АЁЛГА, ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР МИЛЛАТ ТАҚДИРИГА ЭЪТИБОРДИР

23.07.2020

Биз ўзбек аёллари дунёдаги энг бахтли аёллар сарасига кирамиз. Чунки азалдан юртимизда аёллар эзозда. Айниқса, кейинги беш йилликда аёлларга берилаётган эътибор тахсинга лойиқ. Зеро нафақат оила, балки жамият ривожини аёлларсиз, уларнинг фидойилиги, ташаббускорлиги, заҳматли меҳнатларисиз тасаввур этиб бўлмайди хам.

Шу йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалаларига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу жихатларга алохида эътибор қаратилди..

Бугунги кунда оилани даромад билан таъминлаш мухим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, карантин даврида бу масала янада кўпрок эътиборни талаб этмоқда.

Шу сабаб Юртбошимиз йиғилишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда 834 нафар аёлларнинг, 732 нафар ёшларнинг ишсизлиги ва уларнинг яшаш шароитлари ахволи хар биримизни ўйлантиради, албатта. Бу оғриқли масалаларни самарали хал этиш юзасидан Шавкат Мирзиёевнинг саъй -ҳаракатларини барчамиз қўллаб-қувватлаймиз. Давлат раҳбари томонидан алохида эътибор қаратиш лозим бўлган йўналишлар белгилаб берилди. Айниқса, мактаб таълимига қаратилган эътиборни алохида таъкидлаш лозим.У ёшларнинг келажакда ўз ҳаёт йўлларини белгилаб олишларида катта аҳамият касб этади.

Маҳаллаларда жорий йилнинг охирига қадар 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб ҳунарга ўқитиш курсларининг ташкил этилиши, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича берилган топшириқлар давлатимиз раҳбарининг ёшлар келажагига бўлган юксак эътиборининг яна бир кўринишидир.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, бу борада камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларга эътибор қаратилишининг алоҳида таъкидланиши ҳам барчамизни қувонтирди, албатта.

Йиғилишда меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва ёшларимизнинг уларга тайёргарлиги масаласига ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Айни кунда бу масалаларда хам оқсоқли жиҳатлар мавжудлиги кўрсатилди ва тегишли кўрсатмаларнинг берилиши ёшларимиз қалбида  ҳар бир ёш авлоднинг эртанги куни янада порлоқ бўлишига ишонч ҳосил қилди десак адашмаймиз.

Тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт-логистика соҳаларига қаратилган эътибор ва мутасаддиларга берилган топшириқлар ҳам келажакда ёшларимиз бандлиги тўла таъминланишини кафолатлайди дея ишонамиз.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тижорат банклари билан бирга ёшларни агротехнологиялар бўйича ўқитишни ташкил этиш вазифасининг юклатилиши келажакда кўплаб ёшларимиз ўз оиласига тегишли даражада даромад олиб киришига ишонч ҳосил қилади.

Ҳар бир туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари ва олий ўқув юртлари қошида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар бу соҳага қизиқиши бор ёшларнинг келажагини кафолатлайди.

Ўтган олти ойда 270 минг йигит қизнинг иш билан таъминланиши қувонарли, агарда мутасаддилар давлат рахбари томонидан берилаётган кўрсатмаларга янада эътиборли бўлсалар, ёшларимиз ҳаёти янада порлоқ бўлади. Шу сабабли йиғилишда айрим масъулиятсиз раҳбарларнинг огоҳлантирилиши ўринли  бўлди, албатта. Йил охирига қадар 10 мингга яқин иш ўрни яратилиши ҳам қувонарли. Фақатгина бу рақамлар оғизда қолиб кетмай, барчамиз биргаликда ҳаракатланмоғимиз керак. Шундагина Юртбошимиз истаган мақсадлар рўёбга чиқиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятини қуллаб қувватлаш  давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилиши белгиланди. Бу, албатта, ташаббускор, интилувчан ёшларимиз учун катта мадад бўлади.

Стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш ва ёшларга субсидияларнинг берилиши ёшлар учун, шубҳасиз, жуда кўпгина имконият эшикларини очиши табиий, албатта. Президент  ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, банк ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлари ҳаражатлари қопланиши ҳақида алоҳида топшириқларнинг берганликлари ёшларни эртанги кунда тадбиркорлик фаолиятида муаммолар келиб чиқишининг олдини олади.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу биз учун ниҳоятда қувонарли, албатта. Ҳудудларда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаши, шундан кўплари профилактик ҳисобда туришини афсус билан қайд этиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифасини қўйди. Барчамиз буни, албатта қўллаб қувватлаймиз. Чунки оилани бошқаришда ҳар бир аёл қўлида ҳунари бўлиши шарт. Бу оила даромадини кўтаради. Шунингдек, видеоселектор йиғилишида ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича топшириқлар берилди. Олдинлари кредит олиш борасидаги муаммолар кўпгина тадбиркорлик ҳаракатини бошлаган аёлларни безитарди. Бу яратилаётган имкониятлар юзлаб аёлларни ҳаракатга келтириши табиий, албатта.

Айниқса, келгусида микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёллар тадбиркорликка бепул ўқитилиб, йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланиши борасида фикрлар барча ўзбекистонлик аёллар қаторида мени ҳам жуда қувонтирди.

14 июлда имзоланган тадбиркорликни, ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир Президент қарорида, жумладан, ушбу мақсадларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда имтиёзли микроқарз ажратиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Чунки бундай нодавлат ташкилотлар банкларга қараганда кам ресурслар билан ҳам ўқитиб, 2-3 баравар кўп иш ўрни яратаяпти. Кредит қайтими ҳам банкларга қараганда анча юқори. Шу боис нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратиш тизими жорий этилиши белгиланди. Жаҳон банкининг 2 миллион доллар маблағи доирасида 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Бундай берилаётган имтиёз ва имкониятлар минглаб аёлларни рухлантиргани аниқ. Бу келажакда аёллар ҳаётнинг турли жабҳаларида янада фаол бўлади дегани, албатта.

Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсади мужассам.

Мен Ўзбекистон Адолат СДП Косонсой туман кенгаши раиси сифатида юзлаб аёллар билан суҳбатлашган бўлсам, барчасида биргина ширин ташвиш, яъни оиласига қай йўл биландир даромад киритиш ташвиши борлигини гувоҳи бўламан. Бу АЁЛ деб аталмиш хилқат учун оддий азалий ўй, фикр. Юртбошимизнинг бу йиғилишда берган кўрсатмалари ва топшириқлари эса мана шу ўй, фикрларни рўёбга чиқиши учун катта асос, манба ва муҳими МАДАД бўлиши, табиий.

Йиғилишда Президентимиз: «Агар аёлларни сизлаб, уларга ҳурмат кўрсатсак, жамиятдаги жуда кўп иллатлар ўз-ўзидан барҳам топади», деган фикрни айтиб ўтдилар. Қанча ҳаёт ташвишларини ва қувончларини елкасига ортиб олган АЁЛЛАР учун Давлат раҳбарининг бундай илиқ фикрлари ҳам қувонч, ҳам улкан масъулиятдир. Ўз билимига, ўз кучига, ўз иродасига ишонган минглаб АЁЛЛАРИМИЗ сафини бундан кейин янада кўпайиши ва кенгайишига ишонаман. Ҳох аёл, ҳох эркак бўлайлик уйи ва доимий иш ўрнига эга бўлмаган аёлларга кўмак бериш биринчи галдаги вазифамизга айланиши шарт.Оиладаги катта ёки кичик муаммолар замирида моддий жиҳат ётади.Оиладаги моддий етишмовчилик эса жамият учун ҳавф туғдиради. Яна бир томони, ҳаёт ичида қайнаган аёлнинг ҳаётга, инсонларга, муҳими  теварак атрофга муносабати ўзгача бўлади.

Юқорида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш орқали хотин-қизларнинг ҳаётдаги ўрни, юрт тараққиётига қўшадиган ҳиссаси юқори даражага кўтарилади. Энг муҳими АЁЛ тинч, хотиржам яшайди. Аёлнинг оиладаги, жамиятдаги тутган ўрни мустаҳкамланади.Оила тинч, оила мустаҳкам бўлса, албатта, жамиятдаги ҳар қандай иллатлар ўз ўзидан барҳам топаверади.

 

Зоҳида Хайитова

Ўзбекистон Адолат СДП Косонсой туман кенгаши раиси

 

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.