НАВРЎЗ ТАРИХИ: НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

21.03.2020

НАВРЎЗ -  Ўн икки мақом. Наврўз (форс. - янги кун) - шамсия (қуёш) йил ҳисобида йилнинг биринчи куни (Календар); Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг қадимий анъанавий байрами. Баҳорги тенг кунликка (21 ёки 22 март), яъни Қуёшнинг Ҳамал буржига киришига тўғри келади. 

Наврўз деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам ҳисобланади.

Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган. Дастлаб, Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган.

Тарихий манбаларга кўра, Наврўзни байрам қилиш ахоманийлар давридан бошланган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Бу ўлкаларга ислом дини киритилганидан кейин Наврўз байрами ман қилинган, аммо халқ ўз севган байрамини нишонлашда давом этган. Ўрта Осиё ва Эрон халқлари араб халифалиги ҳукмронлигидан қутулган давр (9-10-аср.)дан бошлаб, Наврўз байрамини ўтказиш яна расмий тус олган.

Қадимий китоблардаги маълумотларга асосланиб, Абулқосим Фирдавсий ўзининг «Шоҳнома» асарида Наврўз байрамининг пайдо бўлишини афсонавий шоҳ Жамшид номи билан боғлайди.

Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ва бошқа асарларида, Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» асарида учрайди.

Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асарида Наврўзга бағишланған халқ қўшиқлари келтирилган. Ўрта осиёлик тарихчи олим Абу Бакр ал-Наршахий (899- 959) ўзининг «Бухоро тарихи» асарида Наврўз куни Сиёвуш қабри бошида одамлар хўроз сўйишларини ва бунга уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтганини ёзган («Бухоро тарихи», Т., 1966).

Ўрта Осиё ҳудудида Наврўз байрами нишонланганлиги тўғрисида бошқа манбаларда ҳам маълумотлар бор. Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар ҳам бу кунни янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан кутиб олганлар. Бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдойни ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан сумалак тайёрланган, кўкат чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор ҳақида қўшиқлар куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқ айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Болалар егуликларнинг бир қисмини қишлоқдаги бева-бечораларга улашишган. Бу удум ҳозир ҳам Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган.

Наврўз янги йил байрамигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам ҳисобланган.

Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Ўрта Осиёда ҳам Наврўз байрами ислом дини қабул қилинмасдан анча илгари расм бўлган. Лекин, собиқ совет тузуми даврида (20-аср. 80-йилар ўрталаридан) асоссиз равишда Наврўз диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги бошқа мамлакатлар мустақилликка эришгач, бошқа қадриятлар қаторида Наврўз байрами яна тикланди.

Ҳозир Ўзбекистонда ҳам Наврўз умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланади,

 21 март дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, консертлар берилади. Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳаллаларнинг фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари - меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға- саломлар улашади.

 

БАРЧАНГИЗГА НАВРЎЗ АЙЁМИ МУБОРАК БЎЛСИН!

 

Ҳабибулло Қараев,

Косонсой тарих музейи 

 
© 2014, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.