконини беради.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан тайинланган мутахассис ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳат бериб боради.

Шу куннинг ўзида ажратилган ерлар ўз эгаларига бириктирилди ҳамда зарур агротехник тадбирлар бошланди.

2023 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШДА ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАРНИ ЙИҒИШ ТАРТИБИ

11.02.2021

Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади. 

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.

Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади. 

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади. 

Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади. 

Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади.

 

16.03.2020 й.   ЎРҚ-611-сон Қонун 3-боб, 23-модда

Косонсой туман статистика бўлим бошлиғи Р.Муродов

ЎЗБЕКИСТОНДА АСОСИЙ БАЙРАМЛАРДА ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ КАМИДА 3 КУН ЭТИБ БЕЛГИЛАНДИ

11.02.2021

“Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

 

Фармонга кўра, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида:

 

Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейслари йўлга қўйилади;

Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сони оширилади;

 

2021 йил 1 апрелгача Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чоралари кўрилади.

 

 Қуйидаги имтиёз ва преференциялар муддатлари 2021 йил 31 декабргача узайтирилади:

 

 туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш;

 

камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш;

 

туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари)ем кўрсатиш бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;

 

улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш.

 

Фармонга кўра Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади.

 

Ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилинади.

 

2021 йил 1 мартдан Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.

МАКТАБДА ҚЎШИМЧА БИНО ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

10.02.2021

Косонсой тумани Боғишамол маҳалласида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактабида  977 нафар ўқувчи таълим олади. Мактаб биноси эса 570 ўринга мўлжалланган. Педагоглар жамоасининг қўшимча бинога эҳтиёжи орзуга айланган эди. Бугун эса уларнинг яхши ниятлари амалга ошди. 2020 йилда “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси ҳисобидан 1 млрд. 956 млн сўм маблағ эвазига билим даргоҳи учун қўшимча 240 ўринли бино ва 14 очколи замонавий ҳожатхона 8 ой муддат ичида қуриб битказилди.

Мазкур қўшимча бино барча шароитларни ўзида мужассам этган. Замонавий синф хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. "Фозилбек пласт" МЧЖ томонидан олиб борилган қурилиш ишлари барча талабларга жавоб берган ҳолда амалга оширилди. Айни пайтда бу ерда малакали педагоглар фаолият олиб боришмоқда. Таълим сифати самарадорлигини ошириш, ўқув ишларини янги педагогик технологиялар асосида, интерфаол усулларда олиб боришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.