ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВ: ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР ДОИМИЙ ИЗЛАНИШ ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ ТАҚОЗО ЭТМОҚДА

01.08.2020

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Косонсой туманидаги «Оҳангарон бинокори» МЧЖга қарашли фаолияти яқинда йўлга қўйилган корхонада бўлди.

 

«Гўрмирон» МФЙдаги гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг лойиҳа қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 5 млрд. сўми банк кредити ҳисобидан қопланди. Хитойдан ускуналар келтирилиб ўрнатилгач, бу ерда 50 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Иш бошланганига энди 4 ой бўлган мазкур корхонада кунига 3 мингта маҳсулот тайёрланмоқда.   Шу вақт мобайнида 165 минг АҚШ долларлик маҳсулотни қўшни республикалар бозорига чиқаришга ҳам улгурилди.  

 

Тадбиркор Юнусхон Темировнинг билдиришича, ойига 2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилаётган мазкур корхона фаолияти янада кенгайтирилиб, қўшимча завод қурилиши билан яна 70 та иш ўрни яратилади.  

 

Вилоят раҳбари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, «Туятўйди» саноат зонасидан 1,5 гектар ер майдони ва 550 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредитини кечиктирмай ажратилиши масаласида мутасаддиларга топшириқ ва тегишли кўрсатма берди.

 

— Изчил ислоҳотлар доимий изланиш, янгилик яратишни тақозо этмоқда.  Фақат ана шундай талаблар асосида иш юритиб, халқимизнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш мумкин. Янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишни рағбатлантириш, эркин иқтисодий зона ва илғор ривожланиш ҳудудларини яратиш, корхоналар ўртасида кооперацияни чуқурлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларга экспортини кўпайтириш устувор масалалардир, — деди Хайрулло Бозоров.

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.