КОСОНСОЙ ТУМАНИ ҲОКИМИ БАҲОДИР ЮСУПОВНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

18.07.2020

▪️ Қадрли косонсойликлар!

Хабарингиз бор, бир неча ойдирки Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида коронавирус пандемиясининг юртимизда тарқалишини олдини олиш, халқимизни асраб-авайлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.

Дастлаб, ушбу тинимсиз сайъ-ҳаракатлар ва барча юртдошларимизнинг белгиланган карантин қоидаларини тўғри тушунган ҳолда, унга қатъий риоя қилиши натижасида бу касалликнинг кенг тарқалишини жиловлашга эришилди.

Шундан сўнг, Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорига кўра ва аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг доимий даромадини ошириш мақсадида карантин қоидалари бироз бўлсада юмшатилди. Бундан ташқари, халқимиз хоҳиш-истагидан келиб чиқиб оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамларнинг ўтказилишига рухсат берилди. Биз ушбу қисқа муддатда туман иқтисодиётини жонлантиришга эришдик, кўплаб иш ўринлари қайта тикланди, минглаб одамларнинг бандлиги таъминланди, тадбиркорлар ўз фаолиятларини тўла йўлга қўйишди.

Лекин, бугунги кунга қадар жаҳоннинг ҳеч бир давлатида ушбу балони даволовчи аниқ бир малҳам ишлаб чиқарилмади. Шу сабабли ҳам, “ушбу касаллик биздан узоқда”, “мен бунга чалинмайман”, деган бефарқ фикрларга бормасдлигимиз зарур.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда мен учун ҳам ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг сиҳат-саломатлиги муҳим. Касалликнинг маҳалламизга, уйимизга, оиламизга кириб келмаслиги учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик. Барчангиздан, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ жорий йилнинг 10 июль кунидан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларига тааллуқли бўлган карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракат қилишингизни сўраб қоламан.

Энг асосийси, шу синовли дамларда ҳар биримиз, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, биз бир куч бўлиб, коронавирус инфекциясини темир интизом, юксак тафаккур, сабр-тоқат билан енгамиз.

Азиз юртдошлар!
Ўзимиз, яқинларимиз, нуроний отахон ва онахонларимиз ҳамда фарзандларимизнинг ҳаётига асло бефарқ бўлмайлик.
Карантин қоидаларига қатъий риоя этсак бугунги мураккаб вазиятдан барчамиз тез кунларда ўтиб оламиз.

 
© 2014-2020, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.