Косонсой тумани ички ишлар бўлимида янги раҳбар иш бошлади

24.02.2021

 

Подполковник Паттаев Расулжон Аҳмаджонович Республика Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Косонсой тумани ИИБ бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда ишлаган, Уйчи тумани ИИБ раҳбарлигига ўтказилган Фурқатжон Мирзаевнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Расулжон Паттаев янги тайинловга қадар Наманган шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Косонсойда “маҳаллабай” ишлаш тизимига эътибор кучайтирилади

23.02.2021

Давлат раҳбарининг шу йил 18-19 феврал кунлари вилоятга ташрифи давомида аҳолини ўйлантираётган масалалар ва муаммоларни ўрганиш бўйича ҳар бир мутасадди олдига аниқ вазифа ва топшириқларни белгилаб берилди. Хусусан, “маҳаллабай”, “ҳовлибай” ишлаш механизмини жорий этишга янада аҳамият қаратиш кераклигини таъкидлаб ўтдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, Косонсой туман ҳокими Баҳодир Юсупов ҳам туманда йўналишдаги ишлар режасини тузиш, хусусан, чекка ва олис ҳудудларга аҳамият қаратиш лозимлигини айтиб ўтди. Бунда масъуллар ва раҳбарлар намунали иш ташкиллашлари белгилаб олинди.

 

ТИЛЛАТОПДИ ТОПИЛМАСИ

23.02.2021

 

1131 йил. Косон (Косонсой) музофотининг Гўрмирон қишлоғида Султон Валий Зарбахш (Имом Косоний) ва Мочин саркардаси Гўрхон аскарлари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб  ўтади. Баъзи манбаларда икки, айримларида тўрт кун жангу-жадал бўлганлиги баён  этилган. Жангда Гўрхон мағлуб бўлади. Унга ёрдамга келган қалмоқлар Гўрхонни қутқариб олиб кетишади.

Султон Вали Зарбахш аскарлари кўп қайғу ва алам ила шу ердаги тепаликка барча шаҳид  бўлган сипоҳийлар ва мирларни мусулмон одати бўйича дафн этадилар. Бу жой ҳозир ҳам  Гўри Мирон, қисқартирилган ҳолда Гўрмирон деб аталади.

Милоддан аввалги I-II асрларга оид муғхоналар-оловга сиғинувчи зардуштийларнинг  қабрлари ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида академик А.Н.Бернштам ва Ю.А.Заднепровский томонидан ўрганилган. Жумладан, Испарон қишлоғига кираверишдаги ялангликда қадимги Косонга бостириб киришга уринган қора хитойлик аскарларнинг қабристони бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида рус олими Ю.А.Заднепровский бошчилигидаги археологлар бу ерларда ҳам қазишма ишлари олиб боришган. Қабрлардаги марҳумларнинг ёнидан чиққан бронза даврига оид турли  тақинчоқлар, сопол идишлар қадимий Косонсой туманининг кўҳна тарихидан ҳикоя  қилади.

 

Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, қатағон йилларида қишлоқ бойларидан бири бор  бисотидаги олтинларни шўро ҳукуматидан яшириб шу ерга яшириб, ўзи бошқа юртга  қочиб кетган экан. Йиллар ўтиб, ортига қайтган бой қайтиб тиллоларини тополмаган  экан. Шу-шу бу жой Тиллатепа деб аталиб келинади.

Тиллатепа қадимий манзилгоҳ эканлиги бугунги кунларда ҳам ўз исботини  топмоқда. Ушбу тумор шаклидаги қайроқтошни тарихчи, Косонсой туман тарихчилар жамияти  раиси Шуҳрат Ҳакимов музейга тақдим этди. Бу тош февраль ойи бошларида Тиллатепага  ўқувчилар томонидан уюштирилган саёҳатда топилган. Тошдаги шаклларга назар  солсангиз арабий ёзувларни илғаш мумкин. Ҳатто юқори қисмида “бисмилло” ёзуви  сақланиб қолган.

Айни пайтда топилма музейшунослар томонидан илмий тадқиқ қилинмоқда.

 

М.Акрамов, Косонсой тарих музейи мудири

Янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

23.02.2021

 

Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

https://regulation.gov.uz/uz/d/29646

 

Лойиҳани ишлаб чиқишда жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилишга, уни янада либераллаштиришга, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштиришга ҳамда жиноятлар учун санкцияларни қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига қараб мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шунингдек, лойиҳада турлича шарҳлаш ёки коррупция ҳолатлари содир этилишига йўл қўядиган нормаларни чиқариб ташлашга қаратилган ўзгартиришлар назарда тутилган.

 

Ушбу лойиҳа фуқароларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилди.

 

«Шу сабабли, кенг жамоатчиликдан мазкур лойиҳани кўриб чиқишда ва уни такомиллаштиришда иштирок этишини сўраймиз», - дейилади Бош прокуратура хабарида.

 

https://regulation.gov.uz/uz/d/29646

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи

22.02.2021

 

Ҳурматли раис Нажот Шамим Хон хонимлари! Ҳурматли Олий комиссар Мишель Бачелет хонимлари! Хонимлар ва жаноблар!

Бугун Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи мартаиштирок этмоқда.

Биз сўнгги йиллар давомида Кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганимизни таъкидламоқчиман.

Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди.

Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади.

Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда.

Иккинчидан, биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз.

Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказишни режалаштирмоқдамиз.

Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади.

Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда.

Биз имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этамиз.

Тўртинчидан, аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Жорий йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.

Бу борада биз:

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;

- БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;

шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.

Бешинчидан, биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик. Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди.

2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қиламиз.

Олтинчидан, “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб биз Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этамиз.

Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.

Еттинчидан, Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз.

Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.

Хонимлар ва жаноблар!

Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз.

Шу аснода нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини алоҳида эътиборга олганмиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир.

Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қиламиз.

Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўряпмиз.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади.

Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз.

Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарорни қабул қиламиз.

Шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрмиз.

Ҳурматли дўстлар!

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик тарихи инсон ҳуқуқлари универсал қадрият эканини яққол исботлади. Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.

Нутқимнинг якунида шуни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайларига қўйиладиган талаблар тўғрисида Низом тасдиқланди

22.02.2021

 

Давлат иштирокидаги корхоналарида корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шафофлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 19 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 81-сонли Қарори қабул қилинди. (https://lex.uz/pdfs/5298939) Унга кўра:

 

???? давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш бўйича талаблар;

 

???? давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтини юритиш бўйича талаблар;

 

????????‍???? давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар белгиланди.

 

〰️〰️〰️

Қарорга кўра давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидаги ахборот ва ҳисоботлар жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади:

 

???? корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари, устав фонди ва унинг тақсимланиши, корхона устави, шунингдек, ташкилий тузилмалар, раҳбарият, соҳага оид қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, корхона фаолиятига оид маълумотлар ва ҳоказолар доимий тартибда;

 

???? ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар, харидлар тўғрисида маълумотлар ва умумий йиғилишларда қабул қилинган қарорлар;

 

???? йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар молиявий натижалар ва шунга оид маълумотлар;

 

???? муҳим фактлар юз берганда икки иш кунида маълумотларни жойлаш талаб этилади.

 

〰️〰️〰️

Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидаги асосий функциялар жорий этилиши ҳам мажбурийдир:

 

???? расмий веб-сайти бўйича излаш;

 

???? мобил қурилмалар учун соддалаштирилган дизайнли корхона расмий веб-сайти версияси;

 

⚠️ имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратиш (контрастни қўшимча қилиш, шрифтни катталаштириш, овоз жўрлиги ва ҳ.з);

 

???? жамоатчилик фикрини ўрганиш ва корхона фаолиятига тегишли масалаларни муҳокама қилиш воситалари (онлайн сўровлар, блоглар, форумлар);

 

???? ташрифларни ва статистикани назорат қилиш воситалари.

 

〰️〰️〰️

✔️ Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва корхона фаолияти холисона ёритилган бўлиши керак. Шунингдек, давлат сири ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборотлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ҳамда тарқатиш тақиқланган бошқа ахборотлар жойлаштирилмаслиги лозим.

 

Қарорга мувофиқ Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Қонунчиликдаги янгиликлари: Ёғоч импорти ҳажми камайтирилади

21.02.2021

 

Ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (84-сон, 19.02.2021 й.) қабул қилинди.

 

???? Қарорга кўра, республикада ёғочсозлик соҳасининг хомашё базаси мустаҳкамланади, мебель саноатининг барча йўналишларини ривожлантириш орқали ёғоч импорти ҳажми камайтирилади.

 

???? Қарорга мувофиқ, 2021–2022 йилларда республика ҳудудларида:

 

● қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 3 173 гектар захирадаги ерларда;

● ўрмон фондининг жами 1 327 гектар тоғолди ва адир ерларида ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа мебелбоп дарахт турлари экилади.

 

???? Мазкур плантацияларни ташкил этиш учун жами 2 783,6 минг дона кўчат етиштириш назарда тутилган.  

 

???? 2021 йил 10 мартдан бошлаб мебель саноатида ёғоч хомашёси сифатида фойдаланиладиган павловния, ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа дарахтлар плантацияларини ташкил этувчиларга зарур кўчат экиш материаллари шартнома асосида етказиб берилади.

Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида нутқ сўзлайди

20.02.2021

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этади.

(https://president.uz/uz/lists/view/4178)Кенгашга 47 та давлат аъзо. Ўтган йил октябрь ойида мамлакатимиз 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилади.

Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллар иштирок этиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев форумнинг биринчи кунида унинг ялпи қисмида нутқ сўзлайди.

Президент нутқининг тўғридан-тўғри трансляцияси мамлакатимизнинг марказий телеканалларида ҳам амалга оширилади.

ЎЗБЕКИСТОНДА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ СОҲАСИДА МАСЪУЛ БЎЛГАН ЯГОНА ОРГАН ТУЗИЛАДИ

20.02.2021

 

Президент фармойиши билан 2021–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси тасдиқланди.

 

Концепция, жумладан, қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

 

асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим, парвариш ва бошқа зарур бўлган маҳсулотлар ва хизматлар олишга имконияти бўлмаган болаларга кўмаклашиш;

 

касаллик, ишсизлик, оналик ва ногиронлик каби ҳолатлар туфайли ўзини ўзи таъминлаш масалаларини тўлиқ ҳал қила олмайдиган меҳнатга лаёқатли фуқароларни кафолатланган даромадлар билан таъминлаш;

 

кекса ёшдаги фуқароларни кафолатланган даромад билан таъминлаш;

 

ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш.

 

Шунга кўра, концепция доирасида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

 

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ягона органни белгилаш;

 

олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг ва даволаш тадбирларига хусусий шифохоналар жалб этиш ва уларга субсидия ажратиш;

 

чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз қолган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойларни сотиб олиш тартибини жорий этиш;

 

тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, айниқса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидиялар бериш;

 

болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона миллий тизимини сақлаган ҳолда Болалар Омбудсмани фаолиятини ташкил этиш;

 

имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини жорий қилиш.

 

2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида туман (шаҳар)лар миқёсида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

 

Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоясига харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 2019 йилги 1 фоиздан 2030 йилда 1,5 фоизга етказилади.

ИФТИХОР ВА МАСЪУЛИЯТ

20.02.2021

 

Бу йилги февраль ойининг учинчи ҳафтаси вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа билан тарих саҳифаларига битиладиган бўлди. Мен Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманганга ташрифини назарда тутмоқдаман. Мазкур жараённи барча партиядошларимиз  қатори оммавий ахборот воситалари орқали диққат билан кузатиб бордим. Қолаверса, юртбошимиз иштирок этган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида  қатнашдим. Бу анжуманда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши  атрофлича таҳлил қилинди, йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатилди.

Мен шу замин фарзанди сифатида давлат раҳбарининг ҳамюртларим хақида айтган  мақтов сўзларидан ғурурландим. Айниқса, қуйидаги фикрлар ёдимда қолди: “Наманганликлар тартиб-интизомни яхши кўради, уларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори”.  Бундай баҳодан кўнглимда чексиз ифтихор уйғонди.

Шу билан бирга давлат раҳбарининг баъзи фикрлари хаммамизни хижолатга солганини ҳам айтиб ўтиш зарур. Масалан, Уйчи туманидаги сектор раҳбарларининг иши қониқарсиз, деб топилгани. Улар ишдан бўшатилди, фаолиятлари эса тафтиш қилинадиган бўлди. Шунга қараб жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўрилади.

Сессия қатнашчиларини вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари  белгилангани  бениҳоя хурсанд қилди. Мисол учун, биргина Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 60 миллион доллар ажратилиши айтилди. 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23,7 триллион сўмлик 1728 та инвестиция лойиҳалари  амалга оширилади. Бу эса 66 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш имконини беради. “Маҳаллабай” тизимида тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиши ҳам иқтисодиётни янада юқори босқичга олиб чиқади.

Президентимиз жойларда ўтказилган мулоқотларда, вилоят кенгаши сессиясида ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. Йигит-қизлар билдирган таклифлар, бизнес режалар қўллаб-қувватланди, мутасаддиларга тегишли йўл-йўриқлар берилди. “Ёшларнинг кўзида эртанги кунга ишонч кўрсам, очиғи, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади! Мана шундай билимли, жонкуяр, изланувчан ёшлар ҳамма соҳаларда ўзгариш қилади”, - деди у. Бу, навқирон авлод вакилларига юксак ишонч намунасидир.

Ташриф давомида  доим диққат марказида бўлган яна бир масала-маҳаллалар  фаолиятида туб ўзгаришлар ясашдир. Шунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тараққиётнинг “ўсиш нуқталари”га айланиши мумкин. “Маҳалла - ислоҳотчи” тизимини жорий этиш орқали кўнгилдагидай натижаларга эришса бўлади. “Хонадонбай” ҳамда “фуқаробай” усулини жорий этиш эса иш самарадорлигини янада юксалтиради.

Президентимизнинг вилоятга ташрифи якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш ҳақида ўйлаймиз, албатта. Бу борада партиядошларимиз, депутатларимиз фаоллик кўрсатишлари лозим. Чунки ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсаккина, мақсадга эриша оламиз.

 

Исроилжон   ЖЎРАЕВ,

Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.