1-БАХОРИСТОН САЙЛОВ ОКРУГИ БЎЙИЧА БЎШАБ ҚОЛГАН ЎРИНГА ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОСОНСОЙ ТУМАН КЕНГАШИ ДЕПУТАТЛИГИГА САЙЛОВНИ ТАЙИНЛАШ ТЎҒРИСИДА

14.09.2020

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси, Сайлов Кодексининг 93-моддасига мувофиқ Халқ депутатлари туман кенгаши

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И :

 

1.  Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашига 1-Бахористон сайлов округидан депутат Ангуров Икромжон Тошматович депутатлик ваколатини зиммасидан соқит қилишни сўраб берган аризасига асосан депутатлик ваколати муддатидан илгари тугатилсин.

 

2. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 1-Баҳористон сайлов округида бўшаб қолган ўрнига депутат сайловини ўтказиш 2020 йил 11 октябр кунига белгилансин.

 

3. Бўшаб қолган ўрнига депутат сайловини ўтказиш Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутатлигига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси зиммасига юклатилсин.

 

Халқ депутатлари туман 

Кенгаши раиси                                                                               Б.Юсупов

МИБ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ БОШҚАРМАСИ: БЮРОНИНГ КОСОНСОЙ ТУМАН БЎЛИМИ СОБИҚ ХОДИМЛАР БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ИШЛАРИ ҚОНУНИЙ ТАРЗДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН!

11.09.2020

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Мукофот ва компенсация пулини ҳалигача олмадик” сарлавҳа остида хабар жойлаштирилган.

   Мурожаатда Мажбурий ижро бюросининг Косонсой туман бўлимининг собиқ давлат инспекторлари жорий йил 5 июль куни электр ва газ таъминоти корхоналарига ишга жойлаш ваъдаси билан бюродан бўшатилгани, аммо иш топиб берилмаётгани, шунингдек тизим ходимларига ажратилган мукофот пули берилмаганини баён этишган. Мурожаат якунида ишдан бўшаш нафақаси, компенсация ва чораклик мукофот пулини олишни сўрашган.

Мазкур мурожаатда кўтарилган масалалар ўрганилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.06.2020 йилдаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010-сонли Фармонига асосан - энергия таъминоти, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини таъминлаш бўйича Бюро органларининг вазифалари тугатилиши муносабати билан унинг фаолиятини такомиллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартирилиши, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ва “Ҳудудийгазтаъминот” АЖнинг тузилмалари фаолиятига қўшимча жалб қилинадиган ходимлар, биринчи навбатда, қисқартирилаётган Бюро ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши белгиланган.

Шунга асосан, соҳага масъул бўлган 34 нафар ходимларга жорий йилнинг 19 июнь куни расман ёзма равишда огоҳлантириш хатлари берилган бўлиб, жорий йилнинг 22 июнь, 3 июль ва 9 сентябрь кунлари бўлим биносида собиқ давлат инспекторлари билан мулоқот қилиниб, таъминотчи корхоналар томонидан бўш иш ўринлари таклиф этилган, 11 сентябрь кунига қадар собиқ ходимларнинг 21 нафари ишга қабул қилинган, 13 нафари эса таклиф этилган иш ўринларини рад этишган.

Иккинчидан, Бюронинг Косонсой туман бўлимининг 23 нафар давлат инспекторлари 06.07.2020 йилда бошқарма бошлиғи номига аризалар билан мурожаат қилишиб, ўз хоҳишларига кўра жорий йилнинг 6 июль кунидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ва 1 августга қадар огоҳлантириш муддати даврида тўланиши лозим бўлган пуллик компенсацияси ҳамда қўшимча кафолат тўловларини тарафлар келишувига кўра талаб қилмасликларини маълум қилишган.

Шунга кўра, меҳнат қонунчилигига асосан 23 нафар давлат инспекторлари ўртасида 06.07.2020 йилда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзма келишувлар имзоланган.

Учинчидан, мурожаатда кўрсатилган мукофот пул маблағлари тўлаб берилмаганлик ҳолати ўрганилганида, Бюро директорининг буйруғи билан 2020 йилнинг 2-чорак якуни бўйича Бюронинг ходимларига бир ойлик иш ҳақларининг 50 фоизи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланиб, ходимларга пул мукофотлари берилган. Бироқ, Косонсой тумани бўлимининг собиқ давлат инспекторларига мукофот пули берилмаганини уларни 06.07.2020 йилдан ўз хоҳишларига кўра меҳнат шартномалари бекор қилингани билан боғлаш мумкин.

Ҳозирда, меҳнат қонунчилигига асосан Бюронинг Косонсой тумани бўлимининг 23 нафар давлат инспекторларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар 05.08.2020 йилда тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўлаб берилиши таъминланган.

 

Мажбурий ижро бюроси

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОСОНСОЙ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ЎН ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

10.09.2020

10 сентябрь куни Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг навбатдаги ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, мактаб директорлари, мактабгача таълим ташкилотлари мудиралари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

 

Сессияни Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Баҳодир Юсупов олиб борди.

 

Кун тартибидаги дастлабки масала - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 28 август куни “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик кўриш” ишларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири М.Алохонова ҳамда секторлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди.

Секторлар раҳбарлари томонидан умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар доимий назоратга олинган. 1-секторда 16 та, 2-секторда 16 та, 3-секторда 13 та, 4-секторда 14 та умумтаълим муассасаси фаолият кўрсатади.

Биринчи масала бўйича шунингдек, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Бахтиёр Раҳимбаев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Рустам Раҳматуллаевлар сўзга чиқдилар.

Тумандаги мавжуд мактабларнинг 10 тасида бир сменада, 48 тасида икки  сменада дарс машғулотлари олиб борилади. Умумтаълим муассасалари ўқувчилари сони 39474 нафар бўлиб, шундан 16186 нафари 1-4-синф, 23288 нафари 5-11-синф ўқувчиларини ташкил этади.

Сўровнома натижаларига кўра, 35236 нафар (90 %) ота-оналар фарзандларини анъанавий, 4238 нафари (10 %) онлайн шаклда дарс машғулотларига иштирокини маъқуллашган.

Шундан сўнг туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Райҳонахон Каримова кун тартибида иккинчи масала - туманда пандемия шароитида ота-оналарнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига юбориш бўйича ўтказилган сўровномалар натижалари ҳақида ахборот берди.

Тумандаги мавжуд 35 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 7 ёшли болалар мактабга кетганидан сўнг 4617 нафар тарбияланувчилар қолган.

Ушбу масала бўйича 3-7 сентябрь кунлари ота-оналар иштикрокида сўровномалар ўтказилди.

Сўровномада 4512 нафар (97.2 %) ота-оналар иштирок этиб, анъанавий шаклда тиклашни истаганлар 3001 нафар (66.4 %),  онлайн таълимий фаолиятда ўқитиш истагида бўлганлар эса 1511 нафарни (33,6%) ташкил этди.

 

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан қарор лойиҳалари тасдиқланди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОСОНСОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ЎН УЧИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

05.09.2020

Бугун Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида тўртта масала кўриб чиқилди.

Сессия ишида халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, тегишли туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, туманда фуқаролар йиғинларига малакали кадрлар жалб қилиш ҳамда уларни фаолиятини тизимли ташкил этиш тўғрисида туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Соиббоев ҳисобот берди.

Шундан сўнг Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссия таркибига ўзгартириш киритиш ҳамда 1-Баҳористон сайлов округи бўйича бўшаб қолган ўринга халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутатлигига сайловни тайинлаш тўғрисида Косонсой туман сайлов комиссияси раиси Қ.Инонов ҳисоботи тингланди.

Кун тартибидаги учинчи масала, туманда аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати В.Тожибаева маърузаси эшитиди.

Кун тартибидаги Косонсой туманидаги оммавий жамоат жойлари, оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиш ҳолати тўғрисида масала юзасидан Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ф.Расулов маъруза қилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича депутатлар ҳамда соҳа мутасаддилари фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб, бу бўйича келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

МУКОФОТЛАР МУБОРАК!

03.09.2020

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан  меҳнат ва жамоат ишларида жонбозлик кўрсатган, юксак натижаларга эришган, кўплаб ютуқларни қўлга киритган фуқароларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Улар орасида Косонсой туманида истиқомат қилувчи тумандошларимизнинг борлиги бизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади.

“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони косонсойлик икки нафар фахрийга ҳам берилди. 

Жумладан, туман Халқ қабулхонаси мудираси Тоҳирахон Муйдинова биринчи даражали, Абдураҳмон Мирбобоев иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Ушбу кўкрак нишонларини Косонсой туман ҳокими Баҳодир Юсупов, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ўринбосари О.Қориевлар топширдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний жамғармасининг “Ташаккурнома”си билан меҳнат фахрийси, туманимиз фаолларидан Сирочев Ривожиддин тақдирланди.

МУСТАҚИЛЛИК - БАХТИМИЗ, САОДАТИМИЗ

31.08.2020

Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Турсунович ЮСУПОВнинг туманимиз аҳлига байрам

ТАБРИГИ

 

Азиз юртдошлар!

Барчангизни қутлуғ шодиёна – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан  самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигини “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош эзгу ғоя билан байрам қилмоқда. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлаши, шубҳасиз.Зеро, бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарих зарварақларига битилган.

Ўтмишда аждодларимиз мана шу ҳур ва озод кунларга етишиш учун жон олиб, жон бериб курашганлар. Минг шукрона билан айтишимиз мумкинки, бугун аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди. Айни кунларда энг улуғ, энг азиз байрамимизни бутун республикамиз аҳли қатори тумандошларимиз ҳам эзгу ниятлар, кўтаринки кайфият билан қарши олишмоқда.

Шуниси қувонарлики, бугун замон билан ҳамнафас тарзда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ўсишга эришилаётгани, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик асосида дунё халқлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилиб, тараққиёт пиллапояларидан дадил одимлаётганимиз юртимиз истиқболининг нақадар порлоқ эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ўтган 29 йил ичида юртимизда бўлгани каби Косонсойда ҳам оламшумул ижобий ўзгаришлар рўй берди. Янги корхоналар, кўп қаватли аҳоли турар-жой бинолари, тиббиёт муассасалари, маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилди.

Ҳа, бугун диёримизнинг қай бир гўшасига борманг, серфайз хонадонлар, озода кўчаларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Маҳаллаларда намунали турар-жой бинолари қад ростлаяпти. Буларнинг барчаси юксак бунёдкорлик ва яратувчанлик шижоати билан яшаётган аҳолимизни янада обод ва фаровон ҳаёт барпо этишга ундаётганини кўрсатиб турибди.

 

Қадрли юртдошлар!

Бугун ҳар биримиз она Ватан мустақиллиги нақадар қадрли эканлигини чуқур ҳис қилиб турибмиз. Истардимки, истиқлол нашидаси, байрам сурури ҳар бирингизни яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин. Доимо хонадонингиздан қут-барака, қалбингиздан қувонч, юзингиздан табассум аримасин. Халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизда зафарлар тилайман.

 

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

31.08.2020

Жорий йилнинг август ойида “Наманган ТВ” ижодкорлари томонидан Косонсой туман халқ таълими бўлимига қарашли таълим муассасаларини янги 2020-2021 ўқув йилига ва куз қиш мавсумига тайёрларлиги кўздан кечирилган. Ўрганиш давомида тумандаги 41- ҳамда 13-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг таянч филлиаларида камчиликлар аниқланган.

 

Соҳага дахлдор мутасаддилар томонидан ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиалига режадаги 9450 кг. кўмир маҳсулоти олиб келинди ҳамда омборхонада сақланмоқда.

Шунингдек, тумандаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиалида ҳам кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилиб, режадаги 9000 кг. кўмир маҳсулоти билан таъминланди.     

Тумандаги барча умумтаълим мактаблари қозонхоналари хатловдан ўтказилиб, шай ҳолатга келтирилди. 2020-2021 куз-қиш мавсумига жами 2701 тонна кўмир маҳсулоти жамғарилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 1996 брикет, 705 тонна кўмир олиниши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда 705 тонна кўмир маҳсулотлари барча умумий ўрта таълим мактабларига етказиб берилди.

 

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОСОНСОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

29.08.2020

Бугун Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида учта масала кўриб чиқилди.

Сессия ишида Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, тегишли туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, туманда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб қувватлаш “темир дафтар”, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокими Баҳодир Юсупов ахборот берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига 2020 йил 26-27 июнь кунларидаги ташрифлари давомида белгилаб берган устувор вазифалар ва топшириқлари ҳамда сектор раҳбарларининг “Кафолат хатлари”нинг бажарилиши бўйича секторлар раҳбарларининг амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Кун тартибидаги учинчи масала, “2021-2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастури”га ҳудуд бўйича киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари юзасидан тақдимотлари юзасидан М.Камоловнинг ҳисоботи тингланди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича депутатлар ҳамда соҳа мутасаддилари фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб, бу бўйича келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

ТИЛИМИЗГА ЁТ БЎЛГАН ПЕШЛАВҲАЛАР ОЛИБ ТАШЛАНМОҚДА

28.08.2020

Косонсой туманида “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига мос келмайдиган ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонларни алмаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Бугун туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Замира Нишанова ҳамда  масъул ходимлар билан ўтказилган ўрганиш жараёнида давлат тили қоидалари бузилган ўттизга яқин ташқи реклама ва пешлавҳалар олиб ташланди, кўплаб тадбиркорларга огоҳлантириш берилди.

 

ШЕРАЛИЕВ АЛИШЕР МУХИДИНОВИЧ - ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ЎРИНБОСАРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

25.08.2020

Косонсой туман ҳокимининг қарорига асосан Шералиев Алишер Мухидинович – Косонсой тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шералиев Алишер 1990 йилда Косонсой туманида туғилган. 

 

2012-йилдан 2014 йилгача Косонсой тиббиёт коллежи ўқитувчиси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси;

2014-2016 йилларда Косонсой тумани ҳокимлигининг етакчи мутахассиси, назорат-мониторинг шўъбаси раҳбари;

2016-йилдан ҳозирги вақтгача Косонсой тумани ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари;

2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси магистранти.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.