Ноқонуний қурилишлар олди олинмоқда

20.04.2021

 

Туманимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 41-сонли қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузуридаги аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссияси жойларда тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, Гурмирон, Олмазор, Бешкетмон, Шайхон, Тагижар, Боғишамол-1, Бомраҳа, Бешкетмон МФЙлар ҳудудида ноқонуний савдо шаҳобчаси қурилиши, Жар МФЙ худудида ер текислаш ҳамда тош шағаллаш ҳолатлари, Соҳибкор, Навбаҳор-2, Баҳористон, А.Жомий, Мажнунтол, Гулистон-2, Учқўрғон МФЙларда 8 та ноқонуний қурилиш ҳамда умумфойдаланишда бўлган кўчани эгаллаб олинганлиги аниқланди.

Туман ишчи гуруҳи билан биргаликда барча ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган фуқаролар мазкур қурилиш ва кўчма қурилмаларни 5 (беш) иш куни мобайнида бартараф этишлари тўғрисида расман огоҳлантирилдилар.

Ушбу аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Косонсой туман қурилиш бўлими

2021 йилда Ўзбекистон аҳолиси 35 миллиондан ошиши мумкин

19.04.2021
Йил бошидан буён доимий аҳоли сони кунига ўртача 1,5 минг кишига кўпаймоқда.
 

2021 йилнинг 1 апрел ҳолатида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 34,7 миллион кишини ташкил этмоқда, деб маълум қилди Давлат статистика қўмитаси.

Доимий аҳоли сони йил бошидан бери 136,7 минг кишига ошган. Бу – Ўзбекистон аҳолиси ҳар ойда ўртача 45,9 минг кишига кўпаяётганини англатади.

2021 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,5 минг кишига ошган.

1 апрел ҳолатига, доимий аҳолининг 17,2 миллион нафари – аёллар, 17,4 миллион нафари – эркаклар.

Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон аҳолиси 653,7 минг кишига кўпайиб, йил сўнгида 34,5 миллион кишини ташкил этганди. Ўтган йили аҳоли сони ҳар ойда ўртача 54,5 минг кишига ошган

Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтди

19.04.2021
 
Республика иқтисодиёти инқирозгача бўлган динамикага қайтишга фаол интилмоқда. Бу ЯИМнинг ўтган йил биринчи чорагига нисбатан 14 фоиз ўсганида ўз ифодасини топди.       

2021 йилнинг биринчи чораги якунида Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.

Қайд этилишича, дастлабки 3 ойда республика ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 3 фоизга ошиб, 128,6 трлн сўмни ташкил этди. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 110,5 трлн сўмга тўғри келган.

Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда мамлакатда инфляция даражаси пасайишда давом этаётгани, нархларнинг кўтарилиши биринчи чоракда 2,5 фоизни, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан эса 2,8 фоизни ташкил этгани келтирилган.

«Бироқ, инфляциянинг асосий омили озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши бўлиб, улар 2020 йил декабрга нисбатан 3,1 фоизга ўсди, шу билан бирга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайиш кузатилди (2020 йилнинг дастлабки 3 ойида 4,3 фоизга).

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши 1,7 фоиз даражасида сақланиб қолди. Аммо хизматлар нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тез суръатларда ўсди. Яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 фоиз, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1,5 фоиз», дейилади маълумотда.

Шунингдек, ўтган 3 ойда саноат маҳсулотлари ҳажми 91,5 трлн сўмни (3,8 фоиз ўсди) ташкил этди. 2020 йилда бу кўрсаткич 82,2 трлн сўм бўлган.

Хизматлар жорий йил илк чорагида 61 трлн сўм (5,8 фоиз ўсди) бўлди. Ўтган йилги рақамлар 50,4 трлн сўмга тўғри келган.

Чакана савдо товар айланмаси 46,7 трлн сўм (2,8 фоиз ўсди) бўлиб, бир йил олдинги ҳажм 40,1 трлн сўм бўлган.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги биринчи чоракда 29,9 трлн сўмни (3,1 фоиз ўсди) ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 25,2 трлн сўм бўлган.

2021 йил 1-чорагида қурилиш ишлари 19,5 трлн сўмни (0,5 фоиз ўсди) ташкил этди. 2020 йилда эса 15,5 трлн сўмга тўғри келган.

Манба жорий йилнинг 1-чорагида пасайиш кўрсаткичлари экспорт, импорт ва ташқи савдо айланмасида кузатилганини очиқлади. Хусусан, экспорт 2,4 млрд долларни (26,5 фоизга тушди), импорт ҳажми 4,7 млрд долларни (1,3 фоизга тушди), ташқи савдо айланмаси 7,1 млрд долларни (11,6 фоизга пастлади) ташкил этди.  Ўтган йилда экспорт ҳажми 3,4 млрд доллар бўлган бўлса, импорт 4,8 млрд долларни, ташқи савдо айланмаси ҳажми 8,1 млрд долларни ташкил этган.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар жорий йил 1-чорагида 35,6 трлн сўм (3,5 фоизга тушди) бўлди. Ўтган йили эса 33,3 трлн сўмни ташкил этган.

Марказга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига глобал инқироз таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ўсиш суръатлари ва ташқи савдонинг пасайишида (асосан олтин экспортининг тўхташи билан боғлиқ) ўз аксини топяпти. 

Бундан буён қоидабузарларга қатъий чоралар кўрилади – ИИВ карантин қоидаларига риоя қилмаслик оқибатларидан огоҳлантирди

18.04.2021

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сонининг ошаётгани натижасида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилиши ва қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантириш билан чиқди.

 

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов карантин қоидаларига беписандлик кучайгани, натижада касалликка чалинаётганлар сони кундан кунга кўпайиши давом этаётганини қайд этган.

«Касалланиш ҳолатларининг ошиши, биринчи навбатда оддий эҳтиёт чораларига риоя этмаслик, яъни тиббий ниқобдан фойдаланмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик оқибатида юз бермоқда. Шу муносабат билан республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Республикамизда жорий йилнинг 18 апрел кунидан бошлаб карантин қоидалари кучайтирилади. Яъни, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларининг назорати кучайтирилади ва қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Жамоат транспортлари 50 фоиз сиғимида йўловчилар ташийди ва ушбу мақсадда транспорт воситалари сони оширилади.

Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик белгиланади. Умумий овқатланиш шохобчаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади.

Ифторлик маросимларини оила аъзолари даврасида ўтказиш тавсия қилинади.

Барча давлат органлари ва ташкилотлар йиғилиш ва мажлислар ўтказишни кескин қисқартиради ҳамда асосий ишга таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб ташкил этиш чораларини кўради.

Анжуманлар ва бошқа тадбирлар имкониятга кўра, асосан онлайн режимда, масофавий тарзда ўтказилади.

Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олиниб, онлайн дарсга ўтилади.

Уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Ҳурматли фуқаролар, шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланаётган эдилар. Бундан буён қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади», – дейилади баёнотда.

Хусусий корхоналар энг кўп бўлган топ-5 ҳудуд номи маълум қилинди

18.04.2021

Хусусий корхоналар энг кўп бўлган топ-5 ҳудуд номи маълум қилинди

2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) 432 458 та бўлиб, шундан хусусий корхоналар сони 90 989 тани (21,0 фоиз) ташкил қилди.

Бу ҳақида Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. 

Фаолият кўрсатаётган хусусий корхоналар сонининг юқори кўрсаткичлари қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

Тошкент шаҳри – 12 886 та
Фарғона вилояти – 11 131 та
Қашқадарё вилояти – 9 509 та
 Наманган вилояти – 7 209 та
Сурхондарё вилояти – 7 188 та

Иқтисодий фаолият турлари бўйича корхоналар қуйидагича тақсимланган:

- савдода – 35 093 та
- саноатда – 16 171 та
- яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда – 7 936 та
- қурилишда – 7 736 та
- қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида – 6 582 та

Косонсой туманида “Темир дафтар”даги эҳтиёжманд оилаларни банд қилиш мақсадида уларга тикув машинаси тарқатилди

17.04.2021

 

Туман ҳокими Б. Юсупов, секторлар раҳбарлари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида муборак Рамазон ойи муносабати билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4та сектор ҳудудидаги “Темир дафтар” рўйхатида турувчи 37та оилаларнинг меҳнатга лаёқатли, тикувчилик билан шуғулланиш истаги бўлган ҳамюртларимизга дастгоҳлар тарқатилди.
Айни кунда 1 нафар фарзанди билан яшаётган “Нурафшон” МФЙ фуқароси С.Ашурова ҳам энди тикув машиналик бўлди. - Нафақа пулига қараб ўтирмасдан, ўзим ишлаб, оиламни тебратсам дегандим. Ҳозир олдимга мақсад қўйдим. Туманимиздаги моно-марказда ўқиб, малакамни оширмоқчиман. Саборанинг давлатимиз томонидан берилаётган эътибордан кўзлари қувонч ёшларига тўлди. - Ушбу ғамхўрликдан бошим осмонга етди. Асосийси, энди мустақил равишда даромад топиш имкониятига эга бўлдим. Бундан жуда ҳам хурсандман.

Наманган шаҳри таркибида яна бир янги туман ташкил этилади

17.04.2021

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини киритган эди.

Ушбу таклиф халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ҳамда Наманган вилояти Кенгашининг қарорлари билан маъқулланган.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Наманган шаҳрида жойлашган 79 та маҳалладан 24 таси, 70 та мактабгача таълим муассасасидан 40 таси, 85 та умумтаълим мактабидан 21 таси, 6 та оилавий поликлиникадан 2 таси ва 52 та касалхонанинг 12 таси Янги Наманган тумани таркибига ўтказилмоқда.

Янги туман ташкил қилиниши билан янги туман ҳудудида 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зонаси барпо этилади.

18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш янада кучайтирилади

17.04.2021
ЖамиятТанлаш
Рўйхатдан ўтинг
10:35 / 17.04.2021

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси кенгайтирилган йиғилиши давом этмоқда.

Унда таъкидландики, 18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш янада кучайтирилади.

Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхташиш ва 2 ҳафтага карантинга олиш белгиланди. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибида фаолият юритади.

Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, жумладан, қўлларни антицептик воситалари билан зарарсизлантириш, одамларнинг тиббий ниқоб тақиши, ижтимоий масофа сақлаши қатъий назорат қилинади.

Айни Рамазон ойида таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

1 майдан бошлаб, концерт томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказмаслик каби қатор чекловлар белгиланди.

Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди

16.04.2021

 

Сессия кун тартибидаги биринчи масала Косонсой тумани ҳокими Б.Юсуповнинг тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича 2021 йил I ярим йилликдаги истиқболли режалар ва устувор вазифаларга бағишланган ҳисоботи тингланди.

Иккинчи масала юзасидан туманда “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар ижроси ҳамда ёшлар дафтарига киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари юзасидан туман ҳокими ўринбосари А.Шералиевнинг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг, туманда 2021 йил учун якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги солиқ суммаларига базавий солиқ ставкаларини белгилаш тўғрисидаги масала юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Шунингдек, Наманган вилояти Халқ таълими бошқармасининг тумандаги

40-сонли умумтаълим мактабида таълим-тарбия жараёнлари ўрганиш натижалари тўғрисида ҳамда Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий суди раисининг 2021 йилнинг

3 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасида олиб борган ишлари тўғрисидаги масалалар депутатлар томонидан муҳокама этилди.

 

Сессия  якунида  Халқ  депутатлари Косонсой туман  Кенгашининг тегишли қарорлари  қабул қилинди

Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак!

16.04.2021

Тасаввур қилинг, хонадонингизда 10 киши яшайди. Демак, бозор-ўчар қилишда улар сонини ҳисобга оласиз. Фалон кило гўшт, фалон литр ёғ, фалон кило ун, қанчадир гуруч ва ҳоказо... Хонадон бекаси ана шу ноз-неъматларни пишириб, дастурхонга тортишда ҳам, табиийки, уйдаги одамлар сонини инобатга олади: 10 косада таом келтиради. Фақат хонадон аъзолари ёши, хоҳиши ва таъбидан келиб чиққан ҳолда овқат кимгадир каттароқ косада, кимгадир кичикроқ идишда, кимгадир ёғсизроқ, кимгадир сергўштроқ қилиб сузилади. Оилангиздагилар учун кийим-кечак харид қилишда ҳам худди шундай йўл тутасиз. Ўғлингиз ё қизингизни бирор тўгаракка бермоқчисиз? Бу ўринда унинг қизиқиши, қобилияти, салоҳияти, имкониятини ҳисобга оласиз!

 Энди савол туғилади: қандай қилиб бу борада тўғри ва оқилона қарор қилишга эришяпсиз? Жавоб аниқ: чунки сизда оила аъзоларингизнинг ҳар бири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар базаси бор! 

Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар зуруратини ана шунга қиёслаш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда хонадонлар иссиқ бўлиши, одамлар қора қозони қишин-ёзин қайнаб туриши учун неча минг тонна кўмир, қанча саксовул, неча минг куб метр газ газ керак? Бухорода-чи? Хоразмда неча киши ишсиз? Сурхондарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Фарғонада нечта оила уй-жойга муҳтож? Самарқандда қанча туғуруқ ёшидаги аёл бор ва мавжуд туғруқхоналардаги ўринлар сони ана шу кўрсаткичга мутаносибми? Сирдарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Сурхондарёда чироқ ўчмаслиги учун бир ойда қанча электр энергияси ишлаб чиқариш зарур? Андижонда нечта оила битта хонадонда истиқомат қилади? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади?...

 Кўряпсизми, аҳолини рўйхатга олиш, яъни биргина шу амалиёт билан қанчадан-қанча саволларга жавоб, қанчадан-қанча муаммоларга ечим топиш мумкин!

Бироқ юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан узоққа бориб бўлмайди. Режа ва дастурларнинг манзиллилиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги бу борадаги маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигига боғлиқ. Шу боис ҳам доноларимиз азалдан етти ўлчаб бир кесмоқни насиҳат қилиб келади.

         Косонсой туман статистика бўлими

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.