27 ИЮНЬ - ЖУРНАЛИСТ, ҚАЛАМКАШЛАР БАЙРАМИ

26.06.2020

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни мен учун ҳам қадрли.Бу соҳа вакиллари билан узоқ йиллар ҳаммаслак бўлиб, бу касб нақадар масъулиятли ва машаққатли эканлигини жуда яхши биламан.Мана шу фараҳбахш онларда туманимиз матбуотига таъмал тошини қўйган, Бозорбой Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Ёқубжон Жабборов, Каримжон Охунов,ўзбек ва тожик тилларида бирдай ижод қилиб, халқимиз меҳрини қозонган Пўлатжон Қаҳҳоров, шоир Турсунбой Усмон ов,Иброҳим Усмонов, ғазалнавис шоир-журналист Муҳаммадали Эргашев, жамоатчи мухбир - шоир Юсуфжон Шарипов, устоз-мураббий, бир неча шеърий китоблар муаллифи Ваққосхон Мамадалиев кабиларни соғинч билан ёдга олиб, хотирлаймиз,

Шу билан бирга бугунги кунларда матбуотда фаол қатнашиб, халқимизнинг маънавий-маърифий дунёсини янада оширга муносиб ҳисса қўшиб келаётган туманимизнинг фахри,шоир,Турон академияси фахрий аъзоси Аълохон Бобохонов,фахрий журналистлар Ёқубжон Дадажонов, Муҳиддин Имомадиев, Хамида Эргашева,Баҳодир Абдуллаев, газета жонкуяри сифатида танилган, тиниб-тинчимас, моҳир ва ташаббускор, туманимизнинг кўплаб ижодкорлари китобларига муҳаррирлик қилиб,ҳақиқий устозига айланган, ҳозирда туманимизнинг кўҳна тарихини ёритиш ва тарғиб қилишга бош-қош бўлаётган Муҳаммадхон Акрамов,серқирра ижодкор, тарихчи -журналист олим Абдулвоҳидхон Нуриддинов,журналист блогер сифатида анча танилиб қолган Ҳабибулло Қараев, устоз-журналист Анорбой Олимов ва унинг ижодий жамоасини, Заковат бирлашган таҳририяти жамоаси, унинг раҳбари Аҳадхон Абдуҳомидов сингари ижодкорларни касб байрамлари билан қизғин қутлайман.

Уларга умрбоқийлик, ижодий баркамоллик, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитишдек шарафли ишларида омад тилайман.

Омон бўлинг, азизлар!

 

Ҳамидулла АБДУЛЛАЕВ,

сиёсатшунос, меҳнат фахрийси

 

КОСОНСОЙ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

24.06.2020

Шу йил 23 июнь куни халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг навбатдаги олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Уни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Баҳодир Юсупов очди ва бошқариб борди.

Сессия котиби, кун тартиби ва иш регламенти тасдиқланди.

Дастлаб, сессияда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Қаюмовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган Фармон, қарор ва фармойишлар ижросини таъминлаш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар хақида ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг “Туманда иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” сектор раҳбарлари ахборот бердилар.

Ҳудудга коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш борасида кўрилаётган чоралар натижадорлиги бўйича туман Давлат санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Б.Раҳимбоев ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Қосимовлар ҳисобот бердилар.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2-сентябрдаги “Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сонли Қонунини Косонсой туманида ижросини таъминлаш тўғрисида Косонсой тумани маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари В. Тожибоева маъруза қилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

КОСОНСОЙЛИК ФИДОИЙ ИНСОН: ШАРИФХОН АҲМЕДОВ

17.06.2020

Шарифхон Аҳмедов 1905 йилда Косонсойда туғилган. Ёшлик йиллари Октябр инқилоби, фуқаролар урушлари йилларига тўғри келган.
1930-1940 йилларда Қорасув, Испарон, Байналминал, Чиндовул, Куйбишев жамоа хўжаликлари раиси бўлиб ишлаган.
1950-1970 йилларда Наманган вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Шарифхон Аҳмедов юксак фазилатли, тадбиркор раҳбар бўлиш билан бирга турмуш уртоғи Маҳфират ая Пўлатова билан 11 фарзандни тарбиялаб, уларнинг барчасини эл-юрт хизмати учун фидокор инсонлар қилиб ўстирдилар. Уларнинг фарзандлари Саримсоқ, Садриддин, Муҳаммад, Алихон, Турсунхон, Тоҳирхон туманимизнинг бугуни ва келажаги учун фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

ҲАР БИР МАҲАЛЛА ОБОД ҚИЛИНМОҚДА

15.06.2020

Бугун Косонсой тумани, Чўнгбош МФЙда  "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" - шиори остида "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" тамойили асосида, қуйидаги ишлар амалга оширилди.

 

▪️ Маҳалланинг ўсмир қизларига  хонадонларни, ошхона, хожатхона, тандирхона, кўча бўйларини озода сақлаш, азалий урф-одат, ўлмас қадрият ва анъаналарга содиқ қолиш, маҳаллани обод махаллага айлантириш тўғрисидатушунчалар берилди.

▪️ Панихон кучасида яшовчи 1956-йилда туғилган 1-гурух ногирони Эгамбердиева Мира опанинг яшаш хонадонига бориб хабар олинди.

▪️ Ширин кўчасида яшовчи 1980-йилда туғилган ижтимоий маънавий кўмакка мухтож оила бекаси Х.Н оиласидан хабар олинди, бу оила эр-хотин келишмовчилиги сабабли назоратга олинган, хозирда тинч-тотув яшаётганлиги аниқланди.

▪️ Мўйи муборак кўчаси 18-уйда яшовчи Эсанов Икромжон хонадони кўча деворида таъмирлаш ишлари бошланди.

КОСОНСОЙДА ТЕХНИКУМ ОЧИЛДИ

10.06.2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812 Фармонига мувофиқ, Косонсой саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи Наманган Давлат университети қошидаги Косонсой муҳандислик ва технологиялар техникумига айлантирилди. Ушбу техникум олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим тизими бўлиб, таълимнинг халқаро стандарт таснифининг 4-даражаси бўйича ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлайди.

Бугун Косонсой муҳандислик ва технологиялар техникумига Наманган Давлат университетининг иқтисод бўйича проректори Нозимжон Нарзуллаев ташриф буюриб, техникум базаси ва ўқувчилар турар жойлари билан яқиндан танишиб чиқди. Техникум раҳбарларига янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ободонлаштириш ишларига эътибор бериш тўғрисида кўрсатмалар берди. Бу ерда бўлиб ўтган таҳлилий йиғилишдан сўнг Косонсой туман ҳокимининг ўринбосари Муҳибилло Исомиддинов, техникум директори Исломжон Мўминов билан мулоқотда техникумда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, турар жойларнинг ичимлик сув, иссиқлик, канализация тизимларини яхшилаш каби масалаларда фикрлар алмашишди.

 

Ҳабибулло Қараев,

Косонсой тарих музейи

КОСОНСОЙДА ҒАЛЛА ЎРИМ-ЙИҒИМ МАВСУМИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

08.06.2020

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ғалла ўрим-йиғими қизғин тарзда давом этмоқда. Бугун Косонсой туманидаги “Азим Музаффар осмон” ҳамда “Шодиёна диёра ҳосили” фермер хўжаликлари деҳқонлари ғалла майдонларида ўрим-йиғим ишларини бошлаб юборишди.

Туманимизда 8170 гектар майдондан 24396 тонна сара дон олиш учун 22та отряд шакллантирилиб, 22 та ўрим комбайнлари соз ҳолатга келтирилди.

Туманнинг бошқа фермер хўжаликлари далаларида ҳам ўрим-йиғим бошланиш арафасида.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

КАРИМОВА РАЙҲОНА ТУМАН МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ БЎЛИМИ МУДИРИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ

08.06.2020

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг буйруғига асосан Каримова Райҳона Самарахоновна Косонсой туман мактабгача таълим бўлими мудири этиб тайинланди.

Каримова Райҳона 1975 йилда туғилган. 1997 йилдан бери туман халқ таълими ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб борган. 2019 йилдан ҳозиргача Косонсой туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

НАМАНГАНДА ТАШКИЛ ЭТИЛАЁТГАН 20 ТА ЯНГИ КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА 229 ТА ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

08.06.2020

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятдаги фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш объектлари ҳамда бўш ер участкаларида ташкил этилаётган 20 та янги кичик саноат зонасида ўз инвестицион лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётган тадбиркорлар билан учрашди. Наманган шаҳри ва туманларда ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида ўз ишлаб чиқариш корхонасини барпо этишни режалаштираётган 229 та тадбиркор, бирма бир вилоят ҳокимига ўз лойиҳаларини тақдим этдилар.

 

Умумий қиймати 782 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида вилоятда 7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

 

Янги кичик саноат зоналари Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг 2020 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Кичик саноат зоналари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 134-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2020 йил 19 майдаги Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 24-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ Наманган вилоятида 20 та кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилмоқда.

 

Ҳудудлар кесимида олиб қараганда, 20 та янги саноат зонаси Наманган шаҳрида 4 та  (“Машад”, “Юксалиш”, “Ёшлик” МФЙ ҳамда “Узэлектротерм” АЖ ҳудудида), Косонсой туманида 3 та (“Гурмирон” МФЙ ва “Тергачи”, “Намуна” массивлари ҳудудида), Чуст туманида 3 та (“Шўркент”, “Сабзавор” ва “Олмос” массивлари ҳудудида), Поп туманида 2 та (“Миришкор” ва “Исковут” МФЙ ҳудудида), Тўрақўрғон туманида 2 та (Собиқ аэродром ва “Шоҳидон нурли массив” МФЙ ҳудудида), Уйчи туманида 2 та (“Юксалиш” МФЙ 17- ва 27-контурларида), шунингдек Норин туманининг “Оқ олтин” массиви, Учқўрғон туманининг “Ёғду” МФЙ, Чортоқ туманининг “Ойқирон” МФЙ, Янгиқўрғон туманининг “Қораполвон” МФЙ ҳудудларида жами 182,1 гектар майдонда ўрин олади.

НАМАНГАН ВИЛОЯТ СЭОМ: СЎНГГИ ҲАФТА ДАВОМИДА ВИЛОЯТНИНГ АЙРИМ ТУМАНЛАРИДА КОРОНАВИРУСГА ЧАЛИНИШ ҲОЛАТИ ҚАЙД ЭТИЛГАНЛИГИ БИЛАН БОҒЛИҚ РАСМИЙ БАЁНОТ

08.06.2020

Наманган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вилоятнинг Тўрақўрғон, Поп, Косонсой, Уйчи туманларида коронавирусга чалиниш ҳолати янгидан қайд этилганлиги билан боғлиқ ҳолат юзасидан қуйидагиларни расман маълум қилади:

Вилоятимиз ҳудудида жойлашган “Наманган халқаро аэропорти”, Поп туманидаги “Поп-Ашт” ҳамда Косонсой туманидаги “Косонсой-Олабуқа” чегара постларида фаолият юритаётган санитария-карантин пунктларида Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (СЭОМ), ИИБ ҳамда тиббиёт бирлашмалари мутахассислари билан биргаликда кучайтирилган назорат ишлари олиб бормоқда.

Вилоятимизга кириб келаётган ҳар бир фуқаролар қатъий назоратга олинган. Хусусан: бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ фуқаролар карантин муассасаларда карантин назоратига олинган бўлиб тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинган ҳолда 14 кунлик тиббий кузатувлар олиб борилмоқда.

Республикамиз ҳудудига юк ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларининг четдан кириб келишида касаллик аниқланмаган бўлсада 5-10 кун ўтгандан кейин олинган намуналарда уларниг айримларида касаллик борлиги аниқланяпти. Шунинг учун уларни карантин талабларига мувофиқ карантин зонада ушлаб, тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, ундан кейингина аҳоли орасига, уйига оила аъзолари даврасига қайтишига рухсат бериляпти.

Вилоятимиз ҳудудига четдан келаётган ёки бошқа ҳудудларга бориб келаётган ҳар бир фуқаро йўл-йўлакай касалликка чалинганлар билан рўбарў келган, учрашган бўлиши ёки битта жойда бир муддат бўлган бўлиши мумкин, шу сабабли биз четдан кириб келаётган фуқароларнинг ҳаммасига потенциал коронавирус инфекцияси манбаси сифатида қарашимиз керак бўлади.

Шу ҳафта давомида вилоятнинг Тўрақўрғон, Поп, Чуст туманларида коронавирусга чалиниш ҳолати янгидан қайд этилганлиги сабабли, беморлар билан мулоқотда бўлган, касалликка гумон қилинган, ҳудудларга кириб келган барча фуқаролардан вирусологик текширувлар учун ҳар куни 1500-1800 тадан намуналар олинмоқда

2020 йил 8 июн кунига кадар вилоят буйича 81375 та коронавирусни аниқлаш буйича таҳлиллар ўтказилган.

Ҳозирда касаллик кайд этилган юқоридаги туманларга четдан кириб келаётган ҳар бир фуқаро лаборатория текширувидан утказилмокда.

Хусусан, 2020 йил 7 июнь куни вилоят ЮКШда коронавирус инфекцияси билан даволанаётган фукаро Т.С билан бевосита алоқада булган К.И. ва К.А., шунингдек Тошкент шаҳридан сабабсиз Поп туманига ташриф буюрган У.Е. ва А.С. исмли 2 нафар фуқаролардан ҳам коронавирус инфекциясига текшириш учун намуналар олинди. Ҳозирда карантин коидалари тўғрисида ҳар куни тушунтиришлар олиб борилишига карамай ушбу фуқаролар коронавирус инфекциясига текширилишдан бош тортиб тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатишган. Ушбу фуқароларга коронавирус инфекцияси ва пандемия даврида белгиланган тартиб-қоидалар тўғрисида қайта тушунтириш ўтказилди ва Тошкентдаги ўзларининг яшаш манзилларига махсус автотранспорт ёрдамида 14 кунлик карантинга олиш учун юборилди ва ҳозирда лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.

 

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА МУҚАДДАС - САМАРАХОН КАРИМОВ!

06.06.2020

Шароф Рашидовнинг ишонган шогирди

 

Косонсойда туғилиб ўсган, ўзининг кўп йиллик ҳалол меҳнати туфайли оддий ўқитувчилиқдан Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раисининг ўринбосари, Чуст ва Косонсой туманларида юқори раҳбарлик лавозимларида ишлаган Самарахон Каримов юрт равнақига улкан ҳисса қўшган давлат арбоби! 

Самарахон Каримовнинг иш фаолияти Иккинчи жаҳон урушидан кейинги суронли йилларга тўғри келди. Жўшқин меҳнат  фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Самарахон Каримов педагогика институтини муваффақиятли тамомлагач, мактаб директори лавозимига тайинланди. Кейинчалик у туман ёшлар ташкилоти раҳбари бўлиб ишлаган кезларида фаол  ташкилотчилигини намойиш қила олди.

Косонсой тумани ёшлари орасида жисмоний тарбия ва спорт майдончаларида мусобақа ва байрамларни мунтазам ўтказиб бориш одат тусига айланди. Бир неча йиллар давомида Абдулҳакимхон Муродов, Бахриддинхон Маҳмудов қишлоқ волейболчиларининг Бутуниттифоқ мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муваффақиятли қатнашишди. 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган VI Жаҳон демократик ёшлари фестивалида уч нафар косонсойлик ёшлар иштирок этди.

Меҳнат ва қийинчиликлар жараёнида чиниққан кишилар ҳар қандай ишни бажаришга ҳозиру нозир бўлар экан. Самарахон ака 1959 йилда Косонсой район партия комитетининг тарғибот ва ташвиқот бўлимига мудир бўлиб тасдиқланди. Сўнгра Косонсой билан бирлашиб, катта туманга айланган Чуст туман ижроқўми раисининг ўринбосари, туман партия комитетининг иккинчи котиби вазифаларида фидойилик кўрсатиб хизмат қилди. Ана шу йилларда у Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушди. Шароф Рашидов то умрининг охирига шогирдини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Бунинг натижасида Наманганда йирик объектлар унинг раҳбарлигида барпо этилди.

Самарахон Каримов барча топшириқ ва вазифаларга катта масъулият билан қараб келган. Буни бошқалардан худди шундай талаб қилиб ишлаган. Сўз билан иш - амал бирга юрса, қарор ва йўл-йўриқлар, берилган ваъдалар амалда тасдиғини топса, раҳбар эл билан яшаб, у билан ҳамдард бўлса, иш бароридан келиб, баракали, натижалари салмоқли, кўзга кўринарли бўлади. Ўз даврида Самарахон ака бу омил, тамойилдан яхши фойдаланиб, иш юритиб келган, халқ ишончи ва ҳурматига эришган.

У киши янгиликлар билан яшаган, янгилик ахтарган, топган, уни амалга татбиқ этган. Берган ваъдасини, у кишидан сўралган илтимосни вақтида бажариш иш услуби занжирида олтин халқа бўлиб турган. Шундан бўлса керак, бу одам қатнашган мажлислар гавжум, мароқли ва натижали ўтган. Ўзи яхшигина нотиқ, сўзлари аниқ, равон, ишонтирувчи, илҳомлантирувчи кучга эга эди.

Самарахон Каримов Чуст ва Косонсой районларига бошчилик қилган йиллари бутун куч-ғайратини, тўплаган бой тажрибаларини шу туманлар ривожи ва равнақига сарфлади. Район, қишлоқларда ихтисослашган хўжаликлар барпо этилди, кўп маданий, маиший тармоқлар ишга туширилди. Бош маҳсулот - пахта етиштиришни кўпайтириш учун катта имкониятлар вужудга келтирилди. Буни Косонсой мисолида кўриш мумкин.

1978 йилдан бошлаб шойи-газлама, пойабзал фабрикалари, пахта тозалаш заводи, йирик автобаза, қурилиш материаллари - асфальт, бетон, ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар қурилиб, маҳсулот бера бошлади.

Раҳбарнинг ишда, айниқса, бирон бир ютуққа эришишида шахсан иштироки, масъул ва сабабчи эканлигига оид бир неча мисоллар келтирамиз. Туман марказида 1930 йилларда қурилган, 100 кишини аранг сиғдирадиган клуб бор эди. Унда куз ва қишда кинофильмлар намойиш этилар, конференция, йиғилишлар ўтказилиб туриларди. Мабодо туманга театр ёки концерт қўйишга санъаткорлар келиб қолса, клубнинг цемент қопланган полига яқин чойхоналардан шолчалар келтирилиб, одамлар шу шолчада ўтириб, томоша кўрар эдилар. Бу аҳвол ўтган асрнинг саксонинчи йилларигача 500 нафар томошабин сиғадиган Садриддин Айний  номли тўқимачилар маданият саройи қурилиб, ишга тушгунича давом этди.

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.