ЎЗБЕКИСТОНДА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ СОҲАСИДА МАСЪУЛ БЎЛГАН ЯГОНА ОРГАН ТУЗИЛАДИ

20.02.2021

 

Президент фармойиши билан 2021–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси тасдиқланди.

 

Концепция, жумладан, қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

 

асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим, парвариш ва бошқа зарур бўлган маҳсулотлар ва хизматлар олишга имконияти бўлмаган болаларга кўмаклашиш;

 

касаллик, ишсизлик, оналик ва ногиронлик каби ҳолатлар туфайли ўзини ўзи таъминлаш масалаларини тўлиқ ҳал қила олмайдиган меҳнатга лаёқатли фуқароларни кафолатланган даромадлар билан таъминлаш;

 

кекса ёшдаги фуқароларни кафолатланган даромад билан таъминлаш;

 

ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш.

 

Шунга кўра, концепция доирасида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

 

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ягона органни белгилаш;

 

олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг ва даволаш тадбирларига хусусий шифохоналар жалб этиш ва уларга субсидия ажратиш;

 

чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз қолган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойларни сотиб олиш тартибини жорий этиш;

 

тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, айниқса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидиялар бериш;

 

болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона миллий тизимини сақлаган ҳолда Болалар Омбудсмани фаолиятини ташкил этиш;

 

имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини жорий қилиш.

 

2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида туман (шаҳар)лар миқёсида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

 

Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоясига харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 2019 йилги 1 фоиздан 2030 йилда 1,5 фоизга етказилади.

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.