АНВАРХОН ТЕМИРОВ ВАЗИЯТ БИЛАН ТАНИШДИ

20.03.2020

Давлатимиз раҳбари куни кеча маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича Ўзбекистон халқига мурожаат қилди. Шу мурожаатдан келиб чиқиб депутатлар гуруҳи ҳам ишга киришди.

Жумладан, 46-Косонсой сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров раҳбарлигидаги маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Косонсой туманида бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганди.

Ишчи гуруҳ дастлаб тумандаги марказий деҳқон бозорида бўлди. Бу ердаги вазиятни атрофлича ўрганиб, бозор маъмурияти, расталарда савдо қилаётган сотувчи ва харидорлар билан мулоқотда бўлди.

- Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўзгармаганлиги, кескин ошишига йўл қўйилмаслиги учун маҳаллий ҳокимият, прокуратура, давлат солиқ инспекцияси мутасаддилари томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётганига гувоҳи бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров.

- Туманда озиқ-овқат захиралари етарлилиги, ваҳимага ўрин йўқлиги, шу билан бирга коронавирусга қарши курашиш борасида жойларда тушунтириш, тарғибот ишлари ҳам мунтазам олиб борилаётгани қувонарли ҳол.

Бундан ташқари, депутатлар гуруҳи туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда дорихоналарда бўлиб, антисептик воситалар ва тиббий ниқобларнинг етарлилик даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Ўрганишлар жараёнида шифокорлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари билан бугунги кундаги долзарб вазифаларни биргаликда амалга ошириш, мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

АҲИЛЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ КУЧАЙТИРАМИЗ

20.03.2020

Бугунги кунда дунёдаги аксари мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам ташвишли кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси тарқалган давлатлар ва ушбу касалликка чалинган одамлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда. Бундай шароитда фақат аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, машъум хасталикни бартараф этиш учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш ўта муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммоси ҳақида гапириб, мамлакатимизда ҳам бу борада қатор таъсирчан чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ҳаммамизга катта далда бўлди. “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.”

Чиндан ҳам бугунги кунда бутун мамлакатда хавфли ва юқумли инфекциянинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилмоқда. Жойларда  ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ. Мамлакатимизга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кирмоқда ҳамда чиқиб кетмоқда.

Чет эллардаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Уч кун илгари “Наманган” халқаро аэропорти ҳам Эрондан ва Латвиядан учиб келган юртдошларимизни қабул қилди. Улар аввалдан махсус тайёрлаб қўйилган жойларга карантин ўтказиш учун жойлаштирилди.

Қисқаси, юртдошларимиз хавфли хасталикнинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўришга тайёр. Давлатимиз раҳбари айтганидай, “Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади”. Бунинг учун биз ҳам барча имкониятларни ишга соламиз.

 

Исроил ЖЎРАЕВ, Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати

НАМАНГАНДА КАРАНТИНГА ОЛИНГАН ФУҚАРОЛАРИМИЗ УЧУН БАРЧА ШАРОИТЛАР ЯРАТИЛГАН

19.03.2020

Хабарингиз бор, коронавирус инфекциясининг дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётганлиги сабабли хорижий давлатлардаги юртдошларимиз мунтазам равишда махсус рейсларда мамлакатимизга олиб келинмоқда. 

 

Жумладан, Наманган халқаро аэропортига қўнган иккита рейсда Латвия ва Эрон давлатларидан фуқароларимиз олиб келинди.

 

Тегишли дезинфекциялаш ишларидан сўнг, йўловчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, автобусларда 14 кунлик карантин учун махсус тайёрланган муассасаларга олиб кетилди.

 

Айни пайтда улардан бир гуруҳи “Косонсой” сиҳатгоҳига жойлаштирилган. Дам олиш масканида уларнинг белгиланган муддатда истиқомат қилишлари учун зарур шароитлар муҳайё этилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

 

– Карантинга олинган ҳамюртларимизнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган, – дейди “Косонсой” санаторийси фаолияти ва ҳолати бўйича масъул Тоҳиржон Турдиев. – Тегишли шифокорлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дори-дармон ва дезинфекциялаш воситалари заҳираси яратилган. Карантиндагилар вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун спорт жиҳозлари мавжуд. Савдо хизмати ҳам йўлга қўйилган. Сиҳатгоҳ ошхонасида 3 маҳал иссиқ овқат бериляпти.

 

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

ДЕЗИНФЕКЦИЯ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

18.03.2020

 Тумандаги жамоат жойлари ва йўловчи ташийдиган автотранспортларда профилактик дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда

КОСОНСОЙДА КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР ҚУРИЛИШИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

16.03.2020

Мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп қаватли уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

 

Ипотека кредитлари бериш кўламини янада кенгайтириш, хусусий пудрат ташкилотларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини фаоллаштириш мақсадида  Президентимиз томонидан 2019 йил 28 ноябрда имзоланган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5886-сонли Фармонга асосан Косонсой туманининг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини худудида “Намуна қурилиш инвест” МЧЖ, “Юсуф хос ҳожиб” МЧЖ ва “Фозилбек пласт сервис” МЧЖ томонидан намунавий лойиҳалар асосида жами 3 та  5 қаватли 30 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланди.

Шу муносабат билан  қурилиш олдидан қўй сўйилиб, Қуръони карим тиловати ва дуои фотиҳа ўқилди. Бунёдкорлик ва хайрли ишлар дебочаси бўлган тадбирда вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи С.Султонов, туман ҳокимининг ўринбосари М.Исомиддинов, туман ҳокимлигининг бош мутахассиси К.Мамажонов туман қурилиш бўлими бошлиғи Н.Абдуллаев ва пудрат ташкилот раҳбарлари, “Обод” МФЙ раиси ва илғор нуронийлар иштирок этдилар.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

ВАҲИМА ТАРҚАТГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД

16.03.2020

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (https://lex.uz/docs/111453).

 

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Юқоридаги ҳаракатлар:

 

олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

 

хизмат мавқеидан фойдаланиб;

 

диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;

 

оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

КОСОНСОЙ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ РАСМИЙ БАЁНОТИ

16.03.2020

Коронавирус профилактикаси чора-тадбирлари доирасида Косонсой туманидаги бозорлар ёпилмайди. Уларнинг иш тартиби ўзгаришсиз қолдирилади.

Тумандаги барча бозорлар тегишли тартибда дезинфекциядан ўтказилмоқда.

Аҳолидан ваҳима ва саросимага берилмасликни сўраймиз. Туманда етарлича озиқ-овқат заҳиралари яратилган.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

ҲАШАР УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТМОҚДА

14.03.2020

Маълумки халқимиз маънавиятида, қадрятларида бошқа халқлар ўрганса ва ўз тажрибасида қўллашга арзийдиган кўпгина ибратли тажрибалари мавжуд.

Масалан, ҳашар деб аталган тадбир кўпчиликни бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Косонсой туманида давом этаётган мазкур тадбирда ёшу-кекса отахонларимиз иштирок этиб, фарзандлару, набираларга халқимиз маънавиятида, тарихида бир неча юз йилликлардан буён эъзозланиб келинаётган урф-одатлар, қадриятларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берадилар.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Косонсой туманида ҳам “Обод юрт” умумхалқ  хайрия ҳашари фаоллик ва уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Хайрия ҳашарида Наврўз байрами тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу мақсадлар амалда ўз ифодасини топмоқда.

Умумхалқ ҳашарида барча аҳоли қатламлари ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқ ва зовурлар, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжо ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда. Ушбу тадбирда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

КОСОНСОЙ МИЛЛИЙ САНЪАТИ ВА МАДАНИЯТ ТАРИХИ

13.03.2020

Косонсойда миллий халқ санъати ва маданияти қадим вақтларданоқ ривож топиб келган. Биринчи халқ дастаси 1930 йилларда ташкил топади. Туманнинг маданият дарғалари Усмон дутор, Усмон полвон дутор, Эргаш Авезметов, Маҳмудхон Нуруллаев, Ҳасан ва Ҳусан Хотамовлар, Маллавой Ёқубов, Нажмиддин Қирғизов, Юнусжон Юсуфжонов, Абдураҳмон Қаюмов, Муҳибилло Абдуллаев, Абдураҳмон ҳожи, Пайзихон, Ачахон Хўжаевалар, Соҳиба Қорабоева кабилар эди.

Туман маданият бўлими, клублари ва тўгараклари 1958 йилдан тузилиб, иш бошлади.

Туман маданият бўлимига турли йилларда Назиров, Муҳиддинов, А.Аббосхўжаев, М.Қаландаров, Қаюмжон Қориев, Адиба Саломова, Абдураҳмон Қаюмов, Муҳаммадихон Султонов, Марҳабо Қаҳҳорова, Каромат Ҳайдарова, Манфурат Ғаффоровалар раҳбарлик қилдилар.

Косонсойга шаҳар мақоми берилгандан сўнг 1979 йилда шаҳар маданият бўлими ташкил этилиб, бўлим қошида шаҳар маданият уйи иш бошлади. Туманда танилган барча бадиий ҳаваскорлар жамланиб, 1979 йилда бадиий ҳаваскорлик дастаси-ансамбл тузилди ва Қаюмжон Қориев бу ишга бошчилик қилган.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги томонидан 1981 йилда туман “Хушнаво” бадиий жамоасига “Ашула ва рақс ансамбли” унвони берилди. Ансамбл ўз бадиий чиқишлари билан республикамизнинг барча вилоятлари, Россия, Болгария каби чет мамлакатларда концертлар берган.

Бу йилларда Алишер Бувохўжаев, Абдунаби Мамажонов, Музаффар Шарипов, Жамолиддин Шарофиддинов, Ғофиржон Абдураҳмонов, Адҳам Тиллаев, Марям Туробова, Мавлонхон Ҳамроев, Тўлқин Аҳмедов, Собиржон Аҳмедов, Муҳаммаджон Қаландаров, Гулнора Иззатуллаева, Мадаминжон Темиров, марҳума Раъно Каримова, Адолат Ҳомидова ва бошқалар туман маданият бўлимининг энг фаол намояндалари бўлдилар.

Мустақиллик йилларида маданият бўлими бир қанча қувонарли ишларни амалга оширди.

Бўлимга 2002 йилдан Ҳурматой Қудратова раҳбарлик қила бошлайди.

Вилоят миқёсида 2005 йилда ўтказилган фольклор жамоалари танловида туман гуруҳи ғолиб топилди ва шу йили май ойида республика миқёсидаги “Бойсун баҳори” фестивалида қатнашиб, туман Маданият бўлими халққа танилди.

Бўлим қошида ташкил этилган дорбозлар халқ дастаси раҳбари раҳматли Жўрахўжа Норхўжаев ўзбек дорбозлари орасида биринчилардан бўлиб «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонига сазовор бўлган . Унинг шогирдларидан Баҳодирхўжа Эргашхўжаев раҳбарлигидаги миллий “Дорбозлар” гуруҳи 2009 йилда “Халқ дорбозлари” унвонига сазовор бўлади.

Қорақалпоғистонда 2012 йилда ўтказилган “Асрлар садоси” фестивалида туманимиз вакиллари фестивал лауреати бўлиб, фахрий диплом, қимматбаҳо совғаларга сазовор бўлдилар.

Маданият уйининг “Хушнаво” бадиий жамоаси ижрочилари Ҳанифа Мирзаева, Х.Мирзаев, Раъно Имомалиевалар 2010, 2011, 2012 йилларда “Ўлан ва лапар” ижрочилари республика босқичи танловларида қатнашиб, фахрли  ўринларни эгаллаб келдилар.

Ўлан ва лапар ижрочилиги туманимизда ўзининг янги қирраларини кашф этиб, вилоят ва республикамизда ўзига хос янги йўналиш ташкил этмоқда.

Туман маданият бўлимининг аҳил жамоаси туманда ўтказиладиган ҳар бир тадбир, жумладан Мустақиллик, Наврўз каби байрамларни кўтаринки руҳда ўтишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Маданият бўлими қошида "Томоша" кичик театр студияси ташкил этилди.

Унда Абдуллажон Раҳимов, Амирхон Усмонов, Тўлқин Аҳмедов, Собиржон Аҳмедовлар томонидан спектакллар намойиш этиб келинмоқда.

 

Ҳабибулло Қараев,

Косонсой тарих музейи

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

МАКТАБДА «СЕНАТОР ВА ЁШЛАР» УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

12.03.2020

Жорий йилнинг 11 март куни Косонсой туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси И.Нажмиддинов ёшлар ва маҳалла фаоллари билан учрашди.

Унда Косонсой туман ҳокими Б.Юсупов, туман Халқ қабулхонаси раҳбари Т.Муйдинова,  маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Д.Яқубова, туман ҳокимининг ўринбосари И.Султонов ҳамда бошқа ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

Учрашувни туман ҳокими Б.Юсупов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг сўзга чиққан Сенатор И.Нажмиддинов Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5та муҳим ташаббус - ёшларни адабиёт, театр ва санъат мусиқа ва рассомлик, жисмоний чиниқтириш, уларни спорт соҳаларига жалб қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш, хотин қизларимизни ишга жойлаштириш, маънавиятини ошириш, ёши катталарга ҳурмат кўрсатиш, кексаларни эъзозлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, эрта турмуш, оилавий ажримларни олдини олиш, мактабда ёшларни билимини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш каби масалалаларда ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

Тадбирда меҳнат фахрийлари ҳам сўзга чиқиб, талаб ва таклифларини баён этиб, фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Шундан сўнг туманимиз ёшларининг фикр мулоҳазалари тингланиб, муаммо ва таклифлар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбир сўнггида Олий Мажлис Сенати аъзоси И.Нажмиддинов ташаббуси билан “Одобимиз миллат кўзгуси” китоб тақдимоти ўтказилди ҳамда туманиздаги фаол ёшлардан 15 нафарига китоблар совға қилинди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.