ТИЛЛАТОПДИ ТОПИЛМАСИ

23.02.2021

 

1131 йил. Косон (Косонсой) музофотининг Гўрмирон қишлоғида Султон Валий Зарбахш (Имом Косоний) ва Мочин саркардаси Гўрхон аскарлари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб  ўтади. Баъзи манбаларда икки, айримларида тўрт кун жангу-жадал бўлганлиги баён  этилган. Жангда Гўрхон мағлуб бўлади. Унга ёрдамга келган қалмоқлар Гўрхонни қутқариб олиб кетишади.

Султон Вали Зарбахш аскарлари кўп қайғу ва алам ила шу ердаги тепаликка барча шаҳид  бўлган сипоҳийлар ва мирларни мусулмон одати бўйича дафн этадилар. Бу жой ҳозир ҳам  Гўри Мирон, қисқартирилган ҳолда Гўрмирон деб аталади.

Милоддан аввалги I-II асрларга оид муғхоналар-оловга сиғинувчи зардуштийларнинг  қабрлари ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида академик А.Н.Бернштам ва Ю.А.Заднепровский томонидан ўрганилган. Жумладан, Испарон қишлоғига кираверишдаги ялангликда қадимги Косонга бостириб киришга уринган қора хитойлик аскарларнинг қабристони бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида рус олими Ю.А.Заднепровский бошчилигидаги археологлар бу ерларда ҳам қазишма ишлари олиб боришган. Қабрлардаги марҳумларнинг ёнидан чиққан бронза даврига оид турли  тақинчоқлар, сопол идишлар қадимий Косонсой туманининг кўҳна тарихидан ҳикоя  қилади.

 

Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, қатағон йилларида қишлоқ бойларидан бири бор  бисотидаги олтинларни шўро ҳукуматидан яшириб шу ерга яшириб, ўзи бошқа юртга  қочиб кетган экан. Йиллар ўтиб, ортига қайтган бой қайтиб тиллоларини тополмаган  экан. Шу-шу бу жой Тиллатепа деб аталиб келинади.

Тиллатепа қадимий манзилгоҳ эканлиги бугунги кунларда ҳам ўз исботини  топмоқда. Ушбу тумор шаклидаги қайроқтошни тарихчи, Косонсой туман тарихчилар жамияти  раиси Шуҳрат Ҳакимов музейга тақдим этди. Бу тош февраль ойи бошларида Тиллатепага  ўқувчилар томонидан уюштирилган саёҳатда топилган. Тошдаги шаклларга назар  солсангиз арабий ёзувларни илғаш мумкин. Ҳатто юқори қисмида “бисмилло” ёзуви  сақланиб қолган.

Айни пайтда топилма музейшунослар томонидан илмий тадқиқ қилинмоқда.

 

М.Акрамов, Косонсой тарих музейи мудири

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.