КОСОНСОЙДА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

01.08.2020

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Косонсой тумани, «Гўрмирон» МФЙдаги қарийб 3 гектар майдонда қад ростлаган 2 та кўп қаватли, 40 та хонадонли турар жой биноси, буюм, деҳқон ва ҳайвон бозорлари ҳамда автотураргоҳлар қурилиши жараёни билан танишди.

 

Умумий қиймати 16 млрд. сўмлик лойиҳанинг 3 млрд. сўми банк кредити ҳисобланади. «Осмон сайёраси» МЧЖ буюртмаси асосида қурилишга ихтисослашган «Ҳасанобод» МЧЖ томонидан ҳозиргача 10 млрд.  сўмлик ишлар уддаланиб, бунёдкорлик давом эттирилмоқда. 

 

Вилоят раҳбари бугунги мураккаб пандемия шароитида  бозорларда ижтимоий масофани қатъий сақлаш бўйича зарур чоралар кўриш, савдо-сотиқ қоидаларига тўла риоя қилиш, сотувчи ва харидорларга муносиб шарт-шароитларни яратиш, санитария-эпидемиология меъёр ва талабларига мувофиқ иш ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

 

Шунингдек, вилоят раҳбари шу ернинг ўзида «Намуна», «Тергачи», «Гўрмирон» кичик саноат зоналарида барпо этилиши кутилаётган лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Умумий қиймати 417 млрд. сўм бўлган 50 га яқин лойиҳа тўлиқ ишга тушиши ва бунинг натижасида 1300 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда. 

 

— Аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодий ислоҳот ва ижтимоий ўзгаришларнинг самарасига хизмат қилувчи бундай лойиҳаларнинг ҳар бирини ўз вақтида, изчил амалга ошириш, уларнинг сони ва сифатини пухта кўриб чиқиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, дастурга киритилган чора-тадбирларнинг ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, тасдиқланган лойиҳаларни бажаришнинг самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, — деди Хайрулло Бозоров.

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.