КОСОНСОЙДА ИШСИЗ ЁШЛАРГА 20 СОТИХДАН ЕР АЖРАТИБ БЕРИЛДИ

09.02.2021

Ёшлар мамлакат келажагининг пойдевори. Бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалда тадбиқ этилиб, қатор имкониятлар яратилмоқда. Энг асосийси, бугун жойларда уларга эътибор қаратилиб, ғоя ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

 

Косонсой туманидаги  212 мингдан зиёд аҳолининг 39548 нафарини ёшлар ташкил этади. Ўтказилган хатловда улардан 4517 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 

Қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йилда туманда 1203 нафар ишсиз йигит-қизнинг бандлиги таъминланади.

Бугун 1-сектор ҳудудидаги “Худойбердиев” ММТП ҳудудида жойлашган “Хурмазор меваси” фермер хўжалигидаги 17 гектар ер майдонидан Қозоғовул, Янгийўл, Янгишаҳар МФЙларида истиқомат қилувчи 85 нафар ишсиз ёшга энг серунум майдонлардан йигирма сотихдан ер ажратиб берилди ва бу ҳақдаги махсус сертификат топширилди. Улар полиз ва сабзавот экинлари экиб, оилалари даромадига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан тайинланган мутахассис ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳат бериб боради.

Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Юсупов сўзга чиқиб, берилаётган бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, йилига икки мартадан ортиқ ҳосил олишга ҳаракат қилиш ва даромадни кўпайтириш зарурлигини, бунинг учун ҳамма шароитлар яратиб берилишини таъкидладилар. Шунингдек, туман ҳокимининг таклифи билан ёшлар иштирокида “Ёш деҳқонлар кенгаши” ташкил этилди.

Шу куннинг ўзида ажратилган ерлар ўз эгаларига бириктирилди ҳамда зарур агротехник тадбирлар бошланди. Ҳадемай, заминга уруғ қадалади, илк ҳосил бўй кўрсатади. Муҳими, косонсойлик ёшларнинг қўлида бугун муайян ишлари бор. Улар энди мустақил равишда фаолият бошлаб, даромадга эга бўлишади.

 
© 2014-2021, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.