ЎЗ ТИЛИМИЗГА БЕФАРҚ БЎЛМАЙЛИК

29.07.2020

Инсоннинг ўзлиги, ўзининг ким эканлиги аввало унинг ўз тилига муносабатида кўринади. Алломаларимиз айтганидек, одам ўз тилини ҳурмат қилсагина, ҳимоя қилсагина ҳақиқий одам ҳисобланади.

Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган “Ўзбекистон РеспубликасинингМаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам ниҳоятда қизғин давом этди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси “давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” тўғрисида бўлиб, унга кўра, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Биз тил ҳақидаги янги қонун талабларига амал қиляпмизми? Кўча-кўйда юрганимизда, бирор иншоотга қадам босаётганимизда унинг тепасида ёзувларнинг тилига эътибор берамизми? Афсуски, туманимиз бўйлаб, савдо объектларига, маиший хизмат биноларига бориб қолсангиз, турли ажнабий, тушунарсиз, миллийлигимизга хос бўлмаган тил ибораларига кўзимиз тушади. «Мини маркет»нинг ўрнига «Кичик дўкон», «Ремонт сотовых»нинг ўрнига «Уяли телефон устахонаси» деб ёзсак, дўконимизга ҳеч ким кирмай қўядими, ё даромадимиз камаядими? Ахир, биз Ўзбекистон деган давлатда, киндик қонимиз томган тупроқда яшаяпмиз-ку. Барчамиз қадимдан давом этиб келаётган миллий қадриятларимиз руҳида ҳаёт кечиряпмиз-ку.

Шуни унутмангки, ҳар бир халқ азиз ва муқаддас бўлган ўз тилини асраш, ривожлантириш, жозибасини тўла намоён этиш учун ҳаракат қилади, чунки унда халқ тарихи, миллий қадриятлари, маданияти ифодаланади.

 

Замира НИШОНОВА,

Туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.