ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА АМАЛ ҚИЛМАСЛИК ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

25.03.2020

Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг ёйилиши оқибатида республикамизда ҳам коронавирус сабабли бир қатор чекловлар ўрнатилиши албатта ушбу офатдан тез кунларда соқит бўлиш учун қаратилганини тўғри қабул қилишимиз даркор.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”-дея номланиб, унга мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидалар бузилганда фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 257-1-моддасига асосан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридаги жаримадан, то  саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо белгиланиши мумкин.

Корхона ва ташкилотларнинг бу борадаги мажбуриятлари 2015 йил 26 августдаги “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига кўра корхона ва ташкилотлар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмалари талабларини бажаришлари белгилаб берилган.

Демак, асосий ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлган вилоят, шаҳар-туман Бош давлат санитария врачларига ушбу синовли кунларда қатъиятли бўлишни сўраб қоламиз.

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 22.03.2020 йил куни бўлиб ўтган мажлисида мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишини олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.2020 йилдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади. Прокуратура органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари туну-кун узлуксиз равишда ишлайдиган “Call centr” марказининг қисқа рақамли “1007” ишонч телефони орқали қабул қилинади.

Фуқароларимиз, корхона раҳбарлари Давлат санитария назоратини амалга оширувчи ваколатли мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмаларига, шифокорлар тавсияларига амал қилишса инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшган бўладилар. Шундагина биз ушбу касалликни енгиб, кўзланган мақсадга эришамиз.

Зеро юртимизда бу борада ҳукуматимиз томонидан кун-у-тун олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилиб, режали чоралар кўриб борилмоқда .

Сардор МАДРАҲИМОВ,

Наманган шаҳар прокуратураси катта терговчиси

Хуршидбек ЗОКИРЖОНОВ,

Косонсой туман прокурорининг ёрдамчиси

 

 
© 2014, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.