АНВАРХОН ТЕМИРОВ ВАЗИЯТ БИЛАН ТАНИШДИ

20.03.2020

Давлатимиз раҳбари куни кеча маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича Ўзбекистон халқига мурожаат қилди. Шу мурожаатдан келиб чиқиб депутатлар гуруҳи ҳам ишга киришди.

Жумладан, 46-Косонсой сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров раҳбарлигидаги маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Косонсой туманида бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганди.

Ишчи гуруҳ дастлаб тумандаги марказий деҳқон бозорида бўлди. Бу ердаги вазиятни атрофлича ўрганиб, бозор маъмурияти, расталарда савдо қилаётган сотувчи ва харидорлар билан мулоқотда бўлди.

- Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўзгармаганлиги, кескин ошишига йўл қўйилмаслиги учун маҳаллий ҳокимият, прокуратура, давлат солиқ инспекцияси мутасаддилари томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётганига гувоҳи бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров.

- Туманда озиқ-овқат захиралари етарлилиги, ваҳимага ўрин йўқлиги, шу билан бирга коронавирусга қарши курашиш борасида жойларда тушунтириш, тарғибот ишлари ҳам мунтазам олиб борилаётгани қувонарли ҳол.

Бундан ташқари, депутатлар гуруҳи туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда дорихоналарда бўлиб, антисептик воситалар ва тиббий ниқобларнинг етарлилик даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Ўрганишлар жараёнида шифокорлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари билан бугунги кундаги долзарб вазифаларни биргаликда амалга ошириш, мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланди.

 

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 
© 2014, Namangan viloyat Kosonsoy tuman hokimligining rasmiy axborot portali. Sayt materiallaridan foydalanilganda www.kosonsoy.uz manbasi ko'rsatilishi shart.
Sayt Namangan viloyati hokimligining Kompyuterlashtirish markazi tomonidan ishlab chiqilgan.